топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

​Ўзбекистонлик талабалар икки карра Халқаро математика олимпиадаси совриндори бўлишди

Таълимдаги янгиликлар
Илм-фан
Куни кеча Болгариянинг Благоевград шаҳрида талабалар ўртасидаги анъанавий 25-халқаро математика олимпиадаси (International Mathematics Competition for University Students) бўлиб ўтди. Мазкур халқаро олимпиадада Ўзбекистонликлардан 4 нафар талаба иштирок этди.

Дунёнинг нуфузли 100га яқин олий ўқув юртларидан ташриф буюрган 
351 нафар талаба иштирок этган Халқаро олимпиадада вакилларимиз 2 та олтин ва 2 та бронза медални қўлга киритишди.
Ўзбекистон Миллий Университети математика факультетининг 4-босқич талабалари Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимовлар олтин медаллар (1-даражали диплом), Тошкент шаҳридаги Турин Политехника Университети механик муҳандислик факультети 3-босқич талабаси Фаррух Мухаммадиев ва Ўзбекистон Миллий Университети математика факультетининг 1-босқич талабаси Толибжон Исмоиловлар эса бронза медаллар (3-даражали диплом) билан тақдирланди. Жамоага Швейцариянинг Берн Университети математика институти ҳамда Буюк Британиянинг “University College London” таълим муассасалари катта илмий ходими, математика фанлари доктори (PhD) Ориф Ибрагимов раҳбарлик қилди.
Эътирофга молик жиҳати Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимовлар 2017 йилги талабалар ўртасидаги 24-халқаро математика олимпиадасида ҳам олтин медалларни қўлга киритишган.
Талабалар ўртасидаги энг нуфузли халқаро математика олимпиадаси ҳисобланган ушбу мусобақа 1994 йилдан буён мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Олимпиадада қатнашчиларга икки кун давомида Алгебра (чизиқли ва абстракт), Анализ (ҳақиқий ва комплекс), Геометрия ва Комбинаторика соҳаларидан масалалар берилади ва улардан ечимларини инглиз тилида тақдим этишлари талаб этилади. Олимпиададан сўнг қатнашчиларнинг ёзма ишлари жамоа раҳбари томонидан ҳимоя қилинади ва баллар тўпланади.
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.