топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Жиззахда баркамол авлод нафаси

O'zbekiston Milliy universiteti
Илм-фан
Жиззахдан ЎзМУ  онлайн жамоаси  хабар қилади.

 “Баркамол авлод – 2017” машъаласи Жиззахга келди
Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган «Физика-Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтининг қуёш ўчоғидан аланга олдирилган “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинларининг машъаласи Жиззах шаҳрига кириб келди.
Жиззах мезбонликка тайёр!
Бу йил “Баркамол авлод-2017” мусобақаларига мезбонлик қилаётган Жиззах шаҳри ўзгача кўриниш касб этган. Шаҳар кўчаларига ўрнатилган баннерлардаги “Баркамол авлод” шиорлари барчанинг кайфиятини кўтармоқда. Республикамизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган спортчиларнинг қувончи чексиз. Сабаби улар учун ажратилган турар жойларда барча шароитлар, wi-fi зоналари, шунингдек, маданий ва маърифий ҳордиқ чиқариш жойлари мухайё этилган.
Айтиш ўринлики, “Баркамол авлод-2017” спорт мусобақаларини муносиб ўтказиш мақсадида Жиззах вилоятида улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Иштирокчиларнинг ҳордиқ чиқаришига мўлжалланган объектлар ва спорт иншоотлари кўркам ҳолга келтирилди. Қуйидаги фотолавҳаларни кўриб бунга ўзингиз амин бўлишингиз мумкин.
 Хуш келибсиз!
Спортчи ва уларнинг мураббийларини Жиззах давлат педагогика институти ректори Абдуғани Холбеков, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов, Тошкент тиббиёт академияси ректори Лазиз Тўйчиев самимий қутлаб, уларга спорт беллашувларида омад ва зафарлар тилади. Спортчилар бугундан бошлаб муросасиз баҳсларга киришишди.
 
Овқатланиш тартиби…
Мусобақа иштирокчиларини овқатланиш тартиби ҳам тиббий-санитарик меъёрлар асосида ташкил этилган. Масалан, Жиззах иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш коллежида 322 нафар спортчи, 62 та мураббий, икки қисмга бўлинган ҳолда, бир суткада тўрт маҳал овқатланиши кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу комплексда санитар гигиеник талабларни назорат қилиш учун  3 нафар масъул ходим ажратилган.
 
Байрам оқшоми
Спортчилар учун мўлжалланган дам олиш масканларида кеча кечқурун маданий ва маърифий байрам тадбирлари юқори савияда ўтказилди. Мазкур байрам оқшомларида спортчилар учун куй-қўшиқлар, эсдалик совғалари тақдим этилди.
 
Сўз спортчиларга:
Наврўзбек Ўринов (мусобақа иштирокчиси):
 
– Мен ёшлигимдан спорт билан жиддий шуғулланиб келаман. Юртимизда бўлиб ўтаётган барча мусобақаларга мунтазам равишда қатнашиб, доимо ғалаба сари интиламан. Ушбу мусобақада мен спортнинг оғир атлетика тури бўйича иштирок этаман ва албатта, ғолибликка эришишга ҳаракат қиламан.
 
            Даврон Жомуродов (мусобақа иштирокчиси):
 
— “Баркамол авлод — 2017” беллашувларининг вилоятимизда бўлиб ўтаётгани қувонарли. Чунки мен нафақат иштирок этаман, балки мезбон сифатида тенгдош дўстларимнинг кўнглини олишга ҳаракат қиламан. Ўйлайманки, ушбу спорт беллашувлари замирида ўзаро тажриба алмашиш, юртимизнинг турли ҳудудларида шаклланган спорт мактабларининг энг яхши анъаналарини ўрганишга кўмак беради. Бу мусобақалар биз каби ёшларни ягона бир мақсад йўлида бирлаштиради.
Эслатиб ўтамиз, мазкур беллашувлар 27 май санасига қадар давом этади. Янгиликларни биз билан бирга кузатиб боринг.
 
