топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

ЎЗБЕКИСТОННИНГ БИРИНЧИ ХАЛҚАРО ЖУРНАЛИСТИ

O'zbekiston Davlat jahon tillari universiteti
Илм-фан
 
Саййид Ризо Ализода таваллудининг 130 йиллигига
Жаъфар ХОЛМЎМИНОВ,
 
фалсафа фанлари номзоди,
ЎзДЖТУ “Ижтимоий фанлар” кафедраси доценти 

Ўзбекистон нафақат ўзининг шонли неча минг йиллик тарихи давомида, балки мусулмон Шарқ олами сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий инқирозга учраган XIX-XX асрларда ҳам буюк сиймоларни инсоният тамаддунига тақдим эта олди. Аҳмад Дониш, Муқимий, Фурқат, А.Авлоний, М.Беҳбудий, С.Айний, А.Фитрат, Чўлпон, А.Қодирий, У.Носир ҳамда бошқа таниқли мутафаккир, маърифатпарвар ва адиблар ана шу даврнинг зулмат ва жаҳолат қоплаган  осмонида порлаган ёрқин юлдузлар эдилар.1887 йилнинг 11 мартида Самарқанд шаҳрида дунёга келган маърифатпарвар олим, публицист ва таржумон Саййид Ризо Ализодаҳам ўз даврининг забардаст сиймоларидан бири эди.
Саййид Ризо Ализодабошланғич таълимни ўша пайтдаги Самарқанднинг Чорраҳа даҳасида жойлашган Абулқосим ал-Ганжийнинг жадид усулидаги мактабида олди, ушбу етук муаллимдан хат-савод ўрганди, дунёвий билимларни эгаллади. Болалигидан ўзбек ва тожик тиллари муҳитида тарбияланган Саидризо бошқа тилларни ўрганишга ҳам катта рағбат кўрсата бошлади. Тил ўрганиш қобилияти баланд бўлгани туфайли қисқа муддат ичида рус, турк, араб, татар ва яҳудий тилларини, Зайнулобиддин Тагий ёрдамида эса француз тилини қунт билан ўрганди. Кейинги даврларда курд, озарбойжон, урду, инглиз ва италян  тилларини ҳам ўрганишга эришди. Айтишларича, Саййид Ризо Ализода 12 тилни ўрганган ва айниқса, булардан ўзбек, форс-тожик, турк, татар, озарбойжон, араб, рус ва француз тилларида мақола ва рисола ёза олиш даражасида бўлган экан. Бу XX аср бошларида Марказий Осиё халқлари ҳаётида камдан-кам учраган нодир ҳодиса эди. Маълумотларга қараганда, С.Ализода умрининг охирги йиллари – 1933-1937 йиллар давомида Самарқанд Педакадемиясида араб ва форс тилларидан дарс ҳам берган экан. Ана шу даврда Ҳамид Олимжон ва Ўткир Рашид каби таниқли ўзбек шоирлари ундан сабоқ олган эканлар.
      Ҳунарманд ва заҳматкаш косиб оиласида тарбия олган Саййид Ризо Ализода ёшлигидан меҳнатдўст бўлиб вояга етди. Таълим олиш ва тил ўрганиш билан бирга 13 давомида тўқувчилик корхонасида ишлади. Аммо ҳаёт уни ота касби бўлмиш косибчилик ёки бошқа тенгдошлари қизиққан тижорат ишларига эмас, балки маърифат ва маданият сари йўллади. Бу даврга келиб Самарқанд нафақат бир тижорат, балки маданият ўчиқларидан бири сифатида ҳам қайта жонланиб, унда янги усулдаги мактаблар очила бошлаган, матбаачилик ва нашр ишлари ҳам аста-секин ривожланиб бораёган эди. Ёш Саидризо турли шаҳар ва мамлакатлардан етиб келадиган ҳар хил мазмундаги газета ва нашрларни дўстлари ва танишлари орқали топиб, катта қизиқиш билан ўқир, жамият ҳаёти ва халқаро миқёсда рўй бераётган воқеалардан хабардор бўлиб турарди. Унинг газетага бўлган катта ихлоси Самарқанд шаҳридаги матбаа корхонасида ҳарф терувчи бўлиб ишлашга чорлади. Бу ерда у яхшигина тажриба орттирди. Газета ва китоб чиқарадиган матбаа унинг учун буюк бир устоз вазифасини ўтади. Кўп ўтмай ана шу қизиқиш ва ихлос уни таълим, тарбия, маънавият ва маданият ҳақида хабар ва мақолалар ёзиб, турли газета ва нашрларда чиқаришга ундади. Айнан ана шу даврда у ўз ҳисобидан ўзбек тилида “Телеграф хабарлари” номли варақа чоп эттира бошлади.
