топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ижтимоий соҳа ходимларини тайёрлаш тизими такомиллашади

O'zbekiston Milliy universiteti
Илм-фан

Бирлашган Миллатлар ташкилоти Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида мамлакатимизда ижтимоий соҳа ходимларини тайёрлаш тизимини кенгайтириш ва янги касбга йўналтириш бўйича янги дастурни амалга оширишга киришилди. Шу муносабат билан ЎзМУда “Ўзбекистонда ижтимоий иш соҳасидаги таълим ва амалиётни мукаммаллаштириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мазкур дастур доирасида Нью-Йорк Колумбия университети, ЮНИСЕФ ва ЎзМУ ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг ижтимоий соҳалари тизими учун янги кадрлар тайёрлаш борасида қатор режалар амалга оширилади.
Тадбирда ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ва бошқалар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўртинчи устувор йўналиши – Ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилгани, бу борада қабул қилинган қонун ва қарорлар ҳамда уларнинг ижроси, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламини алоҳида таъкидладилар.
Айтиш жоизки, мазкур устувор йўналишда аҳолининг бандлиги ва реал даромадларини босқичма-босқич ошириш, аҳолининг реал пул даромадларини ва харид қобилиятини ошириш, кам таъминланган оилаларни ва аҳолининг даромадлари бўйича фарқланиши даражасини янада қисқартириш, бюджет муассасалари ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақаларнинг ҳажмини инфляция суръатларига нисбатан жадал миқдорда босқичма-босқич ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолининг, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув юртлари битирувчиларининг оқилона бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори инфраструктурасининг мутаносиблиги ва ривожланишини таъминлаш, ишсизлик даражасини қисқартириш, меҳнатга қобилиятли аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллигини тўлиқ амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, ишчи кучи сифатини ошириш, ишга жойлаштиришга муҳтож шахсларни касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини кенгайтириш масалалари ўрин олгандир.
Ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимояси ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштиришдек масъулиятли вазифаларни амалга оширишда мазкур соҳаларда фаолият кўрсатишаётган мутахассислар зиммасига улкан масъулият юклайди. Демак, бу борада етук кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш зарур.
Давра суҳбатида ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн, Колумбия университети Ижтимоий иш мактаби профессори Набила Эль-Бассел, мазкур мактаб доценти Луиза Гилберт ва бошқа мутахассисларнинг маърузалари катта қизиқиш билан тингланди.
Давра суҳбати иштирокчилари бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.
 
Улуғбек УСМОНОВ,
ЎзМУ газетаси мухбири

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.