топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

"Алишер Навоий ва XXI аср" номли халқаро конференция

Таълимдаги янгиликлар
Илм-фан
Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий – Шарқ Ренессансининг йирик намояндаси сифатида жаҳон цивилизацияси тарихида, айниқса, туркийзабон халқлар маданий ва маънавий ҳаётининг ривожида алоҳида ўрин тутадиган ёрқин шахсдир. У ўз асарларида маънавий поклик, халқпарварлик ва маърифатпарварликни куйлаб, ўз авлодларига буюк  адабий-фалсафий ва илмий мерос қолдирди.

 
 Юртимизда Алишер Навоий номи билан аталувчи университетда мана уч йилдирки “Алишер Навоий ва XXI аср” мавзусидаги анъанавий илмий-амалий анжуман ўтказилиб келинмоқда. Жорий йилда университет халқаро миқёсда фаолият юритиш босқичига ўтди. Бунинг далили улуғ мутафаккир Алишер Навоий меросини ўрганиш ва тадқиқ қилишга бағишланган конференциянинг жаҳон миқёсида ўтказилаётганидир.
Бу галги анжуманда жаҳоннинг ўндан  ортиқ давлатидан ташриф буюрган навоийшунос ва адабиётшунос олимлар иштирок этмоқда. Англия, Озарбайжон, Туркия, Россия, Афғонистон, Франция, Қозоғистон, Ҳиндистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатларнинг етакчи университетлари профессорлари ўз маърузаларида бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий тарбия устуворлиги сиёсатига алоҳида баҳо бериб ўтдилар.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус  таълим вазири Иномжон Маджидов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Аҳатов, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги элчиси Кристофер Аллан, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Меҳмет Сурейя Эр, Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Содиқ Имоми Ашурбойзода ва кўплаб фахрий меҳмонлар иштирок этишди.
Конференциянинг энг аҳамиятли жиҳати шуки, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг Алишер Навоий асарлари тўла факсимиле нусхалари тўпламини чоп этиш ҳақидаги ғоясига жавобан қатор давлатларнинг кутубхоналарида сақланаётган мўътабар қўлёзмаларнинг рақамли нусхалари  Буюк Британия, Озарбайжон, Туркия, Тожикистон вакиллари томонидан университетга тақдим этилди. Ушбу маросимда иштирок этган хорижий давлатларнинг элчилари ҳам Ўзбекистонда маънавий-маърифий соҳада олиб борилаётган ижобий ўзгаришларни мамнуният билан қайд этдилар.
Анжуманда Алишер Навоий адабий меросининг жаҳон тамаддунида тутган ўрни, шоир асарларининг хорижий тилларга таржима қилиниши, Алишер Навоий адабий мероси ва матншунослик масалалари, таълим тизимида Навоий асарларини ўқитиш муаммолари каби қатор йўналишларда маърузалар тингланди.     

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.