      1919 йилда уни Боғишамол тумани Партия Комитети котибиэтиб тайинлашди. Саййид Ризо Ализода айнан шу йилдан бошлаб вилоят партия комитетининг топшириғи билн тожик тилида нашр этиладиган “Шўълаи инқилоб” ҳафталик сиёсий-ижтимоий журналини таъсис этди. У журналга ўзи масъул мудирлик, яъни муҳаррирлик қилар, материалларни ҳам асосан ўзи тайёрлар вауни ўз маблағи ҳисобидан чоп эттирар эди. Ҳар бир сони салкам 4000 нусхадан нашр этилган ушбу журнал нафақат Марказий Осиё ҳудудига, балки шунингдек, Эрон, Туркия, Афғонистон, Ҳиндистон (у пайтда ҳозирги Покистон ҳам Ҳиндистон таркибида эди) Кавказ ва араб мамлакатларига  ҳам юборилар эди.1921 йилгача нашр этилган ва 91-сондан кейин ёпилган ушбу журнал нафақат мамлакат ҳаётининг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ҳаётини, балки халқаро миқёсда рўй бераётган муҳим воқеаларни ҳам қисқа сатрларда акс эттирарди. Масалан, журналнинг 1919 йил 5  июнида чиққан 9-сонида “Хулосаи хабарҳои ҳафтагий дар хорижа” (“Хориж ҳафталик хабарлари”) туркумида эса Полша, Афғонистон, Германия, Венгрия, Америка, Руминия каби мамлакатларда кечаётган сиёсий жараёнлар,“Нутқи Қобизуф рафиқ” (Ўртоқ Қобизов нутқи”),“Дар Русия” (“Россияда”) сарлавҳали мақолаларда ҳам Россия, Англия, Полша ва Франция, Украина каби Европа, Ҳинистон ва Япония каби Осиё мамлакататларида рўй бераётган сиёсий-ижтимоий воқеалар ҳақида қисқача маълумотлар берилади. Булар ичидан Афғонистон ҳукумати ва халқининг Англия мустамликачиларига қарши курашлари, Руминия-Полша ўртасидаги уруш ва келишув ҳақидаги хабарлар алоҳида ажралиб туради.
      Журналнинг 1920 йил 3 июнда чиққан 39-сонида “Аҳволи жанг ва сиёсат” (“Уруш ва сиёсат вазияти”) сарлавҳали бош мақоласидаРоссияда кечаётган инқилобий ҳаракатлар ва Эронда Англия мустамлакасига қарши ҳаракатлар хусусида, “Жанги тоза” (“Янги уруш”) сарлавҳали мақолада Россия, Полша ва Руминияда кечаётган сиёсий-ҳарбий можаролар ҳақида сўз юритилади. Ушбу мақолаларда муаллиф ўртага ташланган масалаларга ўзининг объектив муносабатини билдирар экан, ўзининг шахсий ёндашуви, яъни субъективликни ҳам четга суриб қўймайди. Журналнинг турли сонлардаги материаллари билан танишиб чиқар эканмиз, муаллиф айнан ҳар бир масалага ўз нуқтаи назаридан туриб баҳо бериш натижасида воқеа-ҳодисалар сабабини излаб топиш, уларнинг моҳиятини қисқа ва лўнда тарзда таҳлилэтиш ва ниҳоят,  улардан келиб чиқадиган оқибатларни башорат қилиш имкониятини қўлга киритган, деган хулосага келиш мумкин. Бундан, Саййид Ризо Ализода Марказий Осиё халқлари журналистикаси тарихида биринчилардан бўлиб журналистика соҳаси нафақат ҳаётий фактлар ва объективликка, балки шунингдек, аналитика ва прогнозлаштиришга ҳам асосланганлигини яхши англаб етган экан, деган хулосага келиш ҳам мумкин. “Хулосаи хабарҳои ҳафтагий дар хорижа” (“Хориж ҳафталик хабарлари”) сарлавҳали туркумда жумладан,қисқа сатрларда ёритилган қуйидаги хабарларни ўқиймиз:
     “ — Афғонистонда бугунгача фақат бир газета – “Амони афғон” нашр этиларди. Энда Кобулда “Иттиҳоди Машриқ” (“Шарқ бирлиги”) номли иккинчи газета ҳам чиқа бошлади.
