топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ҳунардан топилган бахт

O'zbekiston Davlat jahon tillari universiteti
Илм-фан
Инсон умрини оқар сувга қиёслашади: чунки у ҳеч қачон ортга қайтмайди, фақат олдинга қараб оқаверади. Умр шунчалик тез ўтадики, инсон ҳаёти давомида арзирли ишлар  қилишга улгуради,  баъзилар эса шунчаки вақт ўтказади.Шундай одамлар бор: улуғ ёшга етиб, ўз ҳаётига назар ташлаганда, ортидаги бўшлиқни кўриб,кўп афсуслар чекади. Бошқа бир </span >инсонлар эса умри давомида нималар қилгани ва нима учун яшаганини яхши билади ҳамда қилган меҳнатларининг роҳатини кўришга муяссар бўлади.
 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ҳайкалтарош Аҳмад Шоймуродов бу йил 79 ёшни қаршилади. У ўз ҳаёти давомида жуда кўп кечмишларни бошидан ўтказди. Мана бугун қилган меҳнатларининг ҳузурини кўраётган Аҳмад ота 3 фарзанднинг ва шириндан-шакар невараларининг ардоғида. Ота учун фарзандлар камолини кўришдан ҳам ортиқроқ бахт бормикан...
Қисмат
         Қисмат… инсон бошига тушган ишларбаъзида унинг қадди – қоматини букиб қўйса, гоҳида эса уни тарбиялайди, иродасинимустаҳкамлайди.  Аҳмад Шоймуродов 1936 йилнинг 25 мартида Самарқанд шаҳрида туғилди. У болалик даврларини ҳам қувонч, ҳам қайғу билан эслайди:мактабда ўқитувчилик қилиб юрган отасинингурушга кетганча қайтмагани, онаси  ёлғиз боши билан рўзғор тебратгани… Аҳмад бобо болалигини эслар экан, кўзларига ёш олди. Ҳали мурғаккина қалб эгасининг ҳар куни  эрталаб 4 чақирим йўл юриб ишга бориши,шу билан бирга, кечки мактабда ўқиши осон эмасди: “Баъзида мен тенгиболаларнинг эрталаб мактабга кетаётганларини кўриш алам қилар эди. Чунки бу пайтда мен ишга йўл олардим, пул топишим ва оилага ёрдам беришим зарур эди”, — дейди Аҳмад ота.
“Ҳайкалтарошликка қандай қизиқиб қолгансиз?” деган саволимга унинг “Қабристонда тош ўйиш орқали”, деган жавобини эшитиб, тўғриси бироз ҳайрон бўлдим. 7-синфда ўқиётган кезларида онаси Ҳиммат опа ўғлининг касб-ҳунар ўрганишини истаб, Самарқанднинг энг машҳур устасангтарошлариЖалол ва Болта Жўраевларгашогирдликка беради. Аҳмад ака устозларини фахр ва ғурур билан эслайди. Унинг айтишига қараганда, уста Болта Жўраев Тошкентда жойлашган А. Навоий номидаги давлат академик катта театри қурилиши ҳамда уруш йилларида Амир Темур қабрини таъмирлашда иштирок этган.
Ўқиш йиллари
Орадан 4 йил ўтди. Устозларидан ҳунар ўрганиб,  изланиб қаҳрамонимиз тош кесадиган уста, яъни сангтарош  бўлиб етишди. Аввало, Самарқанд давлат университетига кириш учун имтиҳон топширди, аммо ўқишга киролмади.  1954йили уста Болта Жўраев Аҳмадни ўзи билан Тошкентга  олиб кетди. Аҳмад Шоймуродов ўқишга бўлган кучли иштиёқи ва иқтидори туфайли  Москва бадиий саноат билим юртига тавсия этилди ҳамда имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, ўқишга қабул қилинди: “Москвага борганимда шошиб қолдим. Билим юрти ҳовлисида абитуриентлар кўп. Ўқишга кира олармиканман, ахир мен сангтарош бўлсам.… Аммо чўчиганим бекор экан, берилган топшириқни жуда чиройли чиздим, беш баҳо қўйишди”. У ўқиш даврида барча билимларни қунт билан ўрганишга, эгаллашга интилди. Сўнгги курсларда илк ясаган ҳайкаллари ҳақидаги хотираларини эслаб, шундай дейди: “Курсдошлар орасида бир-биримизнинг портрет ҳайкалимизни ясаб ўрганиш энг қизиқарли машғулотлардан эди. Ҳатто мен яратган ҳайкал — Собир исмли курсдошимнингсиймоси  ҳозирги кунда Бухоро музейида турибди”.
