топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Бўйи паст аёлларга қандай либослар ярашади?

Блог им. feruzaxon
Аксарият қизлар бўйлари паст эканлигидан хижолат тортиб юришади. Аслида бу камчилик эмас, аммо бу ҳолат сизга ноқулайлик туғдираётган бўлса, ёрдам беришга тайёрмиз! Демак, саҳифамизда сизнинг муаммоингизни оддий усулда — кийимлар ёрдамида ҳал қилишга уриниб кўрамиз!
Қандай турдаги кийимларни танлаш лозим?
Паст бўйли қизлар иложи борича айнан бир хил рангдан тикилган (ранг-баранг эмас), қоматга бироз ёпишиб турувчи, вертикал чизиқлар акс эттирилган, этак қисми торроқ либосларни танлаганлари маъқул. Улар гавдангизни бироз узайтириб кўрсатади. Бу хонимларга классик услубдаги либослар ҳам ярашади. Иш учун либос танлаганингизда юбкаси калта ва костюми узун ёки аксинча бўлган либослар тўпламини танлаш тавсия этилмайди. Сабаби бу либос сизни янада кичик ва оёқларингизни калта қилиб кўрсатади.
Энг тўғри ечим — бежирим қора кўйлак
Қадди пастроқ ҳар қандай қизнинг либослари орасида узунлиги тизза бўйи, енги узун бўлмаган, бел қисми юқорироқдан тикилган, кичик ҳажмдаги тугма ва тошчалар билан бежирим безатилган кўйлаклар бўлиши лозим. Қора рангдагилари эса сиз учун айни муддао! Аммо ўта озғин қизларга қора рангни тавсия эта олмаймиз. Унинг ўрнида тўқроқ бўлган бошқа рангларни: тўқ кўк, қизил ва ҳоказоларни танланг. Шуни эсда тутингки, қават-қават қилиб тикилган, яъни йиғма этакли ва катта чўнтакли либослар кўпроқ баланд бўйли қизларга мўлжалланган.
Устки кийимлар
Устки кийим, яъни кофталарнинг енги 3/4 узунликда, ёқаси ўрта катталикда ва бел қисми хипча тикилган турларини танланг. Костюмга тўхталадиган бўлсак, узунлиги калта — бел қисмигача келадиган турдагиларини танланг. Кийимдаги ҳар қандай детал: тугма, чўнтаклар, ёқа, бурма ҳам ўзингизга монанд кичик ҳажмда бўлиши лозим. Либос оёқ кийимингизга мослаб олинса, нур устига аъло нур бўлади.
Узун мунчоқлар, «томчи» безаклар
Паст бўйли қизлар тақинчоқ танлаганларида, асосан, нафис занжирлар ва узун мунчоқларга эътибор қаратишлари лозим. Бу аксессуарлар умумий кўринишингизга жозибадорлик бахш этибгина қолмай, бўйингизни ҳам узунроқ кўрсатади. Ингичка камарлар, кичик ҳажмдаги сумкалар, томчи шаклидаги кулонларни ҳам беэътибор қолдирманг.
Юбка, шимлар
Қаддингизни бироз баландроқ кўрсатиш ниятида бўлсангиз, кесик жойи орқада ёки ёнда жойлашган ва узунлиги тиззадан пастроқ юбкалар айнан сиз учун! Улар оёқларингизни бироз узунроқ қилиб кўрсатади. Классик услубдаги, тўғри чизиқ остида бичилган, оёқ кийимингизнинг пошнасини яшириб турувчи ҳамда туникалар билан мос тушадиган шим турларини танланг. Тўладан келган паст бўйли хонимларга узун ва кенг, карнай бичиқдаги (клёш) юбкалар умуман тавсия этилмайди. Улар вертикал расмли, бел қисмида ингичка камари мавжуд турдагиларини танлаганлари маъқул.
Турмакни юқоридан қилманг
Умумий кўринишингизга тўғри келадиган турмакларни танлашга ҳаракат қилинг. Сизга текислаб, ёйилган ёки калта қилиб кесилган соч турмакларини тавсия этамиз. Узун сочлар ва ҳурпайтирилган турмаклар асосан баланд бўйли хонимларга тўғри келади. Агар сочларингизни йиғиб юришни ёқтирсангиз, у ҳолда сочларингизни жуда юқоридан турмакламанг.
 
манба

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.