— Эронда халқнинг инглизларга нисбатан нафрати янада ошмоқда. Муллалар халқнинг чет элликлар, хусусан, инглизларга нисбатан норозигидан фойдаланиб, Шарқ мусулмонларининг бирлиги учун тарғибот ишлари олиб  бормоқдалар.Миллий ҳаракатлар билан бирга революцион ҳаракатлар ҳам ўсиб бормоқда. Табриз тумани республика усулини хоҳламоқда.
— Иттифоқдош давлатлар (Европа давлатлари – Ж.Х.)Усмонли (Туркия – Ж.Х.) ҳукуматига Измир вилоятини юнонликларга беришни таклиф этдилар. Лекин Усмонли ҳукумати аксинча, Юнон қўшинларининг зудлик билан Измирдан чиқиб кетишини ва Юнон-Туркия уруши комиссияси назорати остида аҳолидан (измир вилояти аҳолиси назарда тутилмоқда – Ж.Х.) қайси томонга қўшилишни масаласи бўйича сўровнома ўтказишни таклиф қилибди.
— Инглизлар Батумини қамал ҳолатида деб эълон қилишбди. Қримдаги инглиз қўшинлари даъвогар армияга ёрдам беришдан бош тортиб, ўзининг жанг олиб бориш маҳоратига қарамасдан Истамбулга кетибди”.Мақоланинг давомида Россия, Италия ва Францияда кечаётган сиёсий жараёнлар ҳақида ҳам қисқача маълумотлар берилади. Жаҳон миқёсида рўй бераётган турли сиёсий-ижтимоий воқеаларни аниқ фактлар асосида (гоҳида хабарларнинг қайси манбадан олинганлиги ҳам қайд этиб ўтилади) қисқа сатрларда, тезис шаклида ёритиб бериш ва бу ҳолатни ҳар ҳафтада бир марта чиқадиган нашрда доимий равишда такрорлаб боришжурналистдан катта маҳорат ва тезкорликни талаб қилиши табиий. Аммо гап шундаки, Саййид Ризо Ализодаҳали почта, телефон ва телеграф хизматлари эндигина шаклланган Самарқандда мамлакат ва дунё бўйича энг сўнгги хабарларни ҳали уларнинг оҳори тўкилмасдан туриб тақдим этган бўлиши мумкин, деган савол туғилади.
