топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Кўзмунчоғинг бўлайин ватан

O'zbekiston Davlat jahon tillari universiteti
Илм-фан
Мени илк бор белашганларида бувим кўз тегмасин деган мақсадда бешигимнинг тепасига кўзмунчоқ осиб қўйган эканлар. Бало-қазою, ёмон кўздан асраш билин биргаликда бу мунчоқ уйғонган вақтларимда овунчоғим ҳам бўлган экан. Бир ёшга тўлганимда ҳамбувижоним «кўзмунчоқдек кўзларингга кўз тегмасин», деб кийимчамнинг ёқасига кўзмунчоқ қадаган эканлар. Эсимни танибманки, бувим ҳар туғилган кунимда кўзмунчоқ беришни канда қилмас эдилар. Улғайиб эсим кирганда эса, «мени туғилган кунимда эсам, бирон муваффақият қозонганимдагина табрикланглар», деб туриб олганимни ҳамон хотирлайман. Шу-шу бўлдию фан олимпиадаларида, кўрик-танловларда қатнашиб, ғалаба қозонганимда кўксимни яна бир мунчоқ безайдиган бўлди…
Айниқса, 2015 йилда «Дўрмон» ижодкорлар боғида бўлиб ўтган «Истеъдод мактаби» VII республика семинарида иштирок этганимда бутун оила аъзоларим шундай қувонишдики, бувим севинчларидан бир эмас иккита кўзмунчоқ тақиб қўйдилар. Яқиндагина «Ижод» фонди томонидан «Биринчи китобим» лойиҳасида илк тўпламим 20 000 нусхада нашр эттирилгандаги севинчимни айтмайсизми. Авайлаб йиғиб бораётган кўзмунчоқларим қаторига бир йўла бештаси қўшилди. 
Мен мустақилликка эришганимиздан уч йил ўтиб туғилганман. Бу йил 22 баҳорни қарши оламан. Юртимиз эса эрк тўйининг 25 йиллигини нишонлайди. Унга нима совға қилсам экан, дея узоқ ўйладим. Ҳар бир инсон борки, ўз қадрдонлари, суюклилари учун энг азиз нарсасини бергиси келади. Мен ҳам кўзмунчоқларим сонини санаб кўрсам 25 тага етибди. Буни қара-я, мен ҳам мустақиллик тенгдоши эканман-да! Кўксимни тўлдириб чиқаётган ушбу овоз тоғларга акс-садо бериб қайтар экан, шуурим янада тиниқлаша бошлади. Мустақиллик тенгдошларидек ўйлашга тутиндим. Ушбу йигирма беш кўзмунчоқларимни юртимнинг кўксига тақиб қўйсам, унга ҳеч бир ёмон кўзлар тегмаса, халқимга ғаним раҳна солмаса дейман…
Шошма, ахир бу 25 менинг ёшим эмас, эришган ютуқларим сони-ку! Демакки, мустақиллик тенгдоши бўлишим учун мунчоқларим ҳам шу вақт мобайнида у қўлга киритган ютуқлар миқдорига тенг бўлмоғи лозимдек…
Мунчоқларимдан бирини 1991 йилнинг кўксига тақиб қўйсам. Мустақиллик учун ташланган илк қадам. Йўқ, мен бир оз адашгандекман. Биз 1991 йил эмас, балки 1989 йилда Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган лаҳзаларданоқ мустақиллик учун дадил қадамларни ташламаганмидик? Зеро, озод бўлмоқ учун энг аввал ўзлигини англамоқ лозим. Она тили бўлмаган, ўз тилида сўзлай олмаган халқ ўзлигини англай олармиди?
     Иккинчи мунчоғимни 1991 йилнинг кўксига қадайман. Хаёлан шу йилнинг қаршисида турар эканман, Юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини эълон қилгани ва унинг сўзлари қулоқларим остида жаранглаб тургандай бўлади. Мен  эркинман дегандек юрагим кўксимга сиғмайин депсинади. Унинг ҳар бир урган овози оламни тутгандек бўлади гўё…
Шундан сўнг қаршимда кўплаб йўллар чиқади: Конституциямиз, давлат байроғи, гербимиз, матҳиямиз садолари жаҳон ареналарида туриб янграганча мени ўзига чорлаётгандек… барчасининг кўксига бирма-бир мунчоқларни қадар эканман, бувимдек дуолар қила бошлайман, илоҳим кўз тегмасин…
Йўлимда давом этмоқчи бўламан. Аммо олдимдан чиққан юзлаб, минглаб йўлларнинг қай биридан боришни билмай бошим қотади. Мустақиллигимизни қўлга киритгунча бўлган давр мобайнида олдимда биргина тор йўлак турган бўлса, энди рўпарамдан чиқаётган кенг, равон йўллар… Улар шунчалар кўпки, шунчалар гўзалки, кўриб кўзим қувнайди, бахтдан бошим айланади…
Бир ёнда ўзбегим санъатини дунёга кўз-кўз қилаётган «Ўзбегим ёшлари», яна бир ёнда кўксини олтин медаллар тўлдирган жаҳон чемпионлари, халқаро миқёсда ўтказилаётган фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритаётган юртдошларим, вой бу «Зулфияхоним қизлари»нинг ибо билан туришини айтмайсизми… Мустақиллик шарофати билан қайтадан кўркига кўрк қўшилган қадимий миноралар, бунёдкорлик ишлари, ҳеч бир шаҳардан қолишмайдиган сўлим қишлоқлар. Мен мунчоқларимни қай бирининг кўксига қадай?! Уларнинг ҳеч бирига кўз тегишини истамайман, аммо мустақиллик даврида қўлга киритган ютуқларимиз мен ўйлаганимдан ҳам шунчалар кўп эканки, унга йигирма беш эмас йигирма беш минг мунчоқ ҳам камлик қиладигандек назаримда…
Демак, олдимда ҳали қанча-қанча довонлар, забт этишим керак бўлган марралар турибди. Балки, ҳаёт йўлимда оғир синовларга дуч келарман. Лекин сабот ва матонат билан олға интиламан, муваффақиятларга эришиб юртим учун минглаб кузмунчоқ олишим кераклигини яхши биламан.
Юртим! Сени ёмон кўзлардан асраш учун тақмоқчи бўлган кўзмунчоқларим етмасов. Аммо, сен шуни билгинки, бир ҳовуч тупроғингни асраш учун юрагини кўзмунчоқ қилиб кўксингга қадашга тайёр бўлган фарзандларинг бор!
Чарос ЁҚУБОВАЎзДЖТУ халқаро журналистика факултети талабаси.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.