топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

АТТАНГ…Ёҳуд мени хафа қилган “мен”

O'zbekiston Davlat jahon tillari universiteti
Илм-фан
 
Ҳеч ўзингиздан қаттиқ хафа бўлиб кетган пайтингиз бўлганми? Қилган ишингиздан афсус чекканмисиз? Менда бугун шундай бўлди…
 
Адабий жараён фанидан дарс бошланди. Устозим янги топшириқни эълон қилди. Унга кўра, ўзимиз севиб ўқиган бирор бир асарни слайд шаклида таҳлил қилиб келишимиз керак. Ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг “Бахтнинг олис манзили” деб номланган дедектив-саргузашт романи ёдимга тушди. Эсимда, бу асарни 10-синфда ўқиб юрган кезларим қўлимдан бир зум ҳам қўймай мутолаа қилганман. Китоб  2009-йилда чоп этилган бўлиб, бир ўзбек йигитининг ҳаёти давомида оғир ва машаққатли  синовларга дуч келгани, у бошидан кечирган саргузаштлари эса оҳир оқибат бахтга етишгани сўзланган. Жуда қизиқ асар.
 
Шу куни дарсдан чиқиб, шаҳримизнинг кўплаб китоб дўконларини кезиб, китобни қидира бошладим. Афсуски, уни ҳеч бир дўкондан топа олмадим. Сотувчилардан бунинг сабабини сўраганимда “Китоб анча олдин чоп этилган, қолаверса, йилнинг оҳири бўлгани боис, бирор нусхаси  қолмаган, янги йилда янги нашри чоп этилишини кутишингизга тўғри келади” – деб айтишди.
 
Роман менга ҳақиқатдан ҳам жуда ёққан эди. Устозимга шу асарни таҳлил қилиб топширсам, аъло баҳо олишимга ишонар эдим. Икки-уч кун китобни қидиришга вақтимни сарфладим. Аммо барча уринишларим зое кетди. Вақт эса кам қолган…
 
Шундай бир пайтда ич-ичимдан хафа бўлиб ўзимни ёмон кўриб кетдим. Нега дейсизми? Унда эшитинг:
 
Бир неча йил олдин китоб расталарини айланиб юрганимда, юқорида айтган “ноёб” китобга кўзим тушган эди. Нархи 7 минг сўм экан. “Эй буни ўқиганман-ку, яна сотиб олиб нима қиламан, пул ёнимга қолсин” деб фикр юритганман. Вақтлар ўтиб бу китоб менга керак бўлиб қолишини ва  ҳатто топиб бўлмаслигини билмаган эдимда. Энди эса бу қилган ишимдан афсус чекиб, ўзимдан хафа бўлиб “Эҳ, аттанг” деб қолдим.
 
Буни қарангки,  “бунда бир белги бор, бошқа романни ҳам ўқиб чиқишим керак бўлгандир балки” деб ҳам ўйладим. Шундай ҳам бўлди. Ёзувчи Зулфия Қуролибой қизининг “Машаққатлар гирдоби” деган романни ўқиб чиқиб, устозим айтган топшириқни аъло даражада бажардим. Эндиликда, юқорида қилган хатойимдан яхшигина хулоса чиқариб, энг ёқтирган китобларимни тўплай бошлаганман. Китоб жавоним эса, анча бойиб қолди.
 
            Азиз китобхон! Сиз ҳам шундай ҳолга тушганмисиз? Агар тушмаган бўлсангиз энг ёқтириб ўқиган ва айни дамда мутолаа қилаётган китобларингизни сақлаб боринг! Акс ҳолда ҳудди мендек “Эҳ, аттанг” деб қоласиз!
 
Муҳаммаджон ХЎЖАЕВ
 
ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси
 
 
 

1 изоҳ

avatar
Hurmatli Muhammadjon,
Kitob javoningizni suratga olib UZREPORT kanalining yangi loyihasida qatnashishingizni maslahat beraman. Ishlaringizda omad.
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.