топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Хусни – хулқ соҳиби бўлган Зот

номли блог Turdibekxoliqov
Хусни – хулқ соҳибибўлган Зот
 
    Ислом дини инсониятни гўзал хулқу одобга чорлаш, уларни чин инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялаш учун нозил қилинган бўлиб, унинг таълимоти инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олгандир. Муқаддас динимизнинг ҳаётбахш ва ўлмас қадриятлари    мана ўн беш асрдирки, ҳамон бутун башарият назарида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиб келмоқда. Албатта, бу биринчи навбатда, биз уммати Муҳаммадияни ўз динимизга бўлган муҳаббатимизни янада зиёда бўлишига сабаб бўлса, иккинчидан, унинг таълимотларига чин ихлос билан амал қилмоқликка ундайди. Аллоҳ таоло Ўзининг энг сўнги ва комил динини мукаммал ахлоқи ҳамида соҳиби бўлмиш сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилиши ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдинимизнинг ҳар бир замон ва маконга муносиб бўлган, шунингдек, ҳар бир шахснинг иқтидорига қараб таклиф қилинган кўрсатмаларини биз умматлари учун ўзларининг ҳаётларига тадбиқ қилиб кўрсатиб бердилар.
   Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳар бир мўмин – мусулмон учун улкан тарбия мактабидир. У зоти шарифнинг ҳаёт йўлларини қунт билан ўрганиб чиққан ҳар бир инсон албатта, бунга амин бўлмай чораси йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят) – деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни барча мўмин – мусулмонларга намуна бўлишга энг лойиқ Зот эканликларини баён қилган. Юқорида зикр қилиб ўтганимиздек, муқаддас динимиз кўрсатмалари асосан, инсониятни гўзал ахлоқли бўлишга, бандага Аллоҳ таолонинг олдидаги ҳамда жамият олдидаги бурчва  вазифаларини гўзал суратда адо этишга, инсонлар ўртасидаги муносабатларни самимий ва беғараз амалга оширишга тарғиб қилади. Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламбуларнинг барчасида мўмин – мусулмонларга ўрнак кўрсатганлар.
Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламбутун оламларга пайғамбар бўлиб келган бўлсаларда, биринчи навбатда оддий бир инсон эдилар. Оддий кишилар қатори еб – ичар, бозорга бориб эҳтиёжлари учун зарур бўлган нарсаларни ҳарид қилар эдилар. Айнан мана шу жиҳатлари ҳатто баъзи бир жоҳилларни ҳайратга солар эди. Яъни, пайғамбардек Зотнинг бундай оддий инсонлар қиладиган ишлар билан машғул бўлиши уларни ажаблантирар эди. Бу ҳақда Қуръони каримда: “(Куфрда бўлганлар): “Бу қандай пайғамбарки, (оддий одамлардек) таом еса ва бозорларда юрса?! — дейдилар...” – деб хабар берилган (Фурқон сураси, 7-оят).
       Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Менга насиҳат қилинг» деди. "Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан қўрқгин" дедилар. «Яна кўпайтиринг», деди. «Ёмонлик орқасидан яхшилик қил, у ёмонликни ўчиради» дедилар. «Яна кўпайтиринг», деди. «Инсонларга чиройли хулқ билан муомалада бўл», дедилар.
Демак, инсонларга чиройли хулқ билан муомалада бўлиш — бу одамийлик зийнати экан. Шу хусусда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Амалларнинг қай бири афзалроқ?» деб сўралганда, ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чиройли хулқ», дедилар. Бошқа бир Ҳадиси шарифларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам«Албатта, Аллоҳ таоло яратилишингизни чиройли қилиб қўйган кишиларсиз, энди хулқингизни ҳам чиройли қилинглар»–дедилар.
      Луқмони Ҳакимнинг ўғли отасига: «Эй отажон, инсон учун қайси хислат яхшироқ?» деди. Отаси: «Дин», деб жавоб берди. «Агар хислат иккита бўлса – чи?» деб сўради. Отаси: «Дин ва мол», деди. «Агар учта бўлса – чи?» деди ўғли. Отаси: «Дин, мол ва хаё», деди. Ўғил: «Агар тўртта бўлса – чи?» деди. Отаси: «Дин, мол, хаё ва чиройли хулқ», деди. «Агар бешта бўлса – чи?» деди ўғли. Отаси: «Дин, мол, хаё, чиройли хулқ ва сахийлик», деб жавоб берди. Ўғил яна: «Олтита бўлса – чи?» деб ҳам сўраган эди, Луқмони Ҳаким: «Эй ўғлим, агар инсонда мана шу беш хислат жамланса, у покиза, тақводор, Аллоҳга дўст ва Шайтондан узоқ бўлади»–деб жавоб қилдилар.
Мана шу бешта хислатлар борлиги ҳам мўминлик сифатларидандир.
Анас ибн Моликрозияллоҳу анҳуайтадилар: «Албатта, банда чиройли хулқи билан Жаннатда олий мақомга етади, гарчи (нафл) ибодатини кўп қилса ҳам». Ушбу зотнинг сўзларидан маълум бўладики, инсон ёмон хулқи билан бошқа инсонларни кўнглига озор берадиган бўлса, ўша хулқи туфайли қилган яхшиликлари ҳам бекор бўлади. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламИслом динининг мазмун моҳиятини ўзларининг кундалик ҳаёт тарзлари, амаллари ва маъноли сўзлари орқали намоён қилиб берганлар. У зотнинг: “Пайғамбар бўлиб келишимнинг асосий боиси гўзал ахлоқни тамомига етказишдан иборатдир” – деган сўзларида Ислом динининг асл моҳияти ифодалаб берилгандир. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг ризосини истаган, дунё ва охиратининг фаровонлигини хоҳлаган ҳар бир мўмин – мусулмон киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзи учун ибрат қилиб олмоғи лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизни гўзал хулқ соҳиби бўлмоқлигимизни насиб қилсин! 
 
 
Сўфиқишлоқ жомеъ масжиди имом хатиби                                А.Мамасодиқов

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.