топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Рейтинг
+72.35
avatar

Бобурий маликалар

Батафсил

Эсан Давлат Бегим

Бобурий маликалар
Илм-фан

ЭШОНДАВЛАТ БЕГИМ – Бобурнинг қизи. Онаси Моҳим бегим. Акалари Ҳумоюн, Борбўл, опаси Меҳржаҳондан кейин туғилган тўртинчи фарзанд (“Ҳ.”6б). Ёшлигида вафот этган. Гулбадан Бегимнинг гувоҳлик беришича, Моҳим Бегимдан туғилган фарзандлардан фақат Ҳумоюн тирик қолган.


Б.Й.

Гулъузор Бегим Бобурий

Бобурий маликалар
Илм-фан

ГУЛЪУЗОР БЕГИМ- Бобурнинг қизи. Онаси Дилдор бегим (“Ҳ.”, 6б). Икки ўғил акалари ва икки қиздан сўнг туғилган кенжа фарзанд. А. Бевериж Гулъизор Бегимни Ёдгор Носир Мирзога турмушга чиққани тшғрисида фикр билдирган. Аммо “Б.” ни кўчирган номаълум хаттот Бобур вафот этганида тирик қолган қизларидан фақат учтасини санаган ва улар орасида Гулъизор Бегим йўқ. 


Б.Й.  

Гулъузор Бегим

Бобурий маликалар
Илм-фан

ГУЛЪУЗОР БЕГИМ – Бобурий малика. Комрон Мирзонинг қизи. Тарихий манбаларда келтирилган маълумотларга кўра, Гулъизор бегим Акбар саройида яшаган ва  аммаси Гулбадан бегим билан бирга ҳаж сафарини адо қилган.


Б.Й.

Бобурнинг хотини

Бобурий маликалар
Илм-фан

ГУЛРУХ БЕГИМ – Бобурнинг хотини. Комрон Мирзо, Аскарий Мирзо, Шоҳрух Мирзо, Султонаҳмад Мирзо ва Гулъузор бегимнинг онаси (“Ҳ.”, 6б). Келиб чиқиши бекчик мўғулларидан бўлган. Бобур учинчи марта Самарқандни эгаллаганида барча ҳарам аҳли қатори бирга бўлган. Бобур вафотидан сўнг сиёсатга аралашади. 1540 й. Деҳлини ташлаб чиққан Ҳумоюн Кобулда Комронни қолдириб ўзи укалари билан бирга Бадахшонга юриш қилмоқчи бўлганида Комрон Мирзо Кобулнинг онасига берилганини даъво қилади (“Ҳ.”, 40). Ҳумоюн эса Кобул холиса қилингани ва бу ҳақда бир неча марта “Воқеанома” да зикр қилинганини эслатиб рози бўлмайди. Оқибатда ака-укалар ўртасида келишмовчилик юз беради. Гулрух Бегим уларни яраштиришга уринмаган. Аммо кўп ўтмай вафот этган. Гулбадан Бегимнинг гувоҳлик беришича, 1545 й. Ҳумоюн Кобулга ҳужум қилганида Комрон Мирзо Боғи Наврўзийдаги онаси қабрини зиёрат қилиб сўнг қочиб кетган.


Б.Й.     

Бобурнинг қизи

Бобурий маликалар
Илм-фан

МЕҲРЖОН БЕГИМ, Меҳрижаҳон Бегим — Бобурнинг қизи. Онаси Моҳим Бегим. Ҳумоюн ва Борбўл Мирзодан кейин Хўстда таваллуд топган. Бобур Меҳржон Бегим ва ундан сўнг туғилган яна икки қизининг ёшлигида вафот этгани ҳақида Ҳиндолнинг Моҳим Бегим тарбиясига топширилиши тўғрисидаги фармоннинг Кобулга жўнатилиши воқеасида баён қилган (“Б.”, 220а). Гулбадан Бегим ҳам Моҳим Бегимдан туғилган фарзандлардан Борбўл Мирзо, Меҳржон Бегим, Эшондавлат Бегим ва Форуқ Мирзонинг ёшлигида вафот этганини зикр қилган (“Ҳ.”, 6б-7а.). Баъзи манбаларда Меҳржон бегимнинг онасининг исми ҳам Меҳр Бегим бўлган деб нотўғри маълумот берилган.  