Аҳмад  ушбу асари билан 1958 йили Москвада бўлиб ўтган кўргазмада қатнашди: “Санъат аҳли орасида асарларингни қачондан кўргазмага қўйган бўлсанг, шу пайтдан ижодинг бошланади, деган гап бор. Менинг ижодий фаолиятим ўша пайтданбошланди, десам бўлади”– дейди қаҳрамонимиз мийиғида кулимсираб.
 1959 йили Москвада Ўзбекистон кунлари декадаси бўлиб ўтди. Пушкин номидаги музейда бўлиб ўтган кўргазмада қаҳрамонимиз ўз ишлари билан қатнашди. Ижодкор ўша пайтда Ўзбекистон рассомлар уюшмаси раиси Ўрол Тансиқбоев ва рассом Чингиз Ахмаров билан танишди. Улар Аҳмаднинг ишларига юқори баҳо беришди. Шундан сўнг уларнинг маслаҳати ва ёрдами билан  В. И. Суриков номидаги МоскваДавлатбадиий институтининг ҳайкалтарошлик факультетига ўқишга кирди. Қаҳрамонимиз  институтда 6 йил ўқиди ва ҳайкалтарошлик сирларини чуқур ўрганди.
Тошга жону дил бағишлаб
         Аҳмад аканинг ҳайкалтарош сифатидаги биринчи иши 1962 йили мармардан ишланган Алишер Навоий ҳайкали эди. У Самарқанд давлат университетидан жой олган.  Халқини жон дилидан яхши кўрган инсон ўзининг илк асарини бу мўътабар зотга бағишлагани бежиз эмас. Аҳмад ака Алишер Навоий шахсига чуқур ҳурмат-эҳтиром билан қараб келади. Унинг ижодида буюк мутафаккиримиз сиймоси акс этган асар биргина бу эмас.  Навоийнинг ҳайкалтарошимиз ижодига мансуб мармар, бронза, гипс, рангли керамикадан яратилган портретлари бугунги кунда юртимиздаги турли олий ўқув юртларининг музейларини безаб турибди.  Айниқса, Самарқанд шаҳри марказидаги маданият ва истироҳат боғида қад кўтарган 5 метрлик А.Навоий ёдгорлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ушбу ҳайкал ўз даврининг машҳур рассоми Маҳмуд Музаҳҳиб томонидан ишланган миниатюра асосида яратилган. Аҳмад ака бир инсоннинг сиймосини акс эттириш учун кўплаб тарихий манбаларни ўрганиш кераклигини таъкидлайди.   Чунки тарихий шахслар тасвирида фақатгина ўз тасаввурларининг ҳосиласини яратиш тўғри эмас.
“Ижодкор ойна каби бўлиши керак, — дейди Аҳмад ака. — Халқнинг акси асарларда намоён бўлиши лозим. Жарроҳ қиёфасини яратишни мақсад қилиб, ҳатто у билан бирга операцияга кирганман. Унинг ўша ҳолатдаги юз акси ишининг қанчалик масъулиятли ва шарафли эканини кўрсата олиши лозим эди. Ижодкор, энг аввало, ўзи туғилиб ўсган юрти ва одамларини, қолаверса, оддий кунларда, кўчада, бозорда, оиладаги  яшаш тарзини тасвирлаши керак. Исталган асарни яратиш учун, аввало, катта  юрак зарур. Муаллиф қачонки ижод маҳсулига ўзининг қалб қўрини, вужудини бағишласа, унинг асари шундагина муваффақиятли ва таъсирли чиқади “.