      Кўриниб турганидек, халқаро сиёсий вазият доимо Саййид Ризо Ализодаинг диққат марказида бўлиб турган. У мунтазам равишда Россия Телеграф Агентлиги, “Таймз” газетаси, Туркия, Озарбойжон, Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистонда чиқадиган машҳур газета ва журналларни кузатиб борган ва энг сара хабарларни тезкор равишда “Шўълаи инқилоб” журнали ва бошқа нашрларда эълон қилдирган. Унинг бир қатор мамлакатларда ҳамкор ва маслакдош дўстлари бўлганлигини ҳам назарда тутадиган бўлсак, хорижий мамлакатларда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий жараёнларни ёритишда фойланган манбалари сони яна биттага кўпайиши тайин. Жумладан, у Франциядаги дўстларининг илтимосига кўра Қуръони Каримнинг баъзи бир сураларни француз тилига таржима қилган, таниқли афғон адиби Маҳмуд Тарзийнинг (1867, Ғазнин – 1933, Истамбул) илтимосига биноан Ж, Верннинг “Ер юзи бўйлаб 80 кун саёҳат” номли асарини француз тилидан форсий тилга таржима қилган, эронлик буюк маърифатпарвар шоир ва матбуотчи Муҳаммадтақий Баҳор билан мукотиба орқали дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини боғлаган экан. Табиийки, С.Ализоданинг бир қатор мақолалари М.Баҳор ёрдамида Эрон матбуоти саҳифаларини ҳам безатган. Агар бу тахмин яхшилаб ўрганилса, балким бундай ҳолатдан Озарбойжон, Туркия, Россия, Афғонистон, Ҳиндистон ва бир қанча араб мамлакатлари даврий матбуоти ҳам четда қолмаслиги мумкин.Демак, Саййид Ризо Ализоданинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан матбуоти олдинроқ ривожланган Шарқ мамлакатлари – Ҳиндистон, Эрон, Туркия ва араб давлатлари, Россия ва Ғарбий Европа давлатлари тилларини чуқур ўрганганлиги, матбуоти ва маданиятидан яхши хабардор бўлганлиги ҳамда у мамлакатлардаги ҳамкор дўстлар ва маслакдошлари билан бир муайян алоқа боғлай олганлиги унинг халқаро журналист сифатида шаклланиб боришига сабаб бўлган.
Саййид Ризо Ализода ўзининг журналистик фаолиятини “Шўълаи инқилоб” журналининг ёпилиши билан тўхтатмади. Хабар ва мақолаларини бошқа нашрларга ҳам жўнатиб турди, рисолалар ёза бошлади. 1922 йилнинг ўзидаёқ “Зарафшон” газетасида бўлим муҳаррири сифатида иш бошлади. “Самарқанд” газетаси ва “Оина” журналида Маҳмудхожа Беҳбудий билан ҳамкорлик қилди. 1924 йилда эса “Овози тожик” газетасининг таъсис этилишида ўз ҳиссасини қўшиб, ушбу газетанинг масъул котиби сифатида фаолият кўрсата бошлади. Унинг кўпгина публицистик мақолалари айнан ана шу даврда ёзилди ва мазку газета саҳифаларида эълон қилинди. Ҳозирги замон тожик адабиётининг асосчиси, машҳур ёзувчи ва адабиётшунос олим Садриддин Айний Самарқандга кўчиб келганидан сўнг унга ғамхўр бир дўст ва маслакдош сифатида катта ёрдам берди ва кейинги даврларда ҳам у билан адабий ҳамкорлигини давом эттирди.
      Танқидий мақолалари ва фелетонларини кўпинча “Баҳлул”, “Замбўр”, “Коргар”, “Ситамдийда”, “Мулла Жанбул”, “Ранжбар”, “Боғишамолий”, “Шапалоқ”, “С.Ализода” тахаллуслари билан эълон қилган Саййид Ризо Ализода ўша даврдаги ўзбек ва тожик миллий журналистикасининг ривожига катта ҳисса қўшди.
Саййид Ризо Ализода педагог олим сифатида ҳам катта шуҳрат қозонган. 17-18 ёшидаёқ “Низомнома” ва “Рисолат ул-интиқодия” номли рисолалари билан танилган С.Ализода кейинги даврларда ҳам илмий-публицистик асарлар ва дарсликлар ёзишни давом эттирди. Натижада, жадид мактаблари учун 1905 йилда “Илми ҳисоб”, 1920 йилда “Дабистони тожик”, “”Китоби нахустин”, 1926 йилда “Сарфу наҳви тожикий”, ўзбек тилида эса “Биринчи йил” номли дарсликлар туркумини яратди. Ўзбек ва тожик тилларида 11 та дарслик ёзган Саййид Ризо Ализода озарбойжонлик олим Абдулла Шоиқ билан ҳамкорликда озарбойжон янги алифбосини яратишда ҳам қатнашади. Бу эса унинг халқаро миқёсда танилган педагог олим сифатида ҳам намоён этади. Ана шундай хизматлари учун бўлса керак, Саййид Ризо Ализода 1917 йилдан кейинги даврда биринчи дарсликларни яратган муаллиф сифатида эътироф этилган.  
