topik, blog, fotoset yoki yo`naltirgich yaratish

Оила бахт-у саодати йўлида  

O'zbekiston Milliy universiteti
Ilm-fan
 

Оила – жамиятнинг муҳим бўғинидир.
Оила – ҳар бир халқ, миллатнинг давомийлигини таъминловчи, миллий қадриятлар булоғи, маънавий, ахлоқий ва жисмоний баркамол авлодни дунёга келтириб, тарбияловчи маскандир. Оилада ёш авлод қалбига ватанга садоқат, ота-онага муҳаббат, яқинларига ўзаро ҳурмат ва меҳр-мурувват туйғулари жо этилади.

 
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги республика “Оила” илмий-амалий маркази билан шу мавзуда давра суҳбати ўтказилди.
– Миллий университетимизда пухта билим эгаллаётган талабаларимиз эртага жамиятда муносиб ўрниларини топишлари зарур,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Ёшларимиз ҳаётдаги ҳар бир масалага илмий ёндашган ҳолда тўғри хулоса чиқаришга ўрганмоқдалар. Оила мустаҳкамлиги – ўғил-қизларимиз онгини турли ёд ғоялардан асрашда ҳам муҳим ўрин тутади. Оила муаммоларини тадқиқ этаётган ёш олимларимиз “Оила” илмий-амалий маркази билан доимий ҳамкорлик қилиши ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Айтиш жоизки, ЎзМУда “Ижтимоий иш” мутахассислигини тамомлаган ёш мутахассислар, яъни, ижтимоий иш соҳаси ходимлари болаларни оиладан асоссиз ажратиш, ижтимоий заиф оилаларга кўмак бериш ва ҳар бир боланинг ҳуқуқи ҳамда уларга нисбатан зўраворлик, камситиш ва бепарволикка қарши ҳимоя чораларини таъминлашга қаратилган билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда. Эртага улар жамиятда оилалар барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун хизмат қиладилар.
Республика “Оила” илмий-амалий маркази директори Дилором Тошмуҳамедова бугунги кунда мамлакатимиздаги барча оилалар муаммолари ўрганилаётгани, хонадонларда ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиш учун имкониятлар яратилаётгани, шу аснода оилаларда соғлом маънавий муҳит вужудга келтирилаётгани ҳақида атрофлича сўз юритди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июнда “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори оилаларга бўлган эътиборнинг ёрқин ифодаси эканини алоҳида таъкидлади.
Давра суҳбати якунида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандумдан кўзланган асосий мақсад – оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оиланинг фарзанд тарбияси борасидаги масъулиятини ошириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлашда оиланинг тутган ўрнини тарғиб қилишдан иборатдир.
 
Моҳичеҳра Жумаева,
ЎзМУ газетаси мухбири

0 izoh

Ro'yhatdan o'tganlar va tasdiqlanganlargina izoh qoldirishlari mumkin.