топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Таржимашунослар анжумани

O'zbekiston Milliy universiteti
Илм-фан
Илмий анжуманлар ёш иқтидор соҳиблари учун ўзига хос тафаккур майдони ҳисобланади.


Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтган “Илмий мунозара: муаммо, ечим ва ютуқ” деб номланган республика илмий-амалий анжумани ҳам ана шундай туфаккур майдонига айланди. 
Анжуманда мамлакатимизнинг қатор олий таълим муассасаларидан атоқли таржимашунос олимлар, ёш тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этдилар. 

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувида илгари сурилган ғоялар, 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган бундай анжуманлар амалда таълим ривожига, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини янада оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. 

– Бугунги глобаллашув даврида айниқса ёшларнинг жаҳон тилларини мукаммал ўрганишлари ғоят муҳим ўрин тутади, бу борада таржимашуносликнинг ўрни беқиёс,– дейди ЎзМУ Хорижий филология факультети Инглиз филологияси кафедраси мудири Жамила Жумабоева.– Анжуманда атоқли олим, филология фанлари доктори, профессор Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг маданиятимиз ва фанимиз тараққиётига қўшган улуши, биринчи навбатда, унинг ўзбек таржимашунослиги мактабини асослаб, бу илм соҳасини ҳам назарий жиҳатдан пухта ишлаб чиққани, ҳам уни таҳсил-таълим жараёнига амалий татбиқ этгани ҳақида мухтасар фикрлар билдирилди. Устознинг таржимашунослик мактабидан сабоқ олаётган талабалар, ёш тадқиқотчилар ҳозирданоқ маънавий оламимизни жаҳон адабиёти дурдоналари билан бойитишаётгани, шу билан бир қаторда ўзбек тилидаги сара асарларни бевосита инглиз, француз, немис, рус ва бошқа тилларга таржима қилишаётгани эътиборга моликдир. 

Айтиш жоизки, адабиёт ихлосмандлари атоқли таржимашунос олимнинг “Мақол, матал ва идиомлар таржимаси”, “Бадиий таржиманинг лексик-фразеологик масалалари”, “Рус тилидан ўзбек тилига мақол-маталлар таржимаси” рисолалари, “Тил ва таржима”, “Таржимон маҳорати”, “Дўстлик кўприклари”(ҳаммуаллифликда), “Бадиий таржима ва адабий таҳрир проблемалари”, “Таржима ташвишлари”, “Адабий анъана ва бадиий таржима проблемалари”, “Таржима назариясига кириш”, “Таржима назарияси асослари” деб номланган монография ва дарсликларини катта қизиқиш билан мутолаа қиладилар. Анжуманда ана шу нодир асарлар ҳақида ҳам мухтасар фикрлар билдирилди. 

Устоз олимнинг қизи Назира ас-Салом отасининг илмий-педагогик фаолияти ҳақида сўз юритар экан, бугун унинг руҳини шод этиб, илмий меросини шу қадар эътибор билан ўрганаётган барча тадқиқотчиларга, ушбу анжуманни ташкил этган ЎзМУ жамоасига самимий миннатдорчилик изҳор этди.
Анжуманга тақдим этилган илмий мақолалар ва маърузалар алоҳида тўплам ҳолида нашр этилди. 
 
Моҳичеҳра Жумаева, 
жамоатчи мухбир

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.