топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

БАДАНГА СУВРАТ ЧИЗИШНИНГ ОҚИБАТИ.

номли блог Maqsud07
БАДАНГА СУВРАТ ЧИЗИШНИНГ ОҚИБАТИ.
     Яратган зот томонидан инсонга берилган неъматларни санаб адоғига етолмайсиз. Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида шундай марҳамат қилади: “Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик (улуғладик)”, “Дарҳақиқат Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик”. Парвардигори олам инсонни гўзал сувратда бенуқсон яратиб, уни мукаррам қилди, яъни бошқа махлуқотлари ичида азиз қилиб қўйди. Инсон учун неки зарур бўлса, унинг жисми ва атрофида муҳайё қилди. Бунинг эвазига эса биздан арзимаган нарса – шукр айтишни, ибодатни талаб қилди холос. Аммо,  бу бандаси ношукр экан. Баъзан кўча-кўйда ўзига берилган неъматларга ношукрлигини  ўз жисмида зоҳир қилган кишиларни кўриб қоламиз. Гап нима ҳақда бораётганлигини сезган бўлсангиз керак. Баданга игна билан суврат чизиш – татировка, бунга бизнинг муқаддас динимиз қандай қарайди. Шариати Ислом баданга турли нарсаларнинг сувратини чизишни ҳох игна билан бўлсин, ҳох бошқа чизадиган асбоб билан бўлсин қатъиян ман этади ва бу амал кечирилмас гуноҳлардан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Нисо” сурасида шундай марҳамат қилади:
“Аллоҳ уни (Шайтонни) лаънатлади. (Шунда) у деди: “Қасамки, бандаларинг орасидан ўзимга тегишли насибани албатта оламан.(118). Ва уларни йўлдан оздираман, хомхаёлларга мубтало қиламан, буюрсам улар чорваларининг қулоқларини кесадилар, буюрсам Аллоҳ яратган нарсаларни ўзгартириб-бузадилар”. Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса, бас, у очиқдан-очиқ зиён қилибди”. (119).
Мазкур оятдаги “Аллоҳнинг яратган нарсаларини ўзгартириш”ларидан мурод —аёлларнинг зийнат учун қош теришлари, соч улашлари, баданга игна билан суврат чизиш каби нарсаларни англатади ҳамда бу каби нарсаларни қилувчилар Шайтоннинг буйруғини бажарувчилар ва унга дўст бўлганлар эканлиги уқтирилмоқда.
Имом Бухорийнинг “ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўпламида Абдулллоҳ ибн Масъуддан шундай ривоят қилинади: Пайғамбар с.а.в.: “Баданига игна билан сурат чизувчи аёл ва чиздиртирувчини, соч улайдиганни ва улатадиганни, ҳусн учун тишларининг орасини очувчини ва Аллоҳ (бандасида) яратган нарсаларни ўзгартирувчига Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин”,-дедилар.
Жоҳилият даврида араб аёлари қошларини тергизиб ташлаб, унинг ўрнига қора сиёҳга ботириб игна билан сунъий қошлар чизишганлар. Уларнинг ҳукми ҳақида сўралганда Пайғамбаримиз с.а.в. уларнинг барчасини лаънатлаб, мазкур ҳадисни айтганлар.
 Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади: Аллоҳнинг пайғамбари лаънатлаган кимсага мен нечун лаънат айтмайин?
Дарҳақиқат, пайғамбар қарғаган кишига ким шафқат кўрсатади? Аллоҳнинг амри қолиб Шайтон буйруғини бажариб, уни ўзига дўст тутган кишига паноҳ бўладиган кимса борми?  Албатта йўқ!
Аммо юқоридаги ҳадис фақат аёлларга тегишли бўлмасдан, ундан олинадиган умумий ҳукм эркакларга ҳам тегишлидир, чунки ҳадиснинг охирида “Аллоҳ (бандасида) яратган нарсаларни ўзгартирувчи” деган умумий ибора бордир. Ҳадисдаги айнан мана шу жумла баданга турли сувратларни чизишни Ислом дини ақидасига ёт амаллардан бири эканлигини кўрсатади.
Юқорида зикр қилинган оят ва ҳадислардан хулоса қилган ҳолда айтиш мумкинки, баданга турли хил шаклларни чизиш ва чиздириш катта гуноҳлардан биридир.
Нафақат, бу амаллар Яратганга хуш келмайди, балки, миллийлигимиз ва урф-одатларимизга хилоф бўлган бу амаллар натижасида киши соғлигига жиддий путур етиши ҳам мумкин. Бу табибларимиз эътиборига ҳавола қилинадиган алоҳида масала. 
Хўш аҳвол шу экан, на миллийлигимизга ва на динимизга тўғри келадиган, иймонимиз ва жисмимизга зарар келтиришдан бошқа нарсага ярамайдиган бундай манфур шайтоний амалдан биз ўзимизни ва бошқаларни сақлайлик!
 
“Мустаҳкам” масжиди
                имом  хатиб                                   Саъдулла  Арипов.
 
 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.