Журналист кадрлар тайёрлашнинг янги босқичи
O'zbekiston Milliy universiteti
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 24 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борада ғоят муҳим қадам бўлди.

– Бу тарихий қарорни аввало бўлғуси журналистларимиз ва уларга сабоқ бераётган профессор-ўқитувчилар қанчалик катта қизиқиш билан ўрганганлари кўриниб турибди,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Қарорда, оммавий ахборот воситалари соҳаси учун журналист кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор билан ёндашилган. Чунончи, 2018/2019 ўқув йилидан Миллий университетимизда “Журналистика (фаолият турлари бўйича)” таълим йўналиши ва унинг негизидаги магистратура мутахассисликлари, шу жумладан, “Олий журналистика курслари” бўйича қабул тўхтатилса-да ушбу таълим йўналиши ва унинг негизидаги тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича таълим олаётган талабалар ўқишни битиргунларига қадар мазкур олий таълим муассасасида давом эттиришлари белгилаб қўйилган. Хўш, бу борада биз қандай вазифаларни амалга оширишимиз лозим? Биринчи галда, Журналистика факультети профессор-ўқитувчилари ҳам, талабалари ҳам масъулиятни икки баробар кўпроқ ҳис этмоқлари зарур. Айни пайтда 1-курсда ўқиётган талабалар 2-, 3-, 4-курсларда ҳам шу даргоҳимизда таҳсил оладилар. Янги университетга эса 2018/2019 ўқув йилидан қабул бошланишини эътиборга олсак, демак, уларнинг кадрлари тўрт йилдан сўнг чиқа бошлайди. Унгача “бўшлиқ” пайдо бўлишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Демоқчиманки, бугун Журналистика факультетимизда таҳсил олаётган талабаларимиз янада пухтароқ билим олишлари, ижодий маҳорат сирларини мукаммал эгаллашлари, амалиётда ҳар томонлама етук журналист бўлиб етишишлари ва соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшишлари лозим.
ЎзМУ ректори Журналистика факультети профессор-ўқитувчиларининг ўз устиларида янада пухтароқ ишлашлари, талабаларга назарий билим бериш билан бир қаторда амалиётда ҳам намуна кўрсатишлари, маҳорат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштиришлари юзасидан зарур топшириқлар берди.
Давра суҳбатида ўз мулоҳазаларини баён этган Журналистика факультети профессор-ўқитувчиларининг фикрларини ҳам қоғозга тушурдик:
Аҳмаджон Мелибоев, Матбуот назарияси ва амалиёти кафедраси доценти, “Жаҳон” адабиёти журнали бош муҳаррири:
– Сўнгги пайтларда факультетимиздан иқтидорли талабалар сараланиб бораётгани қувончли ҳол. Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда икки нафар талабамизнинг маърузасини, ижодий изланишларини кузатган бош муҳаррирлар ўша ернинг ўзида ишга қабул қилдилар. Биз ҳам уч-тўрт нафар ижодкор талабамизни журналимизга ишга қабул қиляпмиз. Демоқчиманки, янги университет ўз фаолиятини бошлаб, қаддини ростлаб олгунига қадар соҳада кадр тайёрлаш бобида намуна кўрсатишимиз даркор. Бунинг учун факультетда имкониятлар ҳам, салоҳиятимиз ҳам етарлидир.
Қудрат Эрназаров, Жамоатчилик билан алоқалар назарияси ва амалиёти кафедраси профессори, тарих фанлари доктори:
– Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилгани жуда яхши бўлди. Бугун мазкур қарорда белгиланган тегишли вазифаларни сўзсиз амалга оширамиз. Талабаларимизни ҳар томонлама етук журналист кадр қилиб тайёрлашга эришишимиз лозим.
Юсуфжон Ҳамдамов, Рақамли ОАВ кафедраси доценти, филология фанлари номзоди:

Давра суҳбатида мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан ўзаро фикрлашиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари
2 изоҳ