Б.Й.  

Шаҳзода Хоним

Бобурий маликалар
Илм-фан

ШАҲЗОДА ХОНИМ-Акбарнинг қизи. Малика Ш. Х. ҳижрий 977 (1569/70) йили, шаҳзода Салимдан уч ой кейин туғилган. Онаси сарой канизларидан бири бўлган. “Жаҳонгирнома” да ёзилишича, Акбар чақалоқни онаси Ҳамидабону бегим тарбиясига топширган.  


Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Шакаруннисо

Бобурий маликалар
Илм-фан

ШАКАРУННИСО БЕГИМ-Акбарнинг қизи. Онаси Биби Давлат Шод. Ҳижрий 1001 ( 1593)  йили Акбар қизи Ш. бегимни Мирзо Шоҳруҳга никоҳлаб берган ва куёвини Малва ҳокими этиб тайинлаган. Уларнинг фарзандлари ҳақида маълумот йўқ.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 


 

Ҳирот маликаси

Бобурий маликалар
Илм-фан

ЧЎЛИ БЕГИМ — Ҳирот ҳукмдори Султон Ҳусайн мирзонинг иккинчи хотини. никоҳида бўлган. Ч. Б. битта қиз фарзанд туққан ва унга Султон бегим деб исм қўйишган. Ч. Б. нинг ёлғиз қизи Султон бегим узоқ сарсонликлардан сўнг Кобулга келиб, Бобур саройидан паноҳ топган. Ч. Б. нинг набираси Муҳаммад Султон мирзо Бобур қўшинида хизмат қилган ва “Бобурнома” да Ҳиндистон фатҳидан сўнг Бобур Ч. Б. нинг набирасига  Қаннаужни иноят қилгани таъкидлаб ўтилган. 


Ботир ЙЎЛДОШЕВ   

Ҳошманд Бону

Бобурий маликалар
Илм-фан

ҲОШМАНД БОНУ бобурий малика, Жаҳонгирнинг эвараси. Шаҳзода Хусравнинг ўғли, Жаҳонгир вафотидан сўнг уч ой давомида бобурийлар тахтида ўтирган Довар Бахшнинг қизи. Ҳ. Бону шаҳзода Султон Дониёлнинг ўғли шаҳзода Ҳошангга турмушга узатилган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Оқила келин

Бобурий маликалар
Илм-фан

ҲАМИДАБОНУ БЕГИМ(1527-1604)


Ҳумоюн подшоҳнинг севимли маликаси. Жалолиддин Муҳаммад Акбар подшоҳнинг онаси.  Отаси Мир Бобо Дўст авлиё Жанда Фил Аҳмад авлодидан бўлиб, Эрондан Ҳиндистонга келган ва Ҳиндол Мирзо хизматида бўлган, онасининг исми Моҳ Афрўз бегим. 1541 йили Ҳамидабону бегим Ҳумоюн подшоҳнинг никоҳига ўтади. 1542 йили Умаркотда валиаҳд шаҳзода Акбарни туққан. Ҳумоюннинг Эрон шоҳи Тахмосп билан иттифоқ тузишида муҳим дипломатик ўрин тутган. 1544 йили Сабзавор шаҳрида эканларида иккинчи фарзандини туғади. 1555 йили Ҳумоюн Деҳлига юриш қилганида Кобулда қолган малика Ҳамидабону бегим 1557 йили Акбар подшоҳ саройига келади. Ёш Акбарнинг давлатни бошқаришида энг яқин маслаҳатчисига айланади ва унинг номидан икки йил мамлакатни идора қилади. Акбар подшоҳ ўзи мустақил иш тута бошлагач Ҳамидабону марҳум эри Ҳумоюн подшоҳ мақбараси қурилишига раҳномалик қилади. Қурилиш унинг кундоши Бика бегим маблағи эвазига бунёд этилган. Мақбара Эронлик архитектор Мирак Мирзо Ғиёс томонидан таклиф этилган лойиҳа асосида қурилган. Акбар Гоада ўрнашиб олган португалларга хат ёзиб учта роҳиб чақиртириб уларга алоҳида ибодатхона қурдириб берганида унинг бу ишини қўлламайди. Насроний роҳиблар ортга қайтишларида Ҳамидабону бегим хизматидаги рус оиласини озод килади ва улар билан бирга кетишларига ижозат берган. Набираси шаҳзода Салим (Жахонгир) отасига қарши исён кўтарганида ўғли ва набираси ўртасига тушиб уларни яраштириб қўяди ва улкан империянинг парчаланиб кетиши олдини олади.  Малика Ҳамидабону бегим узок умр кўрган. 1604 йили вафот этади. Маликани Ҳумоюн подшоҳ мақбарасига дафн қилганлар. Тарихий манбаларда Ҳамидабону бегимни Марям макони деб атайдилар.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 


