топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ботаника боғи ҳақида нималарни биласиз?

Ботаника боғи
Илм-фан

Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти Ботаника боғи 1943 йил ташкил қилинган ва 1950 йилдан бошлаб ҳозирги жойда 1960 йилгача барпо этилган. Ботаника боғи Тошкент шаҳрининг жанубий шарқий қисмида жойлашган бўлиб, 65,34 гектардан иборат.


Ботаника боғи ўз мавқеи жиҳатидан илмий тадқиқот муассасаси бўлиб, ўзга ҳудудлардаги ўсимлик турларини Республикамиз шароитида интродукцияси ва иқлимлаштирилишини ўрганади ҳамда ўсимликлар дунёси генофондини сақлаш, ботаника соҳасидаги билимларни шу соҳага тегишли талабаларга амалий машғулотларни ўташ (ТошДАУ, ТошФарми, Ўзбекистон МУ, Тошкент Ирригация ва мелиорация институти ва бошқ.) ва маданий-маърифий жиҳатдан аҳолига хизмат қилиш вазифасини бажаради.



Ботаника боғининг 43.5 гектар майдонида дендропарк, 5 гектар майдонида кўкаламзорлаштириш учун манзарали кўчатлар етиштириш питомниклари, тропик ва субтропик ўсимликлар ўсадиган оранжерея, иссиқхоналар ҳамда ҳудуд атрофида 16 гектар ихота дарахтзорлари жойлашган.   


Ботаника боғида 4500 дан зиёд ўзга ҳудудларга мансуб бўлган ўсимлик турлари, шакллари ва навлари сақланади ҳамда ўстирилади. Дендропарк  географик принципга (Энглер систематикаси) асосланган ҳолда қуйидаги бўлимларга бўлинган: Ўрта Осиё флораси (12 га); Европа Қрим Кавказ флораси (4.5 га); Шимолий Америка флораси (9 га); Шарқий Осиё  флораси (9 га) ва Узоқ Шарқ флораси (4 га) га мансуб ўсимликлар экспозициялари жойлаштирилган. Ботаника боғининг асосий ҳудуди катта ва кичик партьерлардан иборат бўлиб, марказий қисмида катта айлана шаклида қуруқ ҳовуз жойлашган. Ботаника боғидаги НОЁБ коллекцияда ер шарининг турли минтақаларидан интродукция қилинган: гулли-манзарали ўсимликлар – 1000 дан ортиқ тур, дарахт ва буталар – 2000 дан ортиқ, доривор ўсимликлар – 300 турни ташкил этади. Иссиқхона ва оранжереяларда 1000 дан ортиқ ноёб тропик ва субтропик ўсимлик турлари, шакллари ва навлари ўстирилади. Бундан ташқари Ботаника боғида биологик, систематик, карантин, илмий ишлаб чиқариш тажриба майдонлари, ҳамда Ўрта Осиёнинг камёб ва эндемик турларининг майдонлари ҳам мавжуд.


         Ҳозирги кунда ботаника боғида 3 та илмий (Дарахт ва ўт ўсимликлар интродукцияси, Молекуляр биология ва биотехнология, ҳамда Доривор ўсимликлар интродукцияси) лаборатория фаолият олиб бормоқда.


                Ботаника боғининг мавжуд экспозиция ва коллекцияларини доимий равишда тартибга тушириш ва боғнинг эстетик кўринишини сақлаш, экспозициялардаги турлар хилма-хиллигини тўлдириш учун доимий равишда илмий ходимлар ва техник персонал талаб қилинади.


 2008-2013 йиллари мобайнида Ботаника боғида бир қатор ишлар амалга оширилди.


  1. Ҳозирги вақтда кўкаламзорлаштиришда кенг фойдаланиладиган игна баргли ўсимликларниннг 0.6 гектарли питомниги ташкил этилди.

  2. Ўсимликларни тез илдиз олдириб кўпайтириш учун 0.4 гектарли сув парлатиш ускунаси ўрнатилди.

  3. Мазкур йилдан бошлаб бу ерда «Молекуляр биология ва биотехнология» лабораторияси иш бошлади. Бундан асосий мақсад, Ўзбекистон шароитида кўча ва хиёбонларни кўкаламзорлаштиришда қўлланиладиган манзарали ўсимликларни клонал кўпайтириш, уларни илдиз олдиришни ўрганиш борасида илмий изланишлар олиб бориш ва келажакда ўсимликлар питомникларини яратишдир. Буларнинг барчаси импорт ўрнини босувчи ўсимликларни етиштириш имконини беради.