Маълумотларга қараганда, Саййид Ризо Ализоданинг баъзи бир асарлари хорижий мамлакатларда нашр қилиган. Масалан, унинг Ўзбекистон ва умуман, Марказий Осиёда нашр этилмаган мўжаз рисоласи – “Муросалот” форс-тожик тилида ёзилган бўлиб, 1928 (1307/1347) йилда Лоҳурдаги Шермуҳаммад Мирмуҳаммад Гулхони Афғон нашриёти томонидан “Муфиди ом” матбаасида  уч маротаба нашр этилган. Китобат – котиблик ва муншийлик (иншонавислик) санъатининг асослари ҳақида қисқача маълумот берадиган ва турли расмий мактублардан намуналар келтирилган ушбу асар ўша даврда мазкур соҳа мутахассислари учун қўлланма вазифасини бажарган. Саййид Ризо Ализода китобат санъатининг маънавий ҳаётдаги ўрнига юксак баҳо берар экан, бу соҳани “фанни жалил”, яъни “улуғвор фан”, “шукуҳли санъат” деб атайди ва жумладан, шундай ёзади:“Шукуҳли китобат фани таҳриран ифодаланадиган фикрлар ва тасаввурий (абстракт) маъноларнинг усуллари ҳақида фикр юритади. Шу жиҳатдан ушбу фаннинг мавзуи (предмети) тил бўлиб, унинг ғояси (мақсади) “ҳусни баён”дир. Китобат илмида малака ҳосил қилиш биринчи навбатда тил хусусида баҳс юритадиган фан шуъбалари (кичик соҳалари)ни эгаллаб олиш билан боғлиқдир. Зеро ёзмаларни баҳолаш учун онгнинг фикр шаклланадиган қисмида юзага келадиган фикрлар ва маънолар қайси сўзлар ва жумлалар, қандай тарзда ва усулда ёзма равишда таржима қилинишини билиш керак бўлади. Бу қуйидагича амалга ошади:
      Биринчидан: Сўзлар ва ибораларнинг асоси (илдизи), қандай шаклда олиниши, ҳақиқий ва мажозий (истилоҳий) маъноларини билиш орқали;
      Иккинчидан: Махсус қоидаларни ўрганиш орқали асл маъносини ҳисобга олган ҳолда сўзлардан жумлалар ва иборалар тузиш орқали;
       Учинчидан: Керакли малака ва маҳорат касб этгандан сўнг нафақат турли бадиий мазмундаги фикрларни маъноли, содда ва эркин ифода этиш, балки шунингдек, мажозий маънодаги нарсаларни ҳам бадиий сўзлар ва иборалар орқали ифода эта билиш лозим бўлади.
      Бундай имконият сарф (морфология), наҳв (синтаксис), луғатшунослик ва балоғат каби лисоний – тилшунослик фанларини ўрганиш орқали қўлга киритилади. Булар шукуҳли китобат илмини ўрганиш учун бирламчи ва бошланғич шартлар ҳисобланади. Зеро юқорида зикр этилган фанлар қанчалик мукаммалроқ ўрганилса, кишининг китобат илмидаги маҳорати ҳам шу даражада ошади. Шу сабабли мазкур фанларни шукуҳли китобат илмининг муовини (ўринбосари) деб аташади”.
Маълумки, бадиий таржима инсоният тамаддуни тарихида турли халқларнинг маданиятини таништириш ва тарғиб қилишнинг асосий воситаларидан бири сифатида қилиб келган.Кўп тиллар ва адабиётларни чуқур ўрганган Саййид Ризо Ализода ўзбек ва тожик халқларини жаҳон адабиёти дурдоналари билан таништириш борасида ҳам катта ҳисса қўшди. Қисқа бир муддат ичида унинг қалами билан Мопассаннинг “Дўндиқ”, Элтон Санклернинг “Юз фоиз”номли асари (1934 йилда), А.С.Пушкиннинг “Дубровский” (1935 йилда), “Капитан қизи” (1936 йилда), “Белкин ҳикоялари” каби асарлари, Л.Толстойнинг “Тирилиш”, Н.Островскийнинг “Пўлатнинг тобланиши” номли асари (1937 йилда) тожик тилига таржима қилинди.
