топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Дунё бўйича Янги йил байрами нишонланиши

Блог им. lalixon
Янги йил дунё халқларининг энг севимли байрамларидан. Уни барча бирдай ўзгача шукуҳ ва қувонч билан қарши олади.  Мазкур байрам ҳар мамлакатда турлича нишонланади, асрлар давомида яшаб келаётган урф-одат ва удумларга бойдир.
Масалан, Италияда Янги йил, одатда, ташқарида кутиб олинади. 1 январь куни тунда автомобиль ҳаракати тўхтатиб қўйилади.

Римдаги Пьяцца дель Пополо майдонида Янги йил намойишлари ўтказилади. Бу ерда Қорбобони Баббо Натале деб аташади. У америкаликларнинг Санта Клаусига жудаям ўхшайди. Бироқ байрам сов­ғаларини болаларга у эмас, балки оли­жаноб Фея Бефана улашади. Афсоналарга кўра, у ярим тунда учиб келиб, йил бўйи ўзининг яхши хулқи ва одоби билан бош­қаларга ўрнак бўлганларга турли ширинликлар, тўполончиларга эса кўмир бўлагини қолдириб кетади. Рим анъаналарига кўра, Тибр дарёси устидаги кўприкдан ўзини сувга ташлаган инсон янги йилда бахтли бўлади, деб ҳисобланади. Мазкур мамлакатда Янги йил кечаси уйдаги барча эски нарсалар ташқарига чиқариб ташланади. Италияликлар қанчалик кўп эски буюмлар чиқариб ташланса, унинг изидан янги йилда шунчалик кўп бойлик кириб келишига ишонадилар. Италияликларнинг Янги йил дастурхонида, албатта, ёнғоқлар, ясмиқ ва узум бўлиши шарт. Чунки улар наздида бундай маҳсулотлар узоқ умр кўриш, саломатлик ва фаровонлик рамзидир. Италияда яна бир удум бор: 1 январь куни эрталаб уйга булоқдан сув олиб кирилади. Улар сув бахт-саодат олиб келади, деб ҳисоблайди. Италияликларда шундай нақл бор: “Агар дўстларга совға қилишга ҳеч нарсанг бўлмаса, унда сув билан зайтун новдасини ҳадя қил”. Шунингдек, италияликлар учун янги йилнинг илк кунида биринчи бўлиб кимни учратиб қолиш ҳам жуда муҳим. 1 январь куни букчайиб қолган кекса инсонга дуч келиш — чинакам бахт саналади.
Германияда ҳам Янги йил алоҳида қувонч ва тайёргарлик билан қарши олинади. Шу куни кўчаларга одамлар сиғмай кетади: шаҳарларнинг марказий майдонларида мушаклар отилади. Бар ва клублар гавжум бўлади. Кекса авлод вакиллари Янги йилни шинам ресторанларда кутиб олишни, концертга киришни афзал билади. Янги йилга тайёргарлик эса анча аввал бошлаб юборилади. Немисларда янги йилни фақат янги нарсалар билан қарши олиш одати бор: бир ой олдин янги стол харид қилинади, яқин инсонлар меҳмонга чақирилади. Шу боис Янги йил куни эрта тонг­дан стол устига янги дастурхон ёзилиб, янги идиш-товоқлар қўйилади.
Шотландияда Янги йил шодиёналари 29 декабрдан бошланиб, тўрт кун давом этади. Шу куни одамлар ёқилган машъалаларни қўлга олиб, кўчага тўпланадилар. 30-31 декабрда байрам тадбирлари давом этади. Кўчаларда ташкиллаштирилган театр, миллий рақс намойишлари байрамга ўзгача кайфият ва кўтаринкилик бағишлайди. Мамлакатда Янги йил билан боғлиқ яна бир қадимий одат бор: байрам куни ёнувчан модда — смола солинган бочкани ёқиб уни кўча бўйлаб ғилдиратиш. Бу эски йилнинг ортда қолгани ва янги йилга йўл очилганининг рамзидир. Янги йилда, анъанага кўра, эрталабки дастурхонга кулча, пишлоқ, тушликда эса дудланган ғоз ёки бифштекс, олмали пирог тортилади.
Испанлар ҳам Янги йилни ўзига хос шоду-хуррамлик билан қарши олишади. Испанияда бу байрамни нишонлаш 25 декабрдан бошланиб, 12 кун, яъни 6 январга қадар давом этади. Янги йил куни одамлар шаҳарларнинг куранти атрофида  жам бўлиб, 12 дона узум донасини ейишади. Узумнинг ҳар бир донаси ўн икки ойнинг барчаси омадли ўтишига ишорадир. Бу анъананинг юзага келганига юз йилдан ошди. Гап шундаки, 1909 йилда Испанияда узумдан шу қадар кўп ҳосил олинганки, сотувчилар унинг нархини қанчалик туширмасин, омборхоналардаги саватларга сиғмай қолган узумнинг ҳаммасини сотиб юборишнинг имкони бўлмаган. Фойдадан бутунлай бенасиб қолмаслик учун сотувчилар ўзига хос айёрлик, реклама, тарғибот усулидан фойдаланишга қарор қилишади. Шунда улар Янги йил куни курантнинг ҳар бонг урганида биттадан узум еган кишига янги йилда омад кулиб боқади, деган гапни ўйлаб топадилар. Орадан анча вақт ўтганига қарамай, бу анъана ҳамон бардавом.
Финляндияда Янги йил, одатда, ресторанларда ҳамкасблар ва танишлар даврасида қарши олинади. Соат 12 да одамлар кўчага чиқиб, мушакбозликни бошлаб юборадилар. Одамлар ана шундай шукуҳли тунда бир-бирларига саломатлик, бахт-саодат тилайди. Фақат шу куни пиротехника воситаларидан фойдаланишга рухсат берилади. Кўплаб фин оилалари буғу ва ит қўшилган чаналарда учиш учун тоғли ҳудудларга, хусусан, Лапландияга йўл оладилар.
Франциянинг кўплаб қишлоқларида эса ўзига хос анъана сақланиб қолган: уй бекалари келиб байрам дастурхонига тортилган пишириқлардан бирини булоқ суви олдига қолдириб кетади. Бу тортиқни бош­қа бир уй бекаси олиб, ўрнига ўзининг атаганини ташлаб кетади. Шундай қилиб, байрам куни аёллар кечгача бир-бирларини ана шундай сийлайдилар.
Ҳиндистонда Янги йил куни ҳаво анча илиқ бўлади. Бу эса кўчада кун давомида сайр қилиш имконини беради. Янги йил куни ҳаво ҳарорати камдан-кам ҳолларда 15 даражадан пастга тушади. Мазкур мамлакатнинг шимолида яшовчи одамлар Янги йил куни ўзларига пушти, қизил ранглар билан оро берадилар. Жанубда эса ҳинд аёллари патнисларни турли ширинликлар, гул ва кичик совғалар билан тўлдириб қўйишади. Янги йил куни эрталаб кичкинтойлар кўзларини очмай патнис ёнига келиб, совға танлайдилар.
Вьетнамда Янги йилни Тет деб­ аташади. У ой календари бўйича, (21 январдан 19 февралгача) эрта баҳор пайтида нишонланади. Бундай кунда барча араз ва гина-кудратлар унутилади. Байрам оқшомида вьетнамликлар бир-бирларига гуллаш арафасида турган, ғўраси бор шафтоли дарахти новдаларини совға қилишади. Кўчалар эса гуллаётган новда ва гул­дасталар билан безатилади. Мамлакат жанубидаги уйларда эса беш дона ўрик гули бўлган шохчалар “арча” вазифасини ўтайди. Бундан ташқа­ри, уй меҳробига тарвуз қў­йишади. Унинг қип-қизил ши­рин бўлаклари омад келтираркан. Тет оилавий байрам бў­либ­,­ фарзанд ва набиралар бобо, буви ва ота-оналарини­ табриклашади. Катталар­ ҳам оиланинг кичик аъзоларини­ қутлаб, уларга қизил халта­чаларда пул сов­ға қилишади. Шу куни аёллар қизил ва сариқ, эркаклар эса қора рангли кийимлар кийи­шади. Ибодатхоналардаги руҳонийлар ҳам ташриф буюрувчиларга қизил халтачада­ пул ҳадя этишади. Вьетнамлик­ларда зоғо­рабалиқ сотиб олиб, янги йил­дан кутаётган ниятларини айтган ҳолда уни ариқ ёки ҳо­вузларга қўйиб юбориш анъ­анаси ҳам бор. Мамлакат аҳолиси анъана ва одатларини минг йиллардан бери сақлаб келаётгани учун ҳам бу ерга Тет байрами ара­фасида сайёҳлар оқими кў­паяди.
АҚШда эса совғадан кўра унинг ўрамларига алоҳида эътибор қаратилади. Янги йил оқшомида оила аъзолари совғаларни ўзгача ҳаяжон билан очишади. Бунга сабаб совға худди карам ичида яширингандек, бир неча ўрамга солинган бўлади. Шу боис ўрамлар ичида нима яширинганига ҳамма қизиқади.
Англияда 1752 йилда Янги йил расмий байрам мақомини олган. 1843 йилда эса ушбу сана муносабати билан ёру дўстларга табрик хати юбориш анъанаси пайдо бўлган. Шу куни Лондон кўчаларида катта сайил уюштирилиб, Беркли майдонига келган ҳар бир киши карнавал иштирокчисига айланиши мумкин. Инглизлар Янги йилдаги биринчи меҳмон хонадон аъзоларига албатта омад келтиришига ишонишади, шу боис кўпинча ёш, келишган ва соғлом йигитни кутишади. Малла, сариқ сочли эркаклар ва аёллар иложи борича уйга қўйилмайди. Мамлакатнинг баъзи жойларида сочнинг рангига эътибор қилишмайди. Одамлар меҳмондорчиликка нон, пирог, туз ва бир бўлак кўмир олиб боришади. Чунки нон ва пирог — мўл-кўллик, кўмир — иссиқлик, туз эса бойлик рамзи. Лондондаги машҳур “Big Ben” соати 24 га бонг урганда мушакбозлик бошланади ва ҳамма байрам мадҳиясини куйлайди. Қадимий таомилга кўра, шу онларда эски йилни кузатиш ва янги йилни кутиб олиш учун уй эшиклари очиб қўйилади.
Австрияда эса курант вазифасини Муқаддас Стефан ибодатхонасида ўрнатилган “Дунё қўнғироғи” бажаради. 31 декабрь куни унинг атрофида кўплаб одамлар йиғилади. Улар “Дунё қўнғироғи”нинг 12 бор бонг уришини эшитиш учун тўпланишади.
Бразилияда ҳам байрам жуда чиройли, ўзига хос тарзда нишонланади. Шу куни океан соҳилларига минглаб шам олиб келиниб, қум устида ёқиб қўйилади. Бразилиялик аёллар узун кўйлакларда, қўлларида гул тутган ҳолда океан сувига кириб, сув устига гул япроқларини сочадилар. Ирландияда эса янги йил кириб келиши олдидан  хонадонлар эшиклари очиб қўйилади. Ҳар ким исталган хонадонга ташриф буюриб, барчани Янги йил байрами билан қутлаши мумкин.
Нима бўлганда ҳам Янги йил барча халқ­лар учун бирдай севимли байрам. Байрам тантаналари қордек оппоқ тилаклар, покиза орзу-ниятлар, айниқса, болажонларнинг беғубор, шодон кайфиятига ҳамоҳанг­лиги билан ҳам янада шукуҳлидир.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.