топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Гулсафсарлар

Ботаника боғи
Илм-фан

Юртимиз флораси ўзининг манзарали ўсимликларга бойлиги билан ажралиб туради. Табиатимиз кўрки бўлган бундай ўсимликлар инсон фаолияти таъсирида камайиб бораётгани, бугунги кунда уларни муҳофаза қилиш масаласига жиддий эътибор беришни талаб қилмоқда.


Асрлар мобайнида Ўзбекистон ҳудудида кўплаб илмий изланишлар олиб борилган ва ҳозирги кунда ҳам бу тадқиқотлар давом этмоқда.


Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 1 августдаги 211-сон,  2014- 2017 йилларда Ботаника боғини ривожлантириш концепцияси тўғрисидаги қарорига мувофиқ Республикамизда ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш борасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.


Ўзбекистон флорасида манзарали ўсимлик турлари кенг тарқалган бўлиб, бу турлар асосан тоғ ва тоғ олди минтақаларда макон топган. Флорамиздаги манзарали турларнинг кўпчилигини пиёзбошли ва туганакли ўсимликлар ташкил этади. Флорамиздан ўрин олган бундай ноёб манзарали ўсимликлар орасида Сафсардошлар оиласига мансуб ўсимликлар ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туради ЎзРФА “Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти” ботаника боғида ҳам, бу оиланинг “Қизил китоб”га киритилган вакиллари устида табиий ва интродукция шароитида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.


Камёб ўсимликларни асраб-авайлаш мақсадида ҳукумат қарорлари асосида Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобини нашр этиш йўлга қўйилди. Буларнинг ҳаммаси она табиатни ва унинг ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилишга қаратилган.


ЎзРФА “Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти” Марказий гербарийси маълумотларига кўра Ўзбекистон флорасида Сафсардошлар оиласининг 40 дан ортиқ вакиллари тарқалган бўлиб, ҳозирда Ботаника боғидаги ноёб ўсимликлар коллекциясида 20га яқин турлар устида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Камёб турларни табиий экосистемалар ичида (in-sity) муҳофаза этиш билан бир қаторда Ботаника боғлари шароитига интродукциялаш орқали сақлаб қолиш (ex-sity) табиий генофондни асраб қолишнинг муҳим асосларидан бири саналади.


Ботаника боғи коллекцияларидаги маҳаллий ва бошқа районларга тегишли ўсимлик ресурсларининг биологик хилма-хиллигини сақлаш ва тўлдириш, улардан илмий ва амалий фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон флорасидаги “Қизил китоб”га мансуб эндем, йўқолиб бораётган манзарали ўсимликлар коллекцияси яратилмоқда. Бу турларнинг биоэкологик хусусиятлари табиий ва интродукция шароитида ўрганилмоқда.


   Ҳозирги вақтда Ботаника боғида бундай ноёб ўсимликларнинг 100 дан ортиқ турдан иборат коллекцияси яратилган бўлиб, сафсардошлар оиласининг юқоридаги вакиллари ҳам бир неча йиллардан бери бу ўсимликлар коллекциясини безаб турибди.


Манзарали ўсимликларнинг экологияси, кўпайиши, турли шароитларга мосланувчанлигини ўрганиш, нафақат уларни сақлаб қолишга балки келгусида улардан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришда унумли фойдаланишда хам муҳим роль ўйнайди. Сувсизликка ва шўрланишга чидамли кўп йиллик манзарали ўсимликларни кўпайтириш усулларини ишлаб чиқиш, юртимизни янада обод бўлишини таъминлайди. Табиий флоранинг ноёб ўсимликларидан кўчаларимиз, истироҳат боғлари, мактаб ва болалар боғчаларини янада файзли бўлишида фойдаланиш табиатни муҳофаза қилибгина қолмай, экологик тарбиянинг шаклланишида ҳам муҳим омил бўлади.Табиатимизнинг муҳим бўлаги саналмиш ўсимликларимизни авайлаш, уларни келгуси авлодларга  зиён етказмай мерос қолдириш ҳар бир фуқаронинг бурчи саналади.


         Шахснинг эстетик маданияти, онги, тафаккурини шакллантириш ва ривожлантириш комил инсон тарбиясининг ажралмас қисми ҳисобланади.


 Инсон табиатнинг бир бўлаги саналади. Табиатни асраш-бу ўзимизни, фарзандларимизни, яқин инсонларимизни асраш демакдир.


Тургунов М.Д.


ЎзРФА “Ўсимлик ва ҳайвонот олами


генофонди институти” илмий тадқиқотчиси.

1 изоҳ

avatar
Rahmat, juda yaxshi maqola.
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.