Саййид Ризо Ализода ўзбек адабиётининг илк тарғиботчиларидан бири эди. У Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романини биринчи бўлиб тожик тилига таржима қилган адиб ҳисобланади.“Ўткан кунлар” романини эса таниқли тожик адиби А.Деҳотий билан бир вақтда таржима қилади, аммо таржиманинг қўлёзма нусхасини номаълум сабабларга кўра ўз қўли билан йўқотади. Ибн Сино, Фирдавсий, Низомий, Фузулий ва Навоий асарларини рус тилига таржима қилиш борасида ҳам ҳисса қўшади.
      Маълумотларга қараганда, ундан “Бахт асри” номли роман ва бир туркум ҳажвий шеърлар ҳам қолган.
Қатағоннинг қора булутлари ижод завқи билан тўлиб-тошган, ҳали журналистика, адабиёт ва илм учун кўп хизматлар қилишни кўнглига тугиб юрган Саййид Ризо Ализоданинг бошига ҳам кўланка солди. Мана-ман деган маърифатпарварлар қаторида Саййид Ризо Ализода ҳам 1937 йилда ҳибсга олинади. Сўнг унинг ўғли Таги ва куёви – яхши адиб сифатида танилган Ҳасан Ирфонларни қамоққа олишади.
      Қимматли саккиз йиллик умрини Самарқанд, Тошкент, Тоболск ва Владимир қамоқхоналарида ўтказган ва мустабид тузум раҳбарларига 400 марта ёзма равишда мурожаат қилиб, ижобий жавоб ололмаган ва сил касаллигига чалинган Саййид Ризо Ализода 1945 йилнинг 24 декабрида Владимир қамоқхонасида оламдан кўз юмади.
      Орадан 30 йилдан кўпроқ вақт ўтгач адибнинг невараси Фарҳод Ализода сақланиб қолган бир хат туфайли бобосининг Владимир шаҳри қамоқхонасида бўлганини аниқлайди ва у ерга бориб, Саййид Ризо Ализода қабрини зиёрат қилиб келади. Фарҳод Ализода 1986 йилда бобосининг суякларини Самарқанд шаҳрига олиб келиб, жаноза маросимини ўтказиб, ўз она шаҳрининг тупроғида дафн этади. Ўша йилнинг ўзида Самарқанд шаҳридаги бир кўча ва бир мактабга Саййид Ризо Ализода номи берилади. 1997 йилда эса Самарқанд шаҳрида Саййид Ризо Ализоданинг уй-музейи ташкил этилади.
Ватанимиз тарихида ҳали очилмаган саҳифалар кўп. Маърифатпарвар олим, зуллисонайн адиб ва журналист, забардаст таржимон ва ношир Саййид Ризо Ализода ҳаётидаги жумбоқлигича қолиб кетган ҳодисалар (масалан,  унга қандай айб қўйиб қамашган, нега унинг 400 хати кўриб чиқилмаган, нега адиб “Ўткан кунлар” романининг таржимасини амалга ошириб, қўлёзма нусхасини ўз қўли билан ёқиб юборган...), унинг серқирра фаолияти ҳамда илмий, бадиий ва публицистик мероси ҳалигача етарли даражада ўрганганилмаган. Бир куни келиб, ўз даврида ноширлик, миллий ва халқаро журналистика, янги дарсликлар яратиш ва турли тиллардаги бадиий таржима соҳаларида биринчилардан бўлган шахс ҳаёти, фаолияти ва маънавий меросини жиддий тадқиқот даражасига кўтарадиган ва очилмаган қирраларини очиб берадиган тадқиқотчилар топилади, албатта




0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.