топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Нодавлат матбуот нашрларида журналистик маҳорат масалалари

O'zbekiston Davlat jahon tillari universiteti
Илм-фан
     Ўзбекистонда илгари оммавий ахборот воситалари ходимлари зиммасига ҳозиргидек шарафли ва маъсулиятли вазифа юкланмаган. Оммавий ахборот воситаларига ҳозиргидек эътибор ва рағбат кўрсатилмаган. Бугун ўзбек матбуоти, энг аввало, мустақил мамлакатимиз ва инсон манфаатларининг ҳимоячиси, давлат ва жамият ўртасида холис воситачи сифатида фаолият юритмоқда. Бу жараён ҳар бир журналистдан янада жасур ва фидоий, фаол ва ҳозиржавоб бўлишни, воқеалар қозонида қайнашни, ижтимоий маҳоратни узлуксиз ошириб боришни тақозо этади .

     Дунё ягона ахборот маконига айланган бугунги кунда журналист кадрлар тайёрлаш энг долзарб вазифалардан бирига айланмоқда. Давр талабига кўра журналист маънавий етук, ҳуқуқий савияси юқори, фикри теран, ташкилотчи бўлиши  лозим. Ҳар йили давлатимиз раҳбари журналистларнинг касб байрами муносабати билан “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига” йўллаган табригида, уларнинг олдида турган масъулиятли вазифалар тўғрисида айтиб ўтади. Журналистика касбини эгаллаш учун “Журналистикага оид назарий билимларни ҳамда соҳага оид қонунларни пухта эгалламасдан, замонавий ахборот технологиялари сир-асрорларини мукаммал ўзлаштирмасдан ва энг муҳими, ижодий маҳоратга эга бўлмасдан туриб бугун замон талабига мос журналист бўлиш амри маҳол. Ижодий соҳада – изланиш деган тушунча ана шундай залворли маъсулият юкламоқда.
 
     Замонавий журналистика сир-асрорларини теран нигоҳ билан ўзлаштириб бориш ва пировардида, етук журналист учун жуда кўп адабиётлар, назарий манбалар, маҳорат мактаблари керак бўлади .” Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларининг ҳар бир жабҳасида фаолият юритаётган журналистлар ўз зиммасига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариш билан бир қаторда, самарали ишларни ҳам амалга оширмоқда. Хусусан, бу борада истиқлолдан кейинги даврда матбуотимизда юз берган ижобий ўзгариш жараёнида фидоий ижодкорларимизнинг ўрни ниҳоятда беқиёс.  Ҳозирда ОАВлар сони 1000 дан ортиқ бўлиб, нодавлат матбуот нашрларининг истеъмолчилари ҳам ортиб бормоқда. Бу  газеталарда ҳаётий муаммолар, дам олиш учун қизиқарли ва кўнгилочар мақолалар, кишини фикрлашга ундайдиган масалалар кўтарилганлиги ўқувчи эътиборини тортмоқда. Шу ўринда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этаётган журналист  маънавияти ва унинг масъулияти масаласи ҳам нодавлат нашрларда муҳим вазифалардан бири сифатида эътироф этиб келинмоқда.
 
     Бугунги кунда матбуотда эркин ахборот тарқатиш қай даражада амалга оширилаётганини нодавлат матбуот саҳифаларида учратиш мумкин. “Даракчи”,  “Тасвир”, “Суғдиёна”, ”Бекажон”, “7Х7”, “Ҳордиқ” газеталари энг оммабоп ва кўнгилочар  нашрлар сифатида газетхонлар томонидан севиб мутолаа қилинмоқда.    
 
     “Даракчи” даврий нашрида берилаётган материалларни жанр нуқтаи назаридан таҳлил қиладиган бўлсак, унда, асосан бадиий публицистик ва информационлик  хусусиятларини учратамиз. Хусусан, газетанинг ахборий жанрлар ўрин олган саҳифалари қуйидаги рукнлар билан номланади: “Менинг манзилим – Ўзбекистон”, “Ифтихор”, “Жаҳон айвонида”, “Кун мавзуси”, “Рекордлар”, “Фоторепортаж”, “Эксклюзив интервью”, “Сиёсий портрет”,   “Ифтихор” рукни остида бериб борилаётган мақолалар асосан юртимизда рўй бераётган юксалишлар, жаҳон эътиборига молик муҳим воқеа–ҳодисалар ҳақида маълумот беради. Гарчи газета  кўнгилочар материалларни ёритишга ихтисослашган хусусий нашрлар сирасига кирса-да, матбуотда ахборий жанрларни бериб боришнинг ўзига хос қонун – қоида ва меъёрлари мавжуд. Ҳозирда матбуотга қўйилаётган талаблар ҳақида сўз кетганда, даврий нашрларнинг информационлик хусусияти билан  бир қаторда кўнгилочарлик  ва маданий ҳордиқ бериш хусусиятларини ҳам қайд этишимиз лозим.
 