ФУТБОЛ…
Ўғил болалар ўртасида футбол беллашувларига ҳам старт берилди. Унда «Баркамол авлод-2017» спорт мусобақаларининг саралаш ўйинларида ғолиб чиққан кучли тўрт жамоа ғолиблик учун кураш олиб боришади. Ярим финалнинг илк ўйинида Фарғона ва Тошкент шаҳри футболчилари баҳсларга киришдилар.
Қизиқарли ва тенг курашлар остида кечган ўйинда фарғоналик футболчилар Тошкент шаҳридан ташриф буюрган тенгқурларини 2-0 ҳисобида мағлуб этиб, финалга йўлланмани қўлга киритишди.
Иккинчи жуфтликда эса Хоразм ва Қашқадарёлик чарм тўп соҳиблари беллашишди. Унда қашқадарёлик футболчилар рақиблари устидан 5-0 ҳисобида зафар қучишди.
Ғолиб бўлган икки жамоа финал баҳсига йўлланмани қўлга киритган бўлса, мағлуб бўлган вилоят вакиллари бронза медаллари учун кураш олиб боради.
 
Баҳром Ҳайдаров (Фарғона жамоасининг мураббийи):
-Ҳаммамиз ғалаба қозонганимиздан жуда ҳам мамнунмиз. Бугун тошкент шаҳри вакиллари билан бўлган ўйинимиз жуда ҳам оғир кечди.  Болаларга раҳмат, катта меҳнат қилишди. Бугунги ғалабамиз тайёргарлик жараёнидаги меҳнатларимиз самараси, деб ўйлайман. Мана шундай спорт мусобақалар кўпроқ ўтказилиб турилса, янгидан янги кучли спортчилар етишиб чиқади. Бугунгига ўхшаган рақобатбардош ўйинларда миллий терма жамоамизга ҳам етук футболчилар тайёрлаб борилади, деб ўйлайман. Ўз олдимизга “Баркамол авлод-2017” спорт ўйинларида ғолиб чиқиш вазифасини қўйганмиз. Болалар билан бу вазифани амалга оширишга ҳаракат қиламиз.
Шу ўринда, мусобақа мезбонларига, ташкилотчиларига юқори савиядаги ташкилотчиликлари учун миннатдорчилик билдириб қоламиз.
 
Волейбол…
 Қизлар ўртасида волейбол баҳслари ҳам ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда. Саралаш ўйинларидан муваффақиятли ўтган тўрт жамоа – Андижон, Хоразм, Наманган ва Фарғона шаҳри волейболчилари ярим финалда ўз омадларини синаб кўришмоқда. Ярим финалнинг илк жуфтлигида Андижон жамоаси хоразмлик тенгдошларини 25-20, 25-17,     25-19 умумий 3-0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, финалга йўлланмани қўлга киритди. Иккинчи ярим финалда Наманган ва Фарғона шаҳри вакиллари баҳс олиб боришди. Мазкур баҳсда наманганлик волейболчи қизлар фарғоналик ҳамкасабалар устидан 25-13, 25-14, 25-19 ҳисобида устун келишди.
Йигитлар ўртасидаги беллашувларда эса Фарғоналик спортчилар Қашқадарёликларга қарши, Андижонликлар эса Навоийлик тенгдошларига қарши майдонга тушадилар.
 
Баҳслар қизғин тус олиб бормоқда…
 Спорт Она ватанга меҳр-муҳаббат, садоқат туйғусини уйғотибгина қолмай, ёшларни кучли, мард ва жасур қилиб камол топтиради. Шу сабабдан ҳам юртимизда спортга, айниқса, болалар ва ўсмирлар спортига эътибор ниҳоятда катта даражада эканлиги ва шунинг натижасидан уч босқичли “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, “Универсиада” сингари спорт мусобақаларининг ўтказилиши сўзимизнинг ёрқин исботидир. Айнан мазкур беллашувларида иштирок этган Ришод Собиров, Руслан Нуруддинов каби спортчиларимизнинг кейинчалик халқаро ареналардаги муваффақиятига илк тамал тошлари ана шу кичик олимпиадаларда бўлган десак, янглишмаган бўламиз.
Жиззах мезбонлиги остида ўтаётган “Баркамол авлод-2017” ўйинлари бугун ўзининг қизғин палласига кириб улгурди. Куч, маҳорат ва истеъдод юзага чиқаётган мазкур беллашувларда бўлажак ёш спортчиларнинг тажрибаси ошиб бормоқда. Ҳозирга қадар ўғил болалар ўртасида футбол беллашувлари, йигитлар-қизлар ўртасида волейбол баҳсларининг илк финалчилари аниқланди.
Баҳслар давом этмоқда. Янгиликларни биз билан кузатиб боринг.
 
Ўзбекистон Миллий университети онлайн жамоаси
хабарлари асосида ЎзМУ Ахборот хизмати

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.