топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Муаммоли мақолалар талқини (“Оила даврасида” газетаси мисолида)

O'zbekiston Davlat jahon tillari universiteti
Илм-фан
Бугунги кунда журналистика материаллари ахборот олиш, янгиликлардан бохабар бўлиш манбаи ҳисобланади. Дарҳақиқат, ахборот бериш – журналистиканинг бирламчи вазифаси. Аммо ОАВ фаолияти фақатгина мазкур вазифани бажариш билан чекланиб қолмайди. Журналистлар ОАВ нинг қайси турига материал тайёрлашидан қатъи назар, жамиятда, дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодиса, жараёнларни ўрганиб, уларни аудиторияга етказади.
         Журналистика соҳасида ахборий жанрлар билан биргаликда таҳлилий жанрларнинг ҳам ўз ўрни ва аҳамияти мавжуд. Жамият ҳаётида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор хабар беришнинг ўзи аудитория учун етарли эмас. Бу ҳақда М.Худойқулов шундай ёзади: “Инсон ўзи кўрган, гувоҳи бўлган воқеа ва ҳодисаларни бошқаларга етказади, хабар қилади… Аммо инсон бу билан чегараланиб қолмайди, у ҳаётда кўрган, гувоҳи бўлган айрим фактларни бир-бирига қўшади, бир-биридан ажратади, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва пировард оқибатларини, туб моҳиятини билишга интилади, уларни баҳолайди, маъқуллайди ёки инкор қилади ва ҳоказо”. Айнан мана шу омил журналистларга воқелик ҳақида хабар бериш билан бирга, уни таҳлил қилиш, баҳолаш ва шунинг натижасида маълум хулосаларга келиш талабини қўяди. Ушбу талабларни бажариш воситаси сифатида таҳлилий жанрлар ишга тушади.
         Таҳлилий журналистикадаги ҳар бир жанр маълум бир мақсадни амалга оширишга хизмат қилади. Жумладан, корреспонденцияда воқеа-ҳодисалар ҳақида  нафақат хабар қилинади, балки улар тўғрисида батафсил маълумотлар ҳам берилади. Бу эса ёритилаётган воқеликнинг омма онгида янада аниқроқ тасаввур уйғотишига хизмат қилади. Ёки шарҳ жанри ҳақида гап кетганда, унинг аудитория дунёқарашини шакллантириш, фикр уйғотиш каби хусусиятларга эга эканлиги кўринади. Шулар қаторида, таҳлилий журналистикада муаммоли мақола жанри ҳам мавжудки, унинг бугунги кундаги аҳамияти ва жамият ҳаётига, воқеалар ривожига, омма онгига таъсирини инкор қилиб бўлмайди.
  Муаммоли мақолалар жамият ҳаётининг исталган соҳасидаги мураккаб, ечими топилмаган масала ва айни давр учун долзарб бўлган муаммоларга бағишланади. Журналист маълум бир муаммони ёритар экан, энг аввало, уни мукаммал ўрганади. Унинг моҳияти, келиб чиқиш сабаблари, салбий оқибатлари ҳақида маълумотлар тўплайди. Факт, далиллар орқали муаммони баҳолаб, унинг қанчалик долзарб эканлигини исботлайди ва албатта, маълум хулосаларга келади. Бу жараёнда таҳлилнинг аҳамияти катта. Таҳлил русча анализ сўзидан олинган бўлиб, илмий текшириш усули, объектив воқеликни илмий билиш, ўрганиш воситаси, текшириш деган маъноларни англатади. Кўтарилаётган муаммони таҳлил қилиш натижасида унинг моҳияти очиб берилади. Аммо бунда шу мавзуга доир маълумот ва фактлар етарли бўлмаса, фикрлар ишончли бўлмайди. Бу эса мақоладан кўзланган мақсаднинг амалга ошмай қолишига олиб келади.
Журналист асарида кўтарилаётган муаммо қанча торроқ олинса, уни очиб бериш, таҳлил қилиш натижасида юзага келган фикр ва хулосалар янада аниқроқ бўлади. Бундан ташқари, мақоладаги ечими топилмаган масалага объектив ёндашиш мақсадга мувофиқдир.
Журналистика назариясига оид манбаларда мазкур турдаги мақолада кўтарилган муаммонинг келиб чиқиш сабаблари, омилларини кўрсатиш билан биргаликда унга ечим топиш вазифаси ҳам кўндаланг қўйилади. Бу вазифани қатъий деб тушунмаган маъқул. Чунки жамият ҳаётидаги муайян муаммони биргина шахс ҳал қила олмайди. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, таклиф бермасдан туриб, бирор нарсани рад этиш ҳам ноўрин. Зеро, кўпчиликни қийнаётган саволни қайта-қайта такрорлашдан фойда йўқ.
Бугунги кунда ўз ўқувчиларига эга бўлган “Оила даврасида” газетасида муаммоли мақолаларни кўплаб учратиш мумкин. Газетанинг 2014 йилги сонларидаги “Реклама ўрнида… эмас ёхуд нимани тарғиб қиляпмиз?”, “Уятдан эмас, қадаҳдан қизарган юзлар”, “Гўдак учун фонограмма меҳр”, “Ишқибозликдан бир инсон умрининг тугашигача...” ва шу каби материаллар шулар жумласидандир. Бундай мақолалар, асосан, “Долзарб мавзу”, “Бугуннинг гапи” рукнлари остида мунтазам эълон қилиб борилади. Оилада, жамиятда содир бўлаётган муаммоли вазият ва жараёнларни ёритишда “Оила даврасида” газетасини фаол дейиш мумкин. Газетадаги бундай мақолалар сонининг кўплиги яхши, албатта. Аммо шу ўринда, ҳар ишнинг миқдори билан биргаликда унинг сифат даражаси ҳам муҳим эканлигини таъкидлаш лозим. Мақолаларнинг сифат даражасини белгилаш учун эса унинг ҳар бир элементини алоҳида ўрганиш мақсадга мувофиқ. Энг аввало, мавзу ҳақида гап кетганда, газетадаги мақолаларда танланган масала, кўтарилаётган муаммоларнинг ҳақиқатан мавжуд эканлигини, уларнинг эътиборга муҳтожлигини рад этиб бўлмайди. Масалан, газетанинг 2014 йил 16 октябрь сонида эълон қилинган “Дўппи кийган қорбобо ёхуд “Давлат тили ҳақида”ги қонун бузилса, ким ҳуштак чалади?” номли мақолада сўз юритилган мавзу ҳали-ҳануз долзарблигича қолиб келмоқда. Ўзбек тилига давлат мақоми берилган вақтдан 25 йил ўтган бўлсада, кўчалардаги ёзувларнинг имло қоидаларига зид тарзда ифода этилиши, оғзаки ва ёзма нутқда чет тилларидаги сўзларнинг ноўрин қўлланилиши каби ҳолатларни кўриш мумкин. Мақола муаллифи Умид Ёқубов айнан мана шу мавзуларга эътиборини қаратади. Ушбу журналистик асардаги яна бир жиҳат – фактларнинг қўлланилиши ўрганилганда, суратларда муҳрланган ҳолатлар муаллиф кўтараётган муаммонинг қанчалик аҳамиятли эканини кўрсатиб беради. Cоҳага оид ўқув қўлланмаларда ёзилишича, муаммоли мақолада “фикрлар асосланган, ўринли мулоҳазаларга бой ва энг асосийси, таъсирчан фактларга эга бўлиши жуда муҳим”. Бу жиҳатдан газетада эълон қилинган ушбу материалдаги шаҳар кўчаларидан олинган суратларни таъсирчан фактлар қаторига киритишимиз мумкин. Мақолани кўздан кечириш жараёнида қуйидаги ўринлар эътиборни тортади: “Кейинги вақтлар ёш оналаримиз орасида боласини янгича хиргойи билан эркалаш “урф”га кирди: “Жажжи чикко, чикко, чикко...”. Бироқ бу сўзнинг маъносини ўзи билмайди. “Сhicco” брендидаги болалар либослари ва оёқ кийимлари машҳур.  “Сhicco” шу бренд эгаси ўғлининг исми – Энриконинг қисқартмаси (худди Дилшодни – Дилиш, дегандай)”. Муаллиф chicco сўзининг кундалик ҳаётимизда ноўрин қўлланилаётгани хусусида сўз юритар экан, фикрини асослаш мақсадида худди шу номли бренд тўғрисидаги фактни келтиради. Журналистикада фикрни далиллаш учун келтириладиган маълумотни камида 2та манбадан излаш кераклиги таъкидланади. Мақола муаллифи шу қоидага амал қилган ҳолда иккинчи фактни келтириб ўтади: “Кейин инглизчада полапон маъносини англатувчи “chick” сўзи ҳам бор. Лекин энди хўрозқанд чет элники экан, деб… Бунчаликмас-да...”. Бироқ далиллар ишончли ҳамда ўринли бўлиши  учун турли манбаларни ўрганиш баробарида улардан айнан мавзуга дахлдорларини ажратиб олиш ҳам катта аҳамият касб этади. Шу ўринда, муаллиф сhicco сўзининг яна бир маъносини кўздан қочирганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. www.diccinario.ru сайтидаги испанча-русча луғатда ҳам ушбу сўз мавжуд ва испан тилидан таржима қилинганда у ўғил бола, болакай, йигитча каби маъноларни англатади.  Бу эса қўшиқ матнидаги мазмунга мувофиқ. Муаллиф келтириб ўтган иккинчи фактни тўғри танланган деб бўлмайди. (эътибор беринг: chick ва chicco – бу икки хил сўзнинг шакллари ҳам турлича). 
Муаммоли мақола нафақат ҳаётдаги мавжуд муаммоли вазиятнинг борлигидан жамоатчиликни хабардор қилади, балки бу вазиятдан чиқиб кетишнинг амалий йўлларини ҳам ўзида ифода этади. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, “Оила даврасида” газетасида эълон қилинадиган муаммоли мақолалар талабга жавоб бермаслигини кўриш мумкин. Жумладан, юқорида сўз юритилган мақолада мураккаб масалалар кетма-кет кўрсатиб кетилган. Аммо уларнинг бирортаси тўғрисида уларни ечиш учун таклифлар берилмаган. Мана мазкур мақоладан олинган парча: “Балки “программная площадка” рус тилида кўзланган маънони берар, бироқ уни “дастурлар майдони”, деб ўзбекчалаштиришга уриниш қорбобога зўрлаб дўппи кийгизишдай гап”. Муаллиф шу ўринда фикрини тугаллаб, кейинги масала тўғрисида сўз очади. Бу ҳолатни газетанинг турли сонларида эълон қилинган кўплаб мақолаларда кузатиш мумкин.
Муаммоли мақола ёзиш жараёни мураккаб. Чунки жамият ҳаётида долзарблигича қолаётган маълум масалани таҳлил қилиш, бу борада жамоатчилик фикрини уйғотишга хизмат қилиш ва шу масалага доир ечим йўлларини таклиф этиш журналистдан қатор жиҳатлар, хусусан, кўпроқ изланишни талаб қилади. Журналистлар аудиториядан, жамиятдан бир қадам олдинда юриши кераклиги бежиз таъкидланмайди. Зеро, муаммони ҳар томонлама ўрганиб, уни баҳолай олиш фақат дунёқараши кенг, тафаккур даражаси юқори бўлган инсонларгагина хос.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, Ўзбекистон ОАВ, уларнинг бир тури бўлмиш газеталарда таҳлилий жанрларнинг, яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда, муаммоли мақолаларнинг ўрни ва аҳамияти катта. Мисол тариқасида кўриб ўтилган “Оила даврасида” газетасининг ҳар бир сонида камида биттадан шундай мақолаларнинг мавжудлиги ва уларнинг жамиятимиз ҳаётидаги муҳим масалаларга бағишлангани фикримизнинг далилидир. Аммо бу борада мавжуд бўлган баъзи нуқсон ва камчиликларнинг эътиборталаб эканлиги ҳам намоён бўлди. Хусусан, танланган муаммонинг жуда ҳам кенг қамровлиги ва бунинг натижасида келиб чиқаётган фикрлардаги чалкашликлар, фактларнинг тўғри ва аниқ келтирилиши борасидаги нуқсонлар, муаммони ечиш учун таклифларнинг берилмаслиги оқибатида сўз юритилаётган мақола турига хос хусусиятларнинг ёрқин намоён бўлмаётганлиги ҳамда жамият ҳаётидаги муаммоларнинг узоқ вақт долзарб бўлиб қолаётганлиги каби ҳолатлар кузатилди. Агарда бу камчиликлар бартараф этиб борилса, муаммоли мақолалар ўз кучини кўрсатади ва кўтарилаётган масалалар аста-секинлик билан бўлсада, ечимини топади. Бу эса жамият фаровонлигини таъминлашга ҳамда омманинг ОАВга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Кумушбиби ЭРМАМАТОВА,
 
ЎзДЖТУ талабаси.  

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.