 

Ҳабиба бегим

Бобурий маликалар
Илм-фан

ҲАБИБА БЕГИМ-Бобурнинг набираси. Мирзо Комроннинг қизи. Гулбадан бегимнинг гувоҳлик беришича, Оқ Султонбек исмли амирга турмушга узатилган. Ҳумоюн Эрондан қайтиб келиб, бобурийлар давлатини қайта тиклаш учун киришганида Мирзо Комроннинг муттасил халал беришидан безган Оқ Султонбек хотинини олиб Бакҳарга кетади. Бундан ранжиган Мирзо Комрон фармон жўнатиб, Ҳабиба бегимни эридан ажраттириб олади. Унинг кейинги тақдири маълум эмас.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Фахруннисо

Бобурий маликалар
Илм-фан

 


ФАХРУННИСО – Бобурнинг тўнғич фарзанди. Бобурга оталик бахтини келтирган темурий малика Бобур иккинчи марта Самарқандни эгаллаганида, 1500 йили Мовароуннаҳр пойтахтида дунёга келган. Аммо кўп ўтмай вафот эган. Бобур бу ҳақда шундай ёзган: “Менинг волидам ва кўч ва уруқларим мен Андижондин чиқғандин сўнгра юз ташвишлар ва машаққатлар била Ўратепа келиб эдилар, киши йибориб Самарқандға келтурдик. Ўшул неча кунда Султон Аҳмад мирзонинг қизи Ойиша Султонбегимдинким, аввал менинг аҳди никоҳимға кирган бу эди, бир қиз бўлди. Фахрунисоға мавсум бўлди. Менинг тўнғич фарзандим бу эди, ул тарихта мен ўн тўққиз ёшта эдим. Ўшул бир ой-қирқ кунда Тенгри раҳматиға борди”. 


Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Умма Гулсум бегим

Бобурий маликалар
Илм-фан

УММА ГУЛСУМ БЕГИМ — Бобурий малика. Гулбадан бегимнинг набираси. Акбар замонида, ҳижрий 983 йилнинг ражаб ойида (1575 йил, сентябрь) момоси Гулбадан бегим бошлиқ бобурий маликалар қаторида ҳаж сафарини адо қилиш учун Маккага йўл олган. У. Г. бегим ҳақида тарихий манбаларда маълумотлар жуда кам.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Султон ун Нисо Бегим

Бобурий маликалар
Илм-фан

СУЛТОН УН НИСО БЕГИМ-Бобурнинг чевараси. Жаҳонгирнинг биринчи фарзанди. Онаси бобурийлар даврининг энг йирик амалдорларидан бири рожа Бҳагван Даснинг қизи. Жаҳонгирнинг ўзи ёзишича, С. бегим ҳижрий 994 йили (1585/86) таваллуд топган. Бобурийлар даври муаррихларидан бири Муҳаммад Ҳодий маликанинг исмини Султоннисор деб келтирган. С. бегим Аллоҳобод шаҳрида акаси Хусрав шарафига улкан боғ-мақбара қурдирган. “Подшоҳнома”да берилган маълумотларга кўра ҳижрий 1056 йили шаъбон ойининг 4 куни вафот этган (1646 йил, 14 сентябрь) С.бегим Агра яқинидаги Акбар мақбарасига дафн қилинган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Салима Султон Бегим

