топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Устоз, бу фан менга нега керак?

Таълимдаги янгиликлар
Илм-фан

 
Тошкент давлат техника университети энергетика факультетида ўриндош сифатида кузги семестрда «Энергоаудит ва энергомониторинг асослари» фанидан талабаларга дарс бердим. Семестр сўнгида талабалар билан алоҳида суҳбатлашиб feedback олишга ҳаракат қилдим. Мақсадим яна шу фандан дарс берсам нималарни ўзгартиришим кераклигини аниқлаш, талабалардан «пичоққа илинадигани»ни кўз остимга олиш ва кейинчалик ҳамкорлик қилиш, уларнинг режалари билан қизиқиш, тавсияларимни бериш ва имконим даражасида йўл-йўриқ кўрсатиш эди.

 
Суҳбат давомида улар менга савол беришлари ёки танқид қилишлари керак эди. Кутилмаганда бир қанча талабалар «Устоз, бу фан менга нега керак бўлади?» деб савол беришди. Саволнинг остида келажагига ишончсизлик ва аниқ режанинг йўқлиги каби ёқимсиз оҳанглар бор эди.
 
Менимча олий таълимнинг кутилган натижани бермаётганига мана шундай ноаниқлик сабаб бўлса керак. Талаба фанни нега ўрганиши кераклигини тўлиқ билмайди. Қисқа вақтда уларга фаннинг мақсадини тушунтиришим ва ишончсизлигига барҳам беришимга тўғри келди. Шунда мен уларнинг 4-5 йилдан кейинги ҳолатини кўз олдига келтиришиларига ҳаракат қилиб кўрдим. Бунда кўп ташкилотларда энергоаудит жараёнида кузатганим вазиятлардан фойдаландим. Шундай суҳбатларнинг бир қанчасини келтириб ўтаман.
 
Раҳбарга айланган талаба
— …
— Устоз, иссиқлик энергетикаси талабасиман, энергоаудит менга нега керак?
— Келинг, тасаввур қилиб кўрамиз. Сиз ўқишни битириб, бир корхонада иш бошлайсиз. Яхши ўқигансиз ва билимингиз етарли, демак сиз тезда назарга тушасиз, ўзингизни кўрсатасиз. Ёшларга катта ишонч билдирилаётган вақтда бир куни (президент ёки вилоят ҳокими олиб бораётган) мажлисда сизни банкрот бўлган корхонага раҳбар қилиб сайлашади. Сиз корхонанинг банкротлиги сабабларини, харажатларини ўрганасиз ва уларни камайтиришга ҳаракат қиласиз. Ходимлар сонини қисқартиролмайсиз, ойлигини туширолмайсиз, хомашё харажатларини камайтиролмайсиз. Демак, олдингизда ишлаб чиқаришда ишлатиладиган электр энергияси ва табиий газ харажатларини камайтиришдан бошқа йўл кўрмайсиз. Ишни нимадан бошлайсиз?
— …
— Агар энергоаудит асосларини билганингизда энергия истеъмолининг асл ҳолатини аниқлаш учун ички ёки ташқи энергоаудит ўтказишдан бошлар эдингиз. Тежамкор технологияларни жорий қилиш ва энергия самарадорлиги режимларини аниқлашдан бошлар эдингиз.
— Ҳа, яна энергия самарадорлиги кўрсаткичларини таҳлил қилган ҳолда энергомониторинг ишларини ташкил қиламан…
— Ҳа, сиз мен иссиқлик энергетикаси талабасиман, электр энергетикасини яхши билмайман, технолог эмасман деб ўтиролмайсиз. Ахир сиз энди корхонада ишлаётган ишчиларнинг оиласи учун ҳам масъулсиз…
— …
 
Тўйхонада ишлайдиган талаба
— …
— Сиз ўқишдан ташқари вақтда тўйхонада ишлар эдингиз-а?
— Ҳа, шундай.
— Агар сиз энергоаудитор каби энергия истеъмоли учун синчков бўлганингизда тўйхона сарфларини камайтириш учун раҳбарга таклифлар берган бўлар эдингиз. Масалан, идишларни ювишга ишлатиладиган иссиқ сувни ўчоқ ёнидан қувур олиб ўтиш билан ҳал қилиб газни тежаб қолар эдингиз. Кейинги ойда сув тежовчи жўмракларни тавсия қилиб сув истеъмолини яримигача тежар эдингиз. Тўйхона фойдасини оширсангиз раҳбар нима қилади деб ўйлайсиз?
— Мукофот пули беради ёки даражамни ошириши мумкин.
— Ҳа, бу менинг ишим эмас деб ўйласангиз, оддий ишчи бўлиб юраверар эдингиз…
— …
 
Бўлим бошлиғига айланган талаба
— …
— Тасаввур қилинг, сиз корхонада қозонхона бошлиғисиз. Сиз табиий газдан фойдаланиб иссиқлик энергияси ишлаб чиқарасиз, аммо бу корхона истеъмоли учун етмайди. Энг осон варианти қуввати каттароқ бошқа янги буғ қозонини ўрнатиш. Аслида эса ишлаб чиқариш бўлимларида шу буғни тежашнинг оддий усулларини йўлга қўйиш ва шу билан самарадорликка эришиш мумкин. Сиз эса бу менинг вазифам эмас деб самаралироқ таклиф бермайсиз. Нима бўлади?
— Шу таклифни берган бошқа одам менинг ўрнимни эгаллайди…
— Ҳа…
 
Энергияни тежовчи аёл
Дарс вақтида мен энергетика соҳасида ишламайман, уйдагилар рухсат беришмайди деган ёш фарзанди бор талаба қизлардан бири билан бўлиб ўтган суҳбатдан парча.
— …
— Уйда энергиядан энг кўп фойдаланадиганлар аёллар эканлигини билмайсизми? Бу кўпроқ сизга керак-ку. «Ўзбекона оилавий энергосервис шартномаси» номли блогпостимни ўқиганмисиз? (талабаларим блогпостларимни ўқиб, таҳлил қилишини эшитган эдим)
— Ҳа, ўқиганман.
— Мана шундай тежамкор аёл бўлсангиз ва оила харажатларини камайтирсангиз, бу ҳам фойда келтириш бўлади. Агар шартнома тузиб олсангиз, совғали ҳам бўлиб оласиз.
— …
 
Талаба ва бухгалтер
— …
— Тасаввур қилинг, сиз ишлаётган корхонада яқинда энергоаудит ўтказилган. Энергоаудит сўнгида ишлаб чиқилган самарадор чора-тадбирларни жорий қилишда раҳбар шу фанни ўқиган ёш кадр сифатида сизни ҳам мажлисга таклиф қилди. Аммо у мажлисда бухгалтер кўп харажатли бу тежамкор технологияни сотиб олиш корхонага зарар бўлишини уқтираяпти. Сиз нима қиласиз? Жим ўтирасизми? Агар энергия тежовчи технология корхона маҳсулотининг рақобатбардош бўлишида муҳимлигини асослаб берсангиз ва бухгалтерга Жаҳон банкининг энергия тежовчи технологиялар учун имтиёзли кредит линияси бўйича маълумот берсангиз нима бўлади? Балки шу мажлис фаолиятингизда бурилиш нуқтаси бўлар…
— …
Умуман олганда бундай суҳбатлар менга олий таълим тизимида талабалар билан психологик тестлар ва ҳар хил таҳлилий-амалий вазиятлар (case study) билан ишлаш кўникмасини шакллантириш керак эканлигини кўрсатди.
 
Талаба ўқишдан кейин тушиши мумкин бўлган ҳолатни ҳис қилиб кўриши учун ҳам шундай вазиятларни ишлаб чиқишимиз керак. Шу вазиятга тушган талаба ўз даражасини ҳис қила олади. Ўзим талабалигимда кўп тажриба ва амалий машғулотларни бажарганман, аммо диспетчерлик курсисида бажарган тажрибамни ҳозиргача эслайман. Бошқаларида негадир ёқимли ҳиссиёт ва адреналинни ҳис қилмаганман. Балки бунда ўқитувчимнинг шифохона жойлашган тармоқни нотўғри ўчириб қўйган вазиятимда «операциядаги одам нима бўлди? Ана энди эртага прокуратурага чақириласан!» деган таҳдидли эътирози таъсир қилгандир. Шу ҳолатда ўзимнинг энергетик эканлигим ва масъулиятимни ҳис қилган бўлсам керак.
 
Агар ўқитувчи ҳам талабаларга билим беришда имкон даражасида индивидуал ёндашса ва уларни «қозонда қайнатолса» улар таълим стандартида белгиланган ҳар бир фаннинг мақсадини тушунган, шунга кўра масъулият билан ўқиган бўлар эди. Қарс икки қўлдан чиқади. Айб ўқитувчиларда ҳам бор. Мана шу мен олган энг катта дарс ва feedback бўлган.
 
Бахтиёр Ғозиев
www.xabar.uz
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.