Шунингдек, ботаника боғи илмий ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг Республикамиз кўкаламзорлаштириш ишлари бўйича бир қатор қарор ва фармонлари ижро этиб келинмоқда.


Жумладан:


  1. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 12 майдаги “Ўзбекистон Республикаси шароитида манзарали “Лола дарахти” кўчатини етиштиришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 03-13-2-сонли йиғилиш баёни асосида 2012-2013  йиллар давомида 9 та республика ўрмончилик хўжаликларига 20 000 га яқин туп лола дарахти ёш ниҳоллари етказиб берилди.

  2. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги Лола дарахти ва қрим қарағайи кўчатларини экишни кўпайтириш тўғрисидаги 683-сонли фармойиши Институт Ботаника боғи ҳудудида 0,1 гектар Қрим қарағайи ва 0,2 гектар Лола дарахтлари кўчатларини етиштириш учун питомниклар ташкил этилди. Республикада Лола дарахти ва  Қрим  қарағайи кўчатларини экиш ва парвариш қилишга, минтақаларнинг тупроқ ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда уларни экишни районлаштириш бўйича  тавсиянома ишлаб чиқилди  ва ўрмон хўжаликларига тарқатилди.


 


         Ботаника боғи ҳудудини ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган масканга айлантириш мақсадида қайта таъмирлаш (реконструкция) учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 ноябрдаги ПП-1855 сонли қарорига асосан инвестиция дастурига киритилган. Дастур асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 28 апрелдаги 97-сонли мажлис баённомасининг 1-банди ижросини таъминлаш мақсадида ЎзР ФА ЎваҲОГИ вакили, ЎзДавАрхитекқурилиш вакили ва дизайнерлар делегацияси Пекин шаҳридаги Ботаника боғининг ландшафт дизайнини ўрганиш учун сафарда бўлишди. Сафар натижалари 2 жилдлик фотоальбом сифатида ЎзР ВМсига киритилди. Шунингдек, ЎзР ВМнинг 2013 йил 28 апрелдаги 97-сонли йиғилиш баённомасининг 4-бандида кўрсатилган Тошкент ботаника боғининг реконструкцияси бўйича барча лойиҳалар Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ томонидан тайёрланди.


Янги лойиҳага кўра, Ботаника боғининг ҳозирги замон талабларига жавоб бера оладиган инфраструктураси шаклланади. Яъни, кириш қисми ва боғнинг йўл устида жойлашган объектлар, мавжуд оранжерея ва иссиқхоналар, коммунал-хўжалик ва суғориш тизимлари (сув чиқариш каналлари, ариқлар ва кўллар), боғдаги мавжуд экспозициялар реконструкция қилинади; Ботаника боғининг ташриф маркази, Ўзбекистоннинг табиий-маданий меросини ва бойлигини акс эттирувчи кўргазма экспозицияси,  флора ва фауна тадқиқотларини ривожлантириш учун гербарий ва зоологик коллекцияларни ҳамда молекуляр биология ва биотехнология лабораториясини ўзида мужассам қилган замонавий илмий мажмуа, илмий-маърифий характердаги маданий тадбирларни ўтказиш учун “яшил театр” ва боғнинг четки қисмида техника ва механизмларни сақлаш учун “хўжалик ҳовлиси” қурилиши мўлжалланган. Шунингдек, боғ ҳудудидаги экспозицияларда географик келиб чиқишига асосланган ҳолда айвончалар қурилиши ва ландшафт дизайн ишлари, ҳамда 7 км ли маршрут экскурсия йўлларини қайта таъмирлаш амалга оширилади. 


         Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институтининг Ботаника боғини ободонлаштириш ва замонавий талабларга мос масканга айлантириш масалалари тўғрисида” 14.01.2014 й. 4-сонли баёнидаги вазифаларни ижроси бўйича амалий ишлар жадал бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институтининг Ботаника боғини ривожлантириш ва реконструкция қилиш концепцияси ишлаб чиқилган. Концепцияга кўра Ботаника боғини ривожлантириш ишлари 5 та йўналиш бўйича амалга оширилади: 1. Инфраструктура ва моддий-техник базани ривожлантириш; 2. Илмий-тадқиқот ва селекция фаолиятини ривожлантириш; 3. Ўсимлик дунёси генофондини сақлаш ва уни бойитиш; 4. Экологик-маданий-маърифий ва таълим фаолиятини ривожлантириш; 5. Ахборот-коммуникация технологияларни қўллашни жорий этиш ва уни кенг тарғиб қилиш.  


Институт директори, б.ф.д.                               Б.Е. Тухтаев

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.