     Нодавлат матбуот нашрларида мавзу ва журналистик маҳорат уйғунлиги муаммоси бугунги кун журналистикасининг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Шу маънода журналист масъулияти давримизнинг энг катта ва жиддий муаммоларидан бирига  айланмоқда. Журналист масъулияти, деганда, энг аввало, профессионал даражани кўтариш, касбга ихтисослашиш, холислик, ҳушёрлик, тезкорлик, миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги ҳамда мутаносиблигини топа олишни  тушуниш тўғри бўлади. Шундагина, матбуот ҳақиқий маънодаги тўртинчи ҳокимият мақомига етишади, тўртинчи ҳокимият мақомидаги матбуот журналистигина ўз фикрининг ҳақиқий эгасига, ёзаётган объектининг чинакам соҳибига айланади.
 
     Нодавлат матбуот нашрларида халқимизнинг маънавий ва маданий дунёқарашини юксалтиришга хизмат қиладиган мақолалар билан бир қаторда  ахлоқ меъёрларига риоя қилмаган ҳолда ёзилган мақолалар ҳам чоп этилаётганлиги кўзга ташланмоқда. Бундай ҳолатларга жиддий эътибор қаратилиши зарурлиги, матбуот нашрларининг савиясини юқори даражага олиб чиқиш долзарб вазифа сифатида белгилаб берилган. Зеро: ”Журналист маҳоратининг ибтидоси тилни тўғри ва бенуқсон қўллай билиш малакасидан, зийрак сўз сезгиси, яъни она тилига меҳр-муҳаббатдан бошланади. Ҳеч кимга сир эмаски, ҳар қандай матбуотнинг ягона қуроли тилдир, бу қуролнинг мақсад нишонига саломат етмоғи учун аввало, унинг ўзи соғлом бўлмоғи, соғлом фикрламоғи лозим. Айни шу ягона қуроли бўлган матбуот тиш-тирноқсиз, демакки, таъсирсиз ва яроқсиз, ҳатто заррарли бир нарсага айланади .
 
     Бир сўз билан айтганда, санаб ўтилган муаммоларнинг барчаси матбуотда эркинлик туйғуси ва масъулият бурчи мувозанатини сақлай билмаслик оқибатида келиб чиқмоқда. Шундай экан, бугунги кунда бутун диққат-эътиборни кишиларнинг онгу шуурига таъсир этадиган, маънавиятини юксалтирадиган, савиясини кўтарадиган ва тарбия берадиган матбуот нашрлари ишини яхшилаш масъулиятли вазифадир.
 
     Умуман олганда, бундай вазифаларнинг қўйилиши Ўзбекистонда демократик жараёнлар изчиллик билан ривож топаётганидан далолат беради.
 
     Соҳа вакиллари нодавлат матбуот нашрларида ижодий эркинлик асосида ёндашув билан бирга масъулият ҳиссини ҳам унутмаган ҳолда уларнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаши лозим. Шунингдек, мақола ёзишда журналистлардан талаб этиладиган энг устувор вазифалардан бири бўлган  услубий маҳоратни таъминлаш учун қуйидаги омилларга асосланиш мумкин:
 
     •    мавзуларни ёритишда изчилликка;
     •    ҳаётий муаммоларни танлай олишга;
     •    масалага ёндашувга;
     •    услубдаги ўзига хослик;
     •    енгил-елпи мақолалар ўрнига ёшларни маънавиятли шахслар
     •    этиб  тарбиялашга оид мақолаларни кўпайтиришга;
     •    ахлоқ меъёрларига риоя қилган ҳолда ёритишга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.
 
     Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мустақил ва нодавлат матбуот нашрларини ривожлантириш ҳақида гап борар экан, биринчи навбатда уларнинг моддий-техник базасини юксак замонавий талабларга жавоб берадиган даражада модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш ҳамда юқори малакали журналистлар ҳамда техник ходимларни қайта тайёрлаш масаласи илгари сурилади. Бу борада, журналистларнинг, саводхонлиги ва касб маҳоратини оширишга кўмаклашувчи туркум ўқув машғулотлари ташкил этилиши, журналистларнинг профессионал маҳоратини замон талаблари даражасига кўтариш, хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда самарали жиҳатларини амалиётга жорий этиш долзарб вазифалар  сирасига киради.
 
ЎзДЖТУ Девонхона бўлими бошлиғи
Ф.Тўраева

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.