топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Олтин медаль соҳиби. Исломжон бобоси Амир Темурни ардоқларди, унда Амир Темурнинг шижоати бор эди

Арбоблар
Жамият

Бундан бир неча йил муқаддам Самарқанд шаҳрига, Президентимиз Ислом Абдуғаниевич ўқиган 21-мактабга борган эдим. мени, Ислом Абдуғаниевичнинг болалик чоғлари қизиқтирар, “бўладиган бола бошидан маълум” иборасини ишлатиб, ҳаммани лол қолдирувчи мақола ёзсам дердим.

 Мактаб Ислом Абдуғаниевич ўқиган пайтлари қандай бўлса, ўша ҳолатда сақланиб қолган, кўҳна ва шинам, стол, стул, доскалар, хоналар ўша ўша, ҳатто Ислом Абдуғаниевич тутган кундалик дафтарлар, иншо дафтарлари, табеллар, биринчи синфдан то юқори синфгача синфдошлар билан тушган суратлар, винеткалар, бироз сарғайиб, йиллар нуқси урганини айтмаганда ҳаммаси гард юқтирилмай сақланган эди. кундалик дафтарга қўйилган баҳолар, тўғриси мен умуман кутмаган, мени бу қадар ҳайратга солади деб ўйламаган, яъни ҳаммаси “аъло” – “5” баҳолар эди. йиллар давомида бирорта “4” олмаслик, назаримда ақлимга сиғмасди.
  Ҳайратимни яширолмай, “ростдан ҳам шундай бўлганми?” деган маънода мактаб директори Сайёра Маликовага юзландим.

  — Бу жуда қизиқ, — деди Сайёра опа,- Президентимиз мактабни тугатган 1955 йилда, Самарқанд вилоятига фақат битта олтин медаль келган. Ўша олтин медални Ислом Абдуғаниевич олганлар. Ўша йили вилоятда ўқувчилар ўртасида ўтқазилган олимпиаданинг мутлоқ ғолиби ҳам Ислом Абдуғаниевич бўлганлар. Бундан ҳам қизиғи, Ислом Абдуғаниевични кўп йиллар ўқитган устози, кекса педагог Ҳалим Абдураҳмонов, 1955 йилда Ислом Абдуғаниевичга топширган “Фахрий ёрлиқ”нинг орқасига қолдирган ёзувдир:

  “Мен бутун умримни педагогикага бағишладим. Олтмиш йиллик фаолиятим давомида минглаб болаларга устозлик қилдим. Аммо шу

Islom Karimov

 йиллар ичида Ислом Каримовдай зукко, ақлли, илмга чанқоқ, дўстларининг меҳру-муҳаббатини қозонган бошқа ўқувчини учрата олмадим. Ислом Каримовга ўнинчи синфни битирув кечасида олтин медаль топширишим, ҳаётимнинг энг саодатли дақиқаларидир!”

  1955-йилда олимпиаданинг мутлоқ ғолиби бўлиш, “олтин медаль” олиш ва кекса педагогнинг бундай олқишига сазовор бўлиш – бу жуда
 катта бахт! – дея сўзларди Сайёра Маликова.

  -Кекса устоз Ҳалим Абдураҳмоновнинг ўқувчи Исломжонни бу қадар эъзозлашининг боиси нимада? – дея сўрадим мактаб директори Сайёра Маликовадан.

  -Албатта, ўқитувчи синфда ҳаммага бирдай қарайди. Ҳаммага бирдай таълим тарбия беради. Лекин ҳаммага бирдай меҳр беролмайди. Чунки, бировни бировга меҳр боғлаши Худодан. Ҳалим Абдураҳмонов Исломжонни кўрсатиб, бу болада бир хислат бор, ҳеч кимда йўқ бир фазилат бор, шу болани Худога ёқадиган бир жиҳати бор, дея ҳамиша айтиб юрарканлар. Бир куни одамлар, у қандай фазилат дея, сўрайвергач, бир бўлган воқеани айтиб берган эканлар. 1952-1953 йиллар, ҳали Сталин тирик пайтда, Ислом Абдуғаниевич 8-синфни битириб, ёзги таътилни тугатиб, синфдошлари билан Шаҳрисабзга боришни мақсад қилади: “Мана шу тоғнинг нариги тарафида Шаҳрисабз шахри бор. У ерда буюк саркарда бобом Амир Темур ҳазратлари таваллуд топган. Мен ўша жойларни зиёрат этишим шарт,-дейди. Табиийки, у пайтларда Амир Темурни зиёрат қилиш тугул, номини айтишга одамлар қўрқарди. Ислом бу ҳақда синфдошларига айтганда, синфдошлари тум-тарақай қочиб кетади. Мен ҳам Исломжонни омон сақлаш учун уни йўлдан қайтаришга роса уриндим, ялиниб ёлвордим, қўрқитдим, дўқ-пўписа қилдим, аммо барча ҳаракатларим зое кетди. Исломжон ўша ёзда Шаҳрисабзга яёв бориб келди. Мен бу ҳақда гап чиқмаслигига қанча ҳаракат қилсам ҳам бутун мактаб бу воқеадан воқиф бўлди. Мен Исломжонни мардлигига тан берганман. Исломжон бобоси Амир Темурни ардоқларди, унда Амир Темурнинг шижоати бор эди, шу сабаб ҳам Исломжонни Амир Темурнинг руҳи бир умр қўллаб келган бўлса ажаб эмас.

  Азиз дўстларим! Худо шоҳид, ушбу сўзларни Сайёра Маликовадан қандай эшитган бўлсам шундайича сўзма-сўз ёзаяпман. Ҳозир йиғидан бошқа, тўғри сўз ёзишдан бошқа ҳеч нарса кўнглимга сиғмайди. Бу сўзлар менинг бўйнимдаги қарз сўзлар эди. Муҳтарам Президентимиз тирикликларида бу сўзларни ёзишим керак эди. Аммо истиҳола қилганман. Келинглар, тириклигимизда бир-биримиздан меҳримизни аямайлик, муҳаббатимизги изҳор қилишдан тортинмайлик.)

Муҳаммад Исмоил

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.