топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишланган очиқ эшиклар куни ўтказилди

Коррупцияга қаршимиз
Жамият
Бош прокуратура томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЙХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалар Координатори билан ҳамкорликда Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишланган очиқ эшиклар куни ўтказилди.
Тадбирда халқаро ташкилотлар (БМТнинг наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш Бошқармаси, БМТнинг Тараққиёт дастури, Бутунжаҳон банки, Европа Иттифоқи делегацияси, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва бошқалар), нодавлат нотижорат ташкилотлари, Адвокатлар палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, академик доиралар вакиллари ва давлат органлари ходимлари иштирок этишди.
Тадбир давомида Бош прокуратура томонидан 2016 йилда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақидаги ҳисобот тингланди. Иштирокчилар қонунчилик ташаббуси лойиҳалари ва шу йўналишдаги ташкилий-амалий характердаги чоралар билан таништирилди.
Хусусан, Ўзбекистонда янги қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларнинг, шу жумладан коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини ҳамда жиноят ва жиноят-процессуал қонунларни янада такомиллаштириш мақсадида миллий ва халқаро тажрибани эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуннинг қисқача тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчиларига Бош прокуратура ва ЕХҲТни Ўзбекистондаги лойиҳалар Координаторининг “Коррупцияга қарши курашиш тизимини ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳасининг амалга оширилиши ҳақида маълумот берилди ҳамда мазкур лойиҳа доирасида тайёрланган мавзуга доир видеороликлар намойиш этилди.
Бундан ташқари, тадбирда Бош прокуратура томонидан ЕХҲТ лойиҳалар Координатори, Ўзбекистон Республикасининг Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, ТДЮУ, “Камолот” ЁИҲ ҳамкорлигида республикадаги коллеж, лицей ва олий таълим муассасалари талабалари ўртасида коррупцияга қарши кураш мавзуларида 4 та номинация бўйича ўтказилган танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Танлов ғолиблари ноутбуклар, планшетлар ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Шунингдек, иштирокчилар учун концерт дастури ташкиллаштирилди, тадбир давомида танлов ғолиблари ҳамда тақдирланган иштирокчиларнинг ижодий ишлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Иштирокчилар томонидан коррупцияга қарши курашиш, фуқаролар ва тадбиркорларни турли суиистеъмолчиликлар ҳамда ғайриқонуний аралашишлардан ҳимоя қилиш борасида республикада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар эътироф этилиб, коррупцияни олдини олиш ва уни йўқ қилишда халқаро ташкилотлар, давлат органлари ва фуқаролик жамиятларининг биргаликдаги ҳаракатларини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
IMG_0021.JPG IMG_0072.JPG IMG_0098.JPG
IMG_0158.JPG IMG_0178.JPG IMG_0239.JPG
Манба: Бош прокуратура Матбуот хизмати

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.