топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Мен диний экстримизм ва терроризмнинг таҳдидини қандай тушунаман ?

номли блог ttymi-man

Сўз боши ўрнида бир асардан ўқиган парчамни мисол қилиб келтирмоқчиман: “ …… эмишки, улкан қояда она бургут аждодларидан қолган ошиёнда осуда ҳаёт кечирар экан. У эркин парвози билан одамларни ҳайратга соларкан. Кўрганлар бургутнинг мағрурлигига ҳавас қилишар экан. Қоянинг остида тубсиз жар бўлиб, тошлар орасида заҳарли илон яшаркан. У одамларнинг бургутга ҳавас қилишаётганларидан алами қўзиб, ҳасади жўшиб уни заҳарлаб ўлдиришни ўйларкан. Кунларнинг бирида бунга жазм этибди. Қояга тирмашибди. Қараса, ин ичида икки дона тухум турганмиш. Уларни ютиб юборибди ва ўрнига ўзини тухумини қолдириб ортига қайтибди. Кунлар ўтиб, она бургут тухумларни очибди. Бироқ ундан лочинлар эмас, илон болалари чиқибди. Улар “она”ларини ўлдирмоқчи бўлиб ҳамла қилишибди. Лочин қаттиқ афсусланиб. “Мен бола туғмабман, заҳарли илон туғибман”,-деб пушаймон бўлибди. Юксакларга кўтарилиб, ўзини тошлар устига ташлабди. Бу ҳикоя менинг ёдимга кимларнингдир ёт ғоясига алданиб, Ватанини, халкини, миллатини, ота-онасини чақишга уринаётган кимсаларни солди. Инсоният ўз тарихи давомида кўп хатоларга, кўп номақбулчиликларга йўл қўйди. Лекин буларнинг ичида энг оғири, энг тубани фарзанд деб аталмиш неъматни ўз яратувчиларига, яниким ота-онасига қарши қўйиш деб биламан. Нафақат ота-она балки бутун бошли халқига, аждодлари хоки ётган заминга хиёнат қилишга ундаш ва буни амлга ошириш менимча гуноҳи азимларнинг буюгидир. Бу каби  ифлос иллатларни ўз ичига олган диний экстремизм деб аталувчи бир оқим бугунги кунда ўз тўлқинлари билан бутун дунёга хавф солиб келмоқда. Диний экстремизм нима? Уни қандай тушунмоқ керак? Нима учун дин деб аталувчи  буюк ва муққаддас туйғулар, тушунчалар шундай қабих йўлларда ишлатилиши ва унинг улуғвор мақсадлари ёвузлик учун хизмат қилиши керак? Ахир ҳар қандай диннинг асосий мақсади эзгулик,  тинчлик ва комилликка етаклайдику. Бу саволларга жавоб афсуски ҳозирда очиқ қолмоқда. Диний экстремизмнинг мақсади аниқ ва равшан. Уни кўриш ва англаш керак ҳолос. Диний экстремизм ўз жирканч юзини дин ниқоби остига яширган ҳолда кимнингдир ғаразли мақсадига эришиши учун ҳизмат қилади. Бунга мисол қилиб кўплаб воқеаларни келтиришимиз мумкун. Диний экстремизм минг афсуски бизнинг ҳам жаннат макон юртимизга ўз панжаларини чўзиб кўрди. Бунга мисол қилиб Мустақилликнинг илк йилларида рўй берган Наманган воқеалари, ундан сўнг Андижон хуружларини мисол қилишимиз мумкун. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз ва далил қилишимиз мумкун. Лекин яратган эгамга минг шукурлар бўлсинки динни ниқоб қилган газандаларни йўли тўсилди. Илдизи қирқилди она юртимиздан. Бунинг учун биз ёшу қари бирничи президентимиз Ислом Каримов ва халқнинг тинчлиги учун ўз жонини аямаган ва фидо қилган мард ўғлонлардан миннатдор бўлишимз керак. Қисқача терроризмга ҳам тўҳталиб ўтсам. Диний экстремизмни ёвузликнинг онаси деб ҳисобласак террор унинг фарзанди бўлади. Бунга мисол қилиб Тошкентда рўй берган февраль воқеалари ва яна бир қанча мудҳиш терактларни эслашни ўзи кифоядир. Минг афсуски хозирга келиб ҳам юқоридаги