топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўзбек академиги АҚШлик талабаларга сабоқ бермоқда  

O'zbekiston Milliy universiteti
Илм-фан
 

Илгари ўзбек ёшлари хорижда, айниқса, Америка Қўшма Штатларидек улкан давлат олий таълим муассасаларида таҳсил олиб келишларига масрур юрардик. Эндиликда ўша мамлакатларнинг талабалари Ўзбекистонда таҳсил олаётганларидан ҳам ғурурлансак арзийди.

 
– АҚШ олий таълим муассасаларининг дунёдаги ривожланган давлатлар университетлари билан талабалар алмашинувини амалга ошириш марказини ташкил этганмиз,– дейди мазкур марказ раҳбари, Колифорния университети профессори, математика фанлари доктори Зойир Иброҳимов.– Бу йил хорижда математика фани бўйича икки ойлик малака ошириш бўйича 3-курс талабалари ўртасида танлов эълон қилинди. Унда иштирок этишган АҚШнинг турли университетларидан 10 нафар энг иқтидорли талабалар танлаб олинди. Улар математика фанининг ватани ҳисобланган – Ўзбекистонни кўриш орзусида эдилар. Ана шу орзуларига эришган АҚШлик талабалар июнь-июль ойларида Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таҳсил олиши режалаштирилган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Зойир Иброҳимов асли ал-Хоразмий бобомиз табаррук қилган заминда таваллуд топган. 1985-1988 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Математика факультетида, сўнг 1994 йилгача Россиянинг Новосибирский давлат университетида ўқиган. 1995 йилда АҚШнинг Мичиган университети докторантурасида таҳсил олиб, шу даражага эришган. Айни пайтда Колифорния университетида фаолият кўрсатаётган ҳамюртимиз АҚШ ва Ўзбекистон олимлари, зиёлилари ва ёшлари ўртасида илмий-маърифий ҳамкорликларни ривожлантириш йўлида астойдил ҳаракат қилаётгани таҳсинга лойиқдир.
АҚШлик талабалар Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Математика институти ва бошқа таълим муассасаларида режа асосида малака оширмоқда. Навбатдаги машғулотда улар ЎзМУ илмий мактаблари, Сағди Сирожиддинов номли ўқув-музейи билан танишдилар. Таниқли математик олим, академик Шавкат Аюпов инглиз тилида сабоқ берар экан, ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек каби даҳолар ижоди ва илмий мероси ҳақида атрофлича сўз юритди.
Академикнинг дарсида иштирок этишган ЎзМУ магистрлари ва талабалари ҳам АҚШлик тенгдошлари билан ўзаро фикр алмашдилар.
– Ўзбекистон – биз тасаввур этгандан ҳам мўъжизакор мамлакат экан,– дейди АҚШлик талаба Алекс Нолте.– Дунёга машҳур Хива, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига мафтун бўлдик. Бу қадимий ҳамда ҳайратомуз шаҳарлар математика илмининг ҳосиласидир. Демак, шу юртда яшаган алломалар илм-фаннинг қудрати қандай мўъжизалар яратишга қодирлигини намойиш этганини дилдан ҳис этдик.
– Номлари Америкада ҳам эъзозли бўлган ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, ал-Беруний, Абу Али ибн Сино каби алломалар яшаган тарихий шаҳарларни кўздан кечирар эканмиз, уларнинг бой илмий меросини ўрганиш биз учун ҳам шараф эканлигини янада теранроқ англадик,– дейди АҚШлик талаба Савана Ям.– Академик Шавкат Аюповнинг шу мавзудаги маърузаси биз учун катта сабоқ бўлди. Математика фани бешиги бўлган шу юртда камолга етиб, халқаро олимпиадаларда олтин медаллар олаётган ўзбек тенгдошларимизга ҳавас билан қараймиз. Улар билан боғланаётган дўстлик ришталаримиз келгусида илмий ҳамкорликларга уланиб кетишига ишонамиз.
 
Тўлқин Эшбек,
ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.