топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Коррупцияга қарши курашиш янада кучаяди

Коррупцияга қаршимиз
Жамият
Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда.
 
Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилаётир. Бу борада Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси изчил фаолият юритмоқда. 
 
Мазкур комиссия томонидан амалга оширилаётган ишлар, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган Давлат дастури ижроси таҳлили Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишида муҳокама этилди. 
 
Манба
 
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири, комиссия раисининг ўринбосари М.Икромов, Бош прокурор ўринбосари У.Суннатов ва бошқалар мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади. Коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, унга йўл қўймаслик ҳамда бундай салбий иллатга қарши самарали кураш олиб бориш алоҳида эътиборда. 
 
– Идоралараро комиссия томонидан ўтган даврда коррупцияга қарши курашиш бўйича кўплаб ташкилий-ҳуқуқий ишлар ва амалий тадбирлар рўёбга чиқарилди, – дейди Бош прокуратура уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳром Қобилов. – Коррупцияга қарши курашиш таомилларини ўз ичига олган 6 қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бир қатор идоравий ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Коррупцияга қарши курашишда, соҳага оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашда давлат органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлиги йўлга қўйилгани ўз самарасини бермоқда. Бу йўналишда ҳуқуқий тарғибот ишлари кучайтирилаётгани натижасида аҳолида коррупция иллатига нисбатан муросасиз муносабат қарор топмоқда. 
 
Йиғилишда коррупцияга қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ва тадбирларни амалга оширишда масъулиятсизликка йўл қўяётган айрим вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари танқид қилинди. Баъзи ташкилотларда ижро интизоми тизимли ташкил этилмаган. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ишчи органи билан ҳамкорлик алоқалари яхши йўлга қўйилмагани тегишли ҳужжатларнинг вақтида тақдим этилмаслигига олиб келган. Бундай ҳолатларга чек қўйиш, масъул шахсларнинг жавобгарлиги оширилишига йиғилишда алоҳида урғу берилди. 
 
Идоралараро комиссия йиғилишида коррупцияга қарши курашиш тадбирларини ўз ичига олган бир қатор йирик тадбирлар дастурлари ҳамда тегишли ҳужжатлар тасдиқланди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг ўзаро тизимли ҳамкорлигини таъминлашнинг таъсирчан механизми яратилади. Идора ва ташкилотларнинг бу борадаги фаолиятини баҳолашга оид рейтинг юритилади. 
 
Идоралараро комиссия томонидан коррупцияга қарши курашиш ваколатига эга бўлган идора раҳбарларига ушбу иллатга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, чек қўйишга, оқибатларини, коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлигини таъминлаш бўйича аниқ ва тизимли тадбирларни амалга ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ижросини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.