топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Энг иқтидорли ўқувчилар сараланмоқда

O'zbekiston Milliy universiteti
Илм-фан
Бугунги кунда «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!» деган ҳаётий даъват ҳар биримизнинг, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг онги ва қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаган.


Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги (2016 йил 14 декабрь) нутқида таъкидланганидек, “Ёшларимиз ҳақли равишда Ватанимизнинг келажаги учун жавобгарликни зиммасига олишга қодир бўлган, бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал этувчи кучига айланиб бораётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. Бу соҳада олиб бораётган кенг миқёсли ишларимизни, хусусан, таълим-тарбия бўйича қабул қилинган умуммиллий дастурларимизни мантиқий якунига етказишимиз зарур”. Бу борада мамлакатимиз миқёсида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар кўлами жуда кенг. Давлатимиз раҳбарининг “Ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз” деган даъваткорона сўзлари барча таълим муассасалари мутасаддилари, педагог ходимлари зиммасига улкан масъулиятлар юклайди. 

Биринчи галда, ҳар бир ўқувчининг иқтидори, фанларга, касб-ҳунарга бўлган қизиқишларини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Шул боис мамлакатимиз умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим-тарбия олаётган иқтидорли ўғил-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улар келгусида комил инсон, етук мутахассис бўлиб камол топишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Республикаси истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси ҳамкорликда қатор вилоятлар кесимида шу йил апрель-май ойлари давомида математика, физика, биология ва кимё фанларидан университет олимпиадалари ўтказилмоқда. 
Шу йил 8 апрель куни Самарқанд давлат университетида бошланган мазкур олимпиадада Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятлари, 15 апрель куни Қарши давлат университетида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари, 22 апрель куни Қўқон давлат педагогика институтида Наманган, Андижон, Фарғона вилоятлари умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этишиб, энг иқтидорли ўқувчилар сараландилар. 

29 апрель куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида юксак савияда ўтказилган олимпиадада Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этдилар. 
– Шу аснода Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва мамлакатимиз умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик кенг йўлга қўйилади,– дейди ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев.– Университет олимпиадаларида умумтаълим мактабларидан иштирок этган ўқувчилардан ҳудудлар бўйича 1-, 2-, 3-ўринларга сазовор бўлган истеъдодли ўқувчилар ЎзМУ қошидаги Сағди Сирожиддинов номидаги академик лицейга имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинадилар. Шунингдек, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларидан ҳудудлар бўйича 1-, 2-, 3-ўринларга муносиб кўрилганлар Ўзбекистон Республикаси истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси томонидан махсус совғалар билан тақдирланадилар. Мазкур олимпиада ғолиблари ЎзМУ томонидан ташкил этиладиган ёзги мактаб ўқув-семинарларига таклиф этиладилар. 
Университет олимпиадаси 6 май куни Урганч давлат университетида давом эттирилиши режалаштирилган. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этадилар. 
 
Улуғбек Усмонов, 
ЎзМУ газетаси мухбири

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.