воқеалардан хулоса чиқармаган юртдошларимиз учраб турибти орамизда. Албатта уларнинг орасида қилмишидан пушаймон бўлиб, хатоларини англаганлари ҳам бор ва афсуски англамаганлари ҳам. Улардан нима учун бу йўлга қадам қўйганлари сўралса етишмовчилик, арзимаган хаётий ташвишларни рўкач қилишади. Тўғри хаёт қийинчилик ва пасту баландларга тўла. Лекин бу Ватанни сотиш керак дегани эмас менинг наздимда. Шуни айтиб ўтиш жоизки, одамлар ҳаётида молиявий муомала, олди-бердилар ҳам муҳим ўрин тутади. Ҳозирги кунда турли келишмовчиликлар урушларнинг, бузғунчиликлар ва жиноятларнинг кўпчилиги асосан иқтисодий қоидаларга амал қилмасликдан келиб чиқади. Халқимиз айтгандек инсон кўзини фақат тупроқ тўлдириши мумкун. Етишмовчиликни рўкач қилиб бу йўлга кирган инсонларга шуни айтардимки, харомдан келгани халолига буюрмайди. Ота-онангизни ва Ўзбек деган номни иснодга қўйманг биродарлар. Яна шуни ёдда тутингки Аллоҳ таоло бизни ақл билан сийлар экан, нима яхшию нима ёмон, нима  тўғрию нима нотўғри, биз бораётган манзил нурафшонми ёки зулматми- уларни бир-биридан фарқлаш ва муносиб ҳаёт йўлини танлашимизни ўзимизга қўйиб берган. Шунинг учун танловда адашмайлик. Диний экстремиз ва терроризм таҳдиди мен учун улкан бўрон. У йўлида учраган нарсани қўпориб кетувчи кучга ўхшайди. Аммо бўрон абадий эмас. Маьлум вақтдан сўнг у тинади. Унинг умри қисқа. Бўрондан сўнг эса албатта қуёш юз кўрсатади ва ўз меҳри билан дунёни илитади. Ҳозирги кунда дунёда бўлаётган ҳатарли сиёсат ва баьзи давлатларнинг ўз манфати йўлида ҳеч нимадан қайтмаслиги, қандай оқибатларга олиб келаётганини Сурия, Ливан, Ироқ каби давлатларда бўлаётган ҳунрезликлар мисолида кўришимиз мумкун. У ерда инсонлар ўлмоқда, гўдаклар ўлмоқда, тириклари эса ота-онасиз етимга айлангани етмаганидек бошпанасиз қолишмоқда ҳатто. Буларнинг ортида динни ниқоб қилиб, террорни қурол қилиб олган жирканч нусхалар ва уларнинг ҳомийлари тургани яққол намоён бўлади. Биз ёшлар ўзлигимизни, ўзбеклигимизн, кимларнинг авлоди эканлигимзни ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур. Зеро тарихини, ўзлигини, мўтабар аждодларни унутган халқнинг келажаги йўқ. Шу ўринда яна айтиб ўтиш даркорки Ислом номини ниқоб қилиб, манфур ишларни амалга ошираётган мутассиб, экстремистик кучлар айрим тенгдош ёшларимизни тузоғига илинтириб, улардан ўзининг нопок мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бундай ғараз ниятлар аввало муққаддас динимизнинг шаънига доғ, охир-оқибатта эса, маънавий-маърифий ҳаётимизга салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан биридир. Бу эса ўз ўрнида динни ниқоб қилган таҳдидларни, диний ақидапарастлик каби иллатларни ижтимоий-маънавий муҳитга, ачинарлиси баьзи ёшларнинг тарбияси ва уларнинг тўлақонли таълим олишига  ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётгани кундек равшан. Ақидапарастликни талқин қилиш — ҳаддан ошиш, иймонни, эътиқодни  нотўғри талқин қилишдир. Биз ёш авлод ушбу хавфлардан огоҳ бўлиб, Мустақил она юртимизни кўз қорачиғидек асрамоғимиз даркор. Зеро юрт тинчлиги  муқаддас неъматдир.  
ТТЙМИ ТТЭ ва ТЛ факултети АБ-206 гуруҳ талабаси
Абдукамалов Элмурод Холмурод ўғли

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.