Бобурий маликалар
Илм-фан

САЛИМА СУЛТОН БЕГИМ-Акбарнинг иккинчи хотини. “Тузуки Жаҳонгирий”да берилган маълумотларга кўра, С.С.бегимнинг онаси Бобурнинг Гулрух исмли қизи (бошқа тарихий манбаъларда Бобурнинг Гулрух исмли қизи ҳақида маълумот йўқ, Гулранг ва Гулчеҳра исмли қизлари бўлган-Б.Й.) ва отаси Мирзо Нуриддин Муҳаммад Нақшбандий Хожанинг қизи. Ҳумоюн С. С. бегимни Байрамхонга узатишга ваъда қилган. Акбарнинг тахтга ўтиришидан сўнг Байрамхон уни никоҳлаб олган. Байрамхон вафотидан сўнг, ҳижрий 968 (1560/61) йили Акбар ўзи С.С. бегимга уйланган. Ҳаж сафарини адо қилган. “Аъини Акбарий” муаллифи Абул Фазл Алломий С. С. бегимнинг шоирлик қобилиятига эга бўлгани ва “Махфий” тахаллуси билан шеърлар битгани тўғрисида гувоҳлик берган. Жаҳонгир ҳам ўгай онасининг қобилиятини юқори баҳолаб, атиргул сувидан хушбўй атир тайёрлаб унга “атири Жаҳонгирий” деб ном берганини қайд қилиб ўтган. С.С. бегим ҳижрий 1021 йили Зил-Қаъда ойининг 10 куни (11 март, 1612) вафот этган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Сакинабону Бегим

Бобурий маликалар
Илм-фан

САКИНАБОНУ БЕГИМ -Бобурнинг набираси. Ҳумоюннинг қизи. Онаси Моҳи Чучук бегим. Сакинабону бегим ўгай акаси Акбар саройида яшаган. “Айни Акбарий” да берилган маълумотларга кўра Акбар ўзининг хос аъёнларидан бири Шоҳ Ғози Хон Табризийга Сакинабону бегимни никоҳлаб берган. Тарихий манбаларда Сакинабону бегимнинг 1578 йили Муҳаммад Ҳаким мирзога насиҳат қилиш учун Кобулга жўнатилгани ҳақида ҳам маълумотлар учрайди.


 


Ботир ЙЎЛДОШЕВ 

Зани Калон

Бобурий маликалар
Илм-фан

РУҚИЯ СУЛТОН БЕГИМ – Бобурнинг кенжа фарзанди шаҳзода Ҳиндол мирзонинг қизи. Амакиваччаси Акбар подшоҳнинг биринчи хотини бўлгани сабаб уни “Зани Калон” деб аташган. Фарзанд кўрмаган. Акбар набираси Хуррамни (Шоҳ Жаҳон) Руқия бегим тарбиясига топширган. Меҳриннисо бегим (Нур Жаҳон) биринчи эри вафотидан сўнг маълум муддат Руқия бегим хизматида бўлган. “Жаҳонгирнома” да берилган маълумотларга кўра, 1606 йили Кобулда отаси Бобурнинг қабрини зиёрат қилган. Шунингдек Аградаги  Шоҳ Қули Хон Маҳрамнинг вафотидан сўнг унинг Аградаги боғига биронта ҳам ворис йўқлиги учун уни Руқия Султон бегимга топширилган. Узоқ умр кўрган ва ҳижрий 1035 (милодий 1625) йили жумодил аввал ойининг еттинчи куни вафот этган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Равнақ Замони Бегим

Бобурий маликалар
Илм-фан

РАВНАҚ ЗАМОНИ БЕГИМ — Охирги бобурий ҳукмдор Баҳодиршоҳ Сонийнинг қизи. 1858 йили отаси ва бошқа тирик қолган оила аъзолари билан бирга йили Бирмага сургун қилинган Отаси билан бирга 1858 йили Бирмага сургун қилинган Равнақ Замони бегим узоқ умр кечирган. У 1930 йилнинг 3 апрелида вафот этган.