топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ҳозирги ёшлар

Маънавият


Қари толга суяб


Ирғай асони,


Оқсоқол сўрига аста ёнбошлар.


Хаёлдан ўтказар қари дунёни:


«Эҳ, ҳозирги ёшлар,


Ҳозирги ёшлар!»


 


У  аср тенгдоши.


Бутун умр энди


Кеча кўрган тушдай кўзи олдида,


Йигирма ёшида амирни енгди,


Водийга сув очди ўттиз олтида.


 


Ёшлигини эслар,


Уф тортар секин.


Салгина чимрилар оқ тушган қошлар.


«Биз  ҳам ёш бўлганмиз бир маҳал,


Лекин


Бошқачароқ  чиқди  ҳозирги ёшлар».


У  колхоз  тиклади,                  


Янги юрт қурди.


Босмачига қарши от сурди  ўктам.


 


Жангу  жадалларнинг барини  кўрди.


Кўрди очликни  ҳам,


Юпунликни ҳам.


«Бизга хаёл эди,


Туш эди фақат


Тўкин дастурхону  лаззатли  ошлар.


Бахти боқий бўлсин,


Аммо бу жаннат


Қадрин билармикин ҳозирги  ёшлар!»


 


Кўз олдидан ўтар қирқ биринчи йил,


Масков бўсағаси,


Аччиқ қаҳратон.


Агар қулатмаса дайди  ўқ  сабил,


Берлиндан қайтарди  бўлиб  қаҳрамон.


Эслар, ҳар ён олов,


Ўт ичра дунё.


 


Мажруҳ гавдалару узилган бошлар...


«Юрт тинч бўлсин,


Бир гап бўлса мабодо,


Бардош берармикин


Ҳозирги ёшлар!»


 


Уй-жой қилиб берди-мана, Турғунга,


Турмушга чиқарди Назирасини.


Букун эса ўйлар дорилфунунга


Киролмасдан қолган набирасини.


 


Домласига ўзи борсинми секин


Орденларни тақиб,


Оқилни бошлаб...


«Ким билади дейсиз, бўштоброқмикин,


Эркатойроқмикин ҳозирги ёшлар...»


 


Яна дер:


«Бўш қолсак тунлар бўлиб жам


«Чордарвеш» ўқирдик қуршаб танчани.


Булар танимайди Ҳувайдони ҳам,


Эртаю кеч ўйлар кино, танцани.


Ақли кирармикин буларнинг бир кун,


Ким билади, қачон қуюла бошлар!


Оғир кун кўрмади.


 


Балки шунинг-чун


Енгилроқ ўсдими ҳозирги ёшлар!»


Тоҳирни ҳалитдан тинч қўймас қизлар,


Ярим тунда қайтар уйга ҳамиша,


«Унча бўлмасак ҳам илмда бизлар,


Аммо кучли эди одоб, андиша.


Бировнинг қизига сал қараб қўйсак,


Бизлар аталардик шўху бебошлар.


Баъзи киноларми бузмоқда андак,


Капалак мижозроқ ҳозирги ёшлар...»


 


Тўнғич ўғли у кун қизалоқ кўрган,


Номини Шарлотта қўйибди, ажаб.


Ўртанчаси тоғда юргани юрган,


Баъзан уч ойда бир келмайди йўқлаб.


Наҳот отасидан бўлса азизроқ


Кайсидир тоғдаги қандайдир тошлар...


«Бизнинг борди-келди одатдан йироқ,


Бемеҳрроқ ўсди ҳозирги ёшлар...»


 


«Кийимлар-чи...


Қизиқ буларнинг диди.


Ола-чипор кўйлак...


Нимаси кўркам?


Рост айтсам унчалик ёқмаган эди


Оталарга бизнинг чарм камзул ҳам.


Байналмилал айтиб, байроқ кўтариб


Кўчага чиққанда ўктам сафдошлар,


Кексалар деганди йўлдан қайтариб:


Нега шумлик қилар ҳозирги ёшлар?


 


Энди буларга ҳам ҳар қалай оғир,


Замон шитоби тез, парвози тикка.


Кеча тили чиққан Наргиза ўқир


Биринчи синфда математика.


 


Бизлар ҳафтиякдан бошлаган эдик,


Булар икс билан игрикдан бошлар.


Дуруст, зеҳни ўткир, қадами тетик


Ўзимизга тортди ҳозирги ёшлар.


 


Гинаси ноўрин,


Қарилик қурсин.


Бекор юрмагандир тоғларда Ўктам,


Мана, керак бўлса Рустамни кўрсин,


Боласидан аъло жиян бўлса ҳам.


 


Ўзи қотмагина, ниҳолдай хипча


Нари борса ўттиз, ўттиз бир ёшлар...


Фан доктори бўлди Масковда кеча...


Бало чиқиб қолди ҳозирги ёшлар.


 


Бахти бутун бўлсин,


Толеи бекам.


Шуларнинг борлиги менинг иқболим».


Чол кўз ёшин артар,


Шу пайт менинг ҳам


Келажак йилларга учди хаёлим.


 


Замонлар келадир


Яна ажойиб.


Балки пайдо бўлар сунъий қуёшлар.


У пайтлар, ким билсин,


Қариб-қартайиб,


Мункиллаб қолармиз ҳозирги ёшлар.


 


Шунда келажакнинг боғлари аро


Биз, яъни кексалар суҳбат қурган чоғ


Сўзлармиз:


«Карши деб аталган саҳро


Бизнинг қўлимизда бўлган эди боғ.


 


Эсингдами Газли,


Зилзилалар-чи?


Қайта шаҳар қурган қардош-қурдошлар...


Биз янги эрадан бўлгандик жарчи,


Нима ҳам кўрибди ҳозирги ёшлар!


 


Қара,


Оқ кўйлакка  галстук тақиб,


Агрегат ёнида туришар булар.


Биз ишладик қўлни мойларга тиқиб,


Энди роҳатини кўришар булар.


 


Фанда инқилобни биз қилдик илк бор,


Илк бор парвоз қилган бизнинг йўлдошлар.


Кўкни обод қилдик,


Ерни ҳам гулзор.


Эҳ, ҳозирги ёшлар, ҳозирги ёшлар!»


1973

3 изоҳ

avatar
"ғ" ҳарфи йўқми? "ў" ҳам баъзи жойларда қолиб кетган. Охирги сатрда «ёштар» нотўғри. Ўзи шундоқ ҳам баъзи газеталарда ғиж-ғиж хато. Ҳеч бўлмаса шу сайтда орфографик хато кетмаса яхши бўлар эди. Мабода Эркин Воҳидовнинг кўзи тушиб қолса анча хафа бўлса керак.
avatar
chet tillariga o'tishdan avval o'z tilimizni yoshlar bilgani yaxshi emasmi. ba'zida adabiy tilimiz bo'yicha ham ochiq darslar tashkil qilgan maqul. yoshlar qaysi biri adabiy tildagi so'z-u, qasyi biri shevaga tegishligini bilsin.
avatar
Эътибор учун раҳмат. Хатолар тузатилди.
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.