Аҳмад ака ўз ишининг устаси, жуда кўп асарлар яратишга муваффақ бўлган ижодкордир.  Самарқанд музейидаги Спитамен, раққоса Қизлархон Дўстмуҳаммедова;  улуғ алломаларимиздан Улуғбек обсерваториясидаги Мирзо Улуғбек, Ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино; халқ бахшиларидан Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир Назар ўғли, япон рассоми Чехиро Окубонинг портрет ҳайкаллари, шунингдек, “Жарроҳ”, “Мутафаккир”, «Илҳом париси»  каби бир қатор ҳайкалтарошлик композициялари шулар жумласидандир.  Айниқса, Аҳмад Шоймуродов ижодига мансуб Тошкент метрополитенининг «Алишер Навоий» бекати деворларидаги рангли кошинкор безаклар таҳсинга сазовор.  Бу иш устида Аҳмад ака рассом Чингиз Ахмаров билан 4 йил давомида ишлаганини ёдга олади.
“Ҳайкал яратиш учун ижодкор  нафақат, кучли ирода, тажрибага эга бўлиши, балки жисмонан ва руҳан етук бўлиши керак. Ижодимни халқимга бағишлаганман. Тошлар билан тиллашиб, улар билан гаплашиб чиқардим. Бирон жойи ўхшамаса, тўхтаб тур, сен гапимга кирмаяпсанми ҳали, деб гоҳ уришар, гоҳида эса мақтар эдим. Дилга тугган ишларини амалга оширишга одамнинг умри етмайди. Йилдан – йилга кучим кетаяпти, лекин шогирдларим ишларимни давом эттираётганидан хурсандман”.  Дарҳақиқат, Аҳмад ака 1966 йилдан бошлаб Архитектура ва қурилиш институтида10 йил дарс берган.Бу институтни ташкил қилиш, уни ривожлантиришда катта ҳисса қўшган. Шу давр мобайнида у кўплаб шогирдлар етиштирди. Устоз ҳайкалтарош ҳали-ҳануз ёш ижодкорларнинг ишларини кузатиб келади ва улардан ўз маслаҳати ҳамда ёрдамини аямайди.
Ўқишни битиргач, Аҳмад аканинг 10 йил давомидаги кеча-ю кундуз ишларини ҳукуматимиз юқори баҳолади. Қаҳрамонимиз 1975 йили ҳайкалтарошлар ичида биринчи бўлиб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбобиунвонини олишга муяссар бўлди.  Аҳмад ака билан суҳбатлашар эканман, унинг ўз касбига муҳаббати чексиз эканлигининг гувоҳи бўлдим. Ҳайкалтарош хонадонини безаб турган ҳайкаллар, ушбу соҳага оид кўплаб китобларни кўриб, санъатнинг сеҳрли таровати мавжудлигига яна бир бор амин бўлдим.
         Ёшларимиз гоҳида юртимизда яратилаётган шароитлар, ўқиш, меҳнат қилиш бахтининг қадрига унчалик ҳам етмаётгандек туюлади. Аҳмад Шоймуродовдек кеска авлод вакилларининг болалиги, улар яшаган тузумнинг оғирлиги, ўқиш ва ишлаш учун қанчалик заҳмат чекканлиги бугунги ёш авлодларимизга, қолаверса биз ёшларга сабоқ бўлмоғи лозим. Зеро, нурли ва фаровон ҳаётимизни мана шундай жонкуяр инсонлар яратган, барпо этган. Уни кўз қорачиғидек асраб, биздан кейинги авлодларга тўлалигича етказишни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.
Кумушбиби ЭРМАМАТОВА,
 
ЎзДЖТУ талабаси.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.