топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўзбекистон Халқ шоири Халима Худойбердиева таваллуд топган кун

Nazm

17 май севикли шоираХалима Худойбердиеванинг таваллуд куни (69 ёш)
Ҳалима шоирагина эмас, оташнафас публицист ҳамдир. Айниқса, унинг  «Юрагимнинг оғриқ нуқталари» тўпламига кирган мақолаларида замонамизнинг  долзарб муаммолари ҳақида мушоҳада юритилади. Ҳалима Худойбердиева ўзининг  «Муқаддас аёл» (1990) номли шеърий тўплами учун Ҳамза номидаги Ресггублика  Давлат мукофотига сазовор бўлган. 1992 йилда эса унга «Ўзбекистон халқ шоири»  деган юксак унвон берилган.
 Таржимаи ҳол
Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида, деҳқон оиласида туғилган.
«Отам, — деб эслайди шоира, — адабиётга ихлосманд одам бўлиб, ўртоқлари билан тез-тез йиғилишиб туришарди. Улар чақчақлашиб суҳбат қуриб, китобхонлик қилганларида уйимизда тонготар базм бўларди. Қиблагоҳим отам китоблар қироатини жойига келтириб, ғалати, юракни ларзага келтирувчи бир хониш билан ўқирдилар. Ижодкор бўлиб, озгина нимагадир эришган бўлсам, бунинг учун мен аввало ўз онам Шарофат Хонназар қизи, отам Умматқулбой Худойберди ўғлининг, кейин онаизорим Қаршигул Хонназар қизининг пойига бош қўйиб, кўнглимни изҳор қилмоғим лозим». Ҳалимахон икки ёшида онаси Шарофат опа ҳаётдан кўз юмиб, бўлғуси шоирага холаси Қаршигул Хонназар қизи оналик қилади.
«Эс-эс биламан, — дейди Халимахон, — Қаршигул ая кечалари чироқ ёруғида қарсиллатиб, қилич солиб, пат тўқир, мен у кишининг ёнида ўтириб, басма-бас патнинг турини чалишардим. Пат гиламнинг гулини бирор жойи бузилмай чиқаётганини кўрган онам «ўзимни чевар қизим» деб пешонамдан ўпиб қўяр ва кўнгиллари ийиб кетса, ўзининг қаттиқ бошидан кечган бир-ярим воқеаларни ҳикоя қилиб берардилар. Менинг анчагина асарларим, шулардан «Бир ўрим соч тарихи», «Сайрам бахши айтимлари», «Ҳиндикушдан нола келди» шеърларим, «Илинж» достоним айнан онаизорим таъсирида битилгандир».
Халима Худойбердиева ўрта мактабдан сўнг 1968-1972 йилларда Тошкент Давлат университетида таълим олди. Сўнгра «Саодат» журналида аввал бўлим бошлиғи, муҳаррир ўринбосари ва кейинчалик бош муҳаррир сифатида самарали фаолият кўрсатди.
Бунинг орасида 1975-1977 йилларда Москвада Олий адабиёт курсида таҳсил олди.
1978-1982 йилларда «Ёш гвардия» (ҳозирги «Янги аср авлоди») нашриётида бўлим бошлиғи, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси кенгаши раиси лавозимларида хизмат қилди.
1995-1996 йилларда «Ёзувчи» нашриётида етакчи мутахассис ва «Гулистон» журналида адабиёт бўлимини бошқарди.
                                                                                                       Фаолияти
Ҳалима Худойбердиеванинг ижоди 60-йиллардан бошланган бўлиб, шу кунгача у йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлар, достонлар ва публицистик мақолалар яратди. Хусусан, унинг «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиқ қор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Юрагимнинг оғриқ нуқталари» (1991), «Ҳурлик ўти» (1993), «Бу кунларга етганлар бор» (1994), «Тўмариснинг айтгани» (1996) каби шеърий, насрий мажмуалари кенг китобхон оммасининг маънавий мулкига айланган.
Ҳалима Худойбердиева шеъриятининг мавзу ва маъно кўлами ниҳоятда кенг ва чуқурдир. Унинг шеърларида гўдак, аёл, ота-она, ватан мавзулари устуворлик қилади.
Шоира ижодида унинг сўнгги йилларда яратган икки шеърий тўплами — «Бу кунларга етганлар бор» ва «Тўмариснинг айтгани» алоҳида қимматга эга. Ҳаётдаги ва одамлар руҳиятидаги ўзгаришлар шоира қалбида ҳам буюк бурилиш яратди. Аввалги шукрона шеърлар ўрнини энди исёнкор, истиқлолга даъват этувчи шеърлар эгаллай бошлади. Хаёт ҳақиқатини борича бўямай тасвирлаш бош тамойилга айланди.
Ҳалима шоирагина эмас, оташнафас публицист ҳамдир. Айниқса, унинг «Юрагимнинг оғриқ нуқталари» тўпламига кирган мақолаларида замонамизнинг долзарб муаммолари ҳақида мушоҳада юритилади.
У таржимон сифатида ҳам баракали ижод қилмоқда. Унинг Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсуповдан қилган таржималари эътиборлидир. Ҳалима Худойбердиева ўзининг «Муқаддас аёл» (1990) номли шеърий тўплами учун Ҳамза номидаги Ресггублика Давлат мукофотига сазовор бўлган. 1992 йилда эса унга «Ўзбекистон халқ шоири» деган юксак унвон берилганЙўлдадирман
                                                 Йигирма йил ўтди интизорликда
Андрей Вознесенский
Сиз кутасиз. Менам бораман.
Учиб бородурман худди ўқ.
Фақат… олдин хат юбораман,
Ўша хатни ёзганимча йўқ.
Кўнгилда ичга тўкиб борини,
Бир йил, ўн йил ўтди, бу кўпми?
Айрилиқнинг алафзорини,
Биргалашиб ўрамиз, хўпми?
Йигирма йил, ўттиз йил ўтди,
Кўзингизга малол инмасми?
Ўттиз йиллаб ғовлаган ўтни,
Ўрар чоғи чалғи синмасми?
Қирқ йил ўтди. Мен тез бораман,
Ранжимангиз, гувоҳ еру кўк!
Фақат… олдин хат юбораман,
Хатни… хали ёзолганим йўқ .
Учиб бородурман худди ўқ ,
Бу ҳолатни қандай шарҳлайман.
Борган сари ўрмонзор қуюқ ,
Мен куйиниб чалғи чархлайман.
Сиз кутасиз. Менам бораман..
 ДАЪВАТ
Кундуз юриб ёздим, тун туриб ёздим,
Ёзганда кўксимга тиг уриб ёздим.
Дардларимга сиёҳ кор қилмай қолгач,
Қаламни қонимга ботириб ёздим.
Қон асли ёруглик. Ёруғлан, тиз чўк,
Асл мард Ватанга тиз чўкиб ўтар.
Қанча қонинг бўлса — Ватан учун тўк,
Қанча шонинг бўлса — Ватанни кўтар!
ОЛДИМДАН ОҚҚАН СУВ
Яшамоқ фароғат, яшамоқ азоб,
Бекорга эгилмас Сиздан бошқа кўк,
Кўнгилларни овлаб умрим бўпти соб,
Сизнинг кетишингиз хаёлда ҳам йўқ.
Олдимдан оққан сув, беқадр сувим,
Умрида бир яйраб, ёзилмаганим.
Бор туриши шафқат, бори сир сувим,
То қуриб қолгунча сезилмаганим.
Бошқалар ёнимдан кетмасин дебман,
Вақт топиб уларга борибман тонг-кеч,
Бошқаларга озор етмасин дебман,
Сизга ҳам етишин ўйламабман ҳеч.
Бошқаларга чопдим шаҳар, кентда ман,
Бир қайтариб ё бир кесатмадингиз,
Манам ғаниматман, манам кетаман,
Деб нечун бир бора эслатмадингиз?
Онам, онам-а?!
ДЕМАККИ, СЕН ШОИРСАН
Нафақат…
Ўтсанг ёзиб,
Куз янглиғ сўлиб, озиб,
Бозиллаган чўғ босиб,
Қўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан.
Олтинми
Ё олмосда,
Тиғда юролсанг, рост-да,
Итқитса, оёқ остда,
Тўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан.
Нафақат
Кўтарса халқ,
Кўксингдан итарса халқ,
Пешонанг намакоб, талх,
Шўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан.
Нафақат
Зар, зўрларни,
Узсанг тўсин, тўрларни,
Чайқалтирсанг гўрларни,
Гўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан.
МУҚАДДАС АЁЛ
Ошиқларинг пойингта гул отиб ҳам бўлди,
Хилватларда лабингдан бол тотиб ҳам бўлди,
Ва бу ҳақда кимларгадир сотиб ҳам бўлди,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!
Аввал: «Кел-эй, қучоғимга тўл, балқ», дедилар,
Унамадинг, аёл ўзи терс «халқ», дедилар,
Ичолмагач юз ўгириб, шўр, талх, дедилар,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!
Сен дарёсан, ўпганини қирғоқ яширар,
Жуфтим бўл, — деб чопганини ҳар тоқ яширар,
Жаннатим, — деб қувонмасдан қумлоқ яширар,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!
Асли бу бор эрмакларнинг борар ери Сен,
Росту ёлғон эртакларнинг борар ери Сен,
Асов отдай эркакларнинг борар ери Сен,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!
Чорлашганда сен келсанг, гоҳ бекор келсанг-да,
Маст даврага бир сарин ел, бир тор келсанг-да,
Хор келсанг-да, номардларга гоҳ хор келсанг-да,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!
Қимтинасан, астагина кўтарасан бош,
Минг йилликдир кўзингдаги жавдираган ёш,
Гуноҳкорлар мингу битта Сенга тегар тош,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!
Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор,
Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор,
Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!
ЙЎЛДАДИРМАН
Йигирма йил ўтди интизорликда.
Андрей Вознесенский
Сиз кутасиз. Менам бораман.
Учиб бородурман худди ўқ.
Фақат… олдин хат юбораман,
Ўша хатни ёзганимча йўқ.
Кўнгил ичга тўкиб борини,
Бир йил, ўн йил ўтди, бу кўпми?
Айрилиқнинг алафзорини,
Биргалашиб ўрамиз, хўпми?
Йигирма йил, ўттиз йил ўтди,
Кўзингизга малол инмасми?
Ўттиз йиллаб говлаган ўтни,
Ўрар чоғи чалғи синмасми?!
Қирқ йил ўтди. Мен тез бораман,
Ранжимангиз, гувоҳ еру кўк!
Фақат… олдин хат юбораман,
Хатни… ҳали ёзолганим йўқ.
Учиб бородурман худди ўқ,
Бу ҳолатни қандай шарҳлайман.
Борган сари ўрмонзор қуюқ,
Мен куйиниб чалғи чархлайман.
Сиз кутасиз. Менам бораман.
АЁЛ ЎТИБ БОРАР
Сен сўрама, мен ҳам айтмайин
Курагимнинг синганини қарс.
Шовқин солма, мен уйготмайин,
Юрагимда ётар бир йўлбарс.
Баланд бир ўт ёнган ичимни
Мен совутиб яшашим керак.
Ўз-ўзимга сарфлаб кучимни,
Мен овутиб яшашим керак.
Аёл ўтиб борар… шўх юриб,
Шамолларда соч ёйган аёл.
Ич-ичида йўлбарс ўкириб,
Сиртдан майин жилмайган аёл.
Сен сўрама, мен ҳам айтмайин…
ХАТО КЕТДИМ
Оқлайман деб дунёни кирланиб битдим ўзим.
Абдулла Тўқай
Кулгаи мен эмасман.
Менмас йиғлаган,
Симсим сирқираган сато, кетдим мен.
Мозий қаърларидан инжу йиғмаган,
Бугунга сиғмаган садо, кетдим мен.
Гоҳ тикан кўкларкан гулзорларида,
Кўнглим ерга кирди озорларидан.
Кир-чир қўллар тегиб бозорларида
Оҳори тўқилган мато, кетдим мен.
Пайдо. Шайдо эдим. Нопойт айладилар,
Барги хазонимдан байт айладилар.
Жайрондай жонимни сайд айладилар,
Жоним сайёдларга ато, кетдим мен.
Дунёга нурли йўл солмоқчи эдим,
Банди бўлдим, гарчандки соқчи эдим.
Дунё доғини кетказмоқчи эдим,
Ўзимга доғ тегди. Хато кетдим мен.
Кулган мен эмасман. Менмас йиғлаган…
ДУНЁЛАРГА СИҒМАГАН ҒАВҒО…
Биз кетганда ўзимиз еру,
Кўнгил осмон, кўкка кетгаймиз.
Кекирганнинг ёнига эмас,
Чўғни босиб, чўққа кетгаймиз.
Сотқин, ўзғир ўтмаганида,
Хоин ором кугмаганида,
Номус биздан кетмаганида,
Кўкрак тутиб, ўққа кетгаймиз.
Боғ кўрмадик кирганда боққа,
Доғ қўшилди доғ узра докқа,
Кўнгил лим-лим тўлган.
Тўкмоққа Ёшли қорачуқка кетгаймиз.
Қиш ортидан ўтар кўклам, ёз
Тополмасмиз. Кўнгли мослар оз,
Ўзимиздай ғарибга пешвоз
Биз тушмасмиз чўкка, кетгаймиз.
Умрнинг тонг, шомларида ҳам
Бутлансак деб чекдик озор, ғам.
Боламизнинг томларидан ҳам
Ўтаверар чўкка, кетгаймиз.
Зарб ермиз, зарб тушириб ёвга,
Тирикликнинг ғами ҳам совға,
Дунёларга сиғмаган ғавғо,
Бир кун жим-жим, йўкқа кетгаймиз.

1 изоҳ

avatar
Tabriklayman! Ijodlarini judayam hurmat qilaman, chunki hikmatni sh'erga aylantira olgan shoira opadirlar.
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.