топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Давлат гранти асосида таҳсил олган талабалар 3 йил ишлаб бериши мажбурийми?

Abiturient
Илм-фан
Олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида таҳсил олган талабаларни доим қизиқтириб келган бир савол мавжуд. Бу таълимдан кейин 3 йил давомида мажбурий ишлаб бериш ҳақидаги саволдир. Ушбу қоида қаерда белгилаб берилган ва 3 йил давомида мажбурий ишлаб бериш қандай амалга оширилади ва шу кабилар ҳақида батафсил тўхталиб ўтаман.
Давлат гранти асосида таҳсил олган бакалавриатура ва магистратура талабаларининг 3 йил давомида ишлаб бериш мажбурияти 2005/2006 ўқув йилидан бошлаб амалиётга тадбиқ этилган. Мазкур амалиёт Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 2 июндаги ПҚ-92-сон «2005/2006 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги қарорининг 6-бандига асосан жорий этилган.
Президент қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2005 йил 7 июлдаги 58, 154-1, 19 ва 02/2658-сонли қарори билан тасдиқланган “Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида” низом ишлаб чиқилган.
Мазкур Низом олий таълим муассасаларида давлат грантлари асосида мақсадли тайёрланган кадрларни камида уч йил ишлаб бериш шарти билан, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларга ишга тақсимлаш қоидалари ва тартибини белгилайди.
Низом бўйича кўп учрайдиган қуйидаги саволларга жавоб бераман:
1. Агар давлат гранти асосида ўқиган талаба бакалавр босқичини якунлагач магистратурага ўқишга қабул қилинса, унда қачондан мажбурий ишлаб бериш бошланади? Магистратурада ўқиш давомида ишлаган бўлса, ҳисобга ўтадими?
Олий таълим муассасаларини давлат грантлари асосида бакалавриатни тамомлаган битирувчилар магистратурага тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган тақдирда, камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти магистратурани якунлагандан сўнг амалга оширилади.
2. Агар давлат гранти асосида ўқиган талаба бакалавр босқичини якунлагач магистратурага ҳам давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинса, унда мажбурий ишлаб бериш муддати 6 йил бўладими?
Йўқ, агар битирувчи олий таълим муассасаларининг бакалавриати ва магистратурасида давлат грантлари асосида ўқиган тақдирда, унинг ишлаб бериш мажбурияти камида уч йил деб ҳисобланади.
3. Агар тўлов-контракт асосида бакалавриатни тамомлаган талаба магистратурага давлат гранти асосида қабул қилинса, унда қачондан мажбурий ишлаб бериш бошланади?
Олий таълим муассасаларини тўлов-контракт асосида бакалавриатни тамомлаган битирувчилар магистратурага давлат грантлари асосида ўқишга қабул қилинган тақдирда камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти магистратурани якунлагандан сўнг амалга оширилади.
4. Агар битирувчи талаба ўқишдан сўнг мажбурий ишлаб бериш вақтида ҳарбий хизматга кетган бўлса, унда ҳарбий хизмат вақти мажбурий ишлаб бериш вақтига кирадими?
Ҳа, муддатли ҳарбий хизмат ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат ўталган муддат битирувчи томонидан мажбурий ишлаб берилиши лозим бўлган уч йиллик муддатга ҳам киради.
5. Агар битирувчи талаба 3 йил давомида бошқа лавозимга ёