топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўзбекистон ва Япония ўртасида кадрлар тайёрлашда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишув имзоланди

Таълимдаги янгиликлар
Илм-фан
2018 йил 10 август куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (Japan International Cooperation Agency – JICA) вакилларидан иборат делегация расмий қабул қилинди. 
Учрашувда Япония Халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари жаноб Мунео Такасака ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов томонидан жами 262 млн. япон иенаси (2,3 млн дан ортиқ АҚШ доллари) миқдорида Грант келишуви имзоланди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда JICA ўртасида имзоланган Грант келишувига мувофиқ Япония Ҳукуматининг беғараз ёрдам дастуридаги “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар ажратиш” (Japanese Grant Aid for Human Resource Development Scholarship – JDS) лойиҳаси доирасида вазирлик ва идоралар, тадқиқот муассасалари ҳамда давлат компаниялари ходимларининг ўқиши ташкил этилади. 
Бунда магистратура ва докторантура дастурлари бўйича иқтисод инфраструктураларини такомиллаштириш, бизнес соҳаси, қонунчилик тизими, давлат маблағлари, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари, аҳоли саломатлигини сақлашни бошқариш йўналишларида танлаб олинган номзодлар 2019-2022 йилларда таълим олиш учун Япониянинг нуфузли олий ўқув юртларига юборилади. 
JDS лойиҳасининг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасига инсон ресурсларини ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда ёш давлат хизматчилари учун Япониянинг илғор ўқув юртларида магистратура йўналиши бўйича таҳсил олиш имконини яратишдан иборат. Ўтган давр мобайнида жами 300 нафардан ортиқ ўзбекистонлик давлат хизматчилари ушбу стипендияга сазовор бўлишган.
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.