топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўқувчилар тўгараги (ҳикоялар туркуми)

Арбоблар
Жамият

Islom Karimov — Ислом Каримов, болаларча содда, болаларча беғубор инсон эди. Болаларча орзу қиларди, мўъжизаларга болаларча ишонарди, болаларча келажакка интиларди, — дейди Самарқанд шаҳридаги, Президент ўқиган 21-мактабнинг кекса ўқитувчиси Мустахкам Останақулова.

 Бизнинг мактабдан Ислом Каримовнинг оёғи ҳечқачон узилмаган. Агар Ислом Каримов болалигини соғинмаганда, ўқувчилик йилларини эсламаганда, болаликдан қолган ширин хотираларни қўмсамаганда, бизнинг мактабга тез-тез келмас, болалар билан болаларча суҳбатлашмасди. Ислом Каримов болалигида учувчи бўлишни орзу қиларди. Тасаввур қилинг-а, қирқ тўққизинчи, эллигинчи йилларда Ислом Каримов учувчи бўлишни орзу қилган ва мактабдаги авиамодельчилар тўгарагининг фаол аъзоси бўлган.

 Тўгарак раҳбари Иван Алексеевич Колениченко бизга бир қизиқ воқеани гапириб берганди: “ Кечки пайт эди. Мактабда қоровулдан бошқа ҳеч ким йўқ, бизнинг синфнинг чироғидан ўзга чироқлар ўчирилганди. Уч тўрт ўқувчи билан самалётларнинг янги моделини ясаб ўтиргандик. Бир пайт эшик тақиллаб қолди. Ўқувчиларнинг ота-оналаридан бўлса керак дея, жойимда турган ҳолатда: “Кираверинг, эшик очиқ”,-дедим, ва ишимни давом эттиравердим. Биз болалар билан ишга берилиб кетган эдик. Бир пайт ортга ўгирилиб қарасам, тепамда Ислом Абдуғаниевич турибди. У пайтда Қашқадарё вилоятининг обком секретари эди. Қучоқлашиб кўришдик. Ислом Каримов болалик пайтларида авиамодельчилар тўгарагида кечки ўн, ўн биргача қолиб кетар эди. Шунинг учун ҳам у кейинчалик Политехника институтига ўқишга кирди, Авиация заводида ишлади. Хуллас ўша куни тун ярмигача суҳбатлашиб ўтирдик.

 Ислом Каримов тўгарак ҳалиям ишлаяптимикин, издошларимиз бормикин, болалар сомалётлар ясаяптимикин, сомалётсозликни ўрганаяптимикин, деган хавотирда экан. Бизни кўриб қувониб кетибди. Ўшанда у ҳаммага совға-салом улашди. Ўқувчиларга фақат “Аъло” баҳоларга ўқишни тайинлади. Бу кутилмаган учрашувдан бошим осмонга етди.”

  — Ислом Каримов ясаган авиамоделлар мактабимизда ҳали ҳам турибди. Буюк инсонлар буюк болалар туфайли дунёга келишини унутмайлик,- дея сўзини якунлади Мустаҳкам Останақулова.

  (Муҳтарам ФБдош дўстлар! Ислом Каримовнинг жойи жаннатдан бўлсин. Кимки мен сингари у зотдан миннатдор бўлса келинглар дуо қилайлик. Зеро, бу дуомиз холис дуодир. Мен, 25 йил давомида у киши ҳақида бирор мақола, бирор шеър ёзмаган эдим. Энди ўйлаб қарасам, Ислом Каримов менга ҳам, халқимизга ҳам кўп яхшиликлар қилган экан. 25 йил давомида тинч-осуда, бахтли-саодатли ҳаёт кечирдик. Қисқаси ўз умримдан, ҳаётимдан мамнунман. Ношукур бўлмайлик. Худо фақат ношукурларнигина жазолашини, ношукурларнинг биринчиси Шайтон эканлигини унутмайлик. Ким ўз кечирган ҳаётидан мамнун бўлса, Оллоҳ уни яхши яшаши учун Ислом Каримовни сабабчи қилиб қўйгандир. Ўз ҳаётидан мамнун эмасларнинг ихтиёрлари ўзларида. Оллоҳнинг даргоҳи кенг. Уларга ҳам омад ёр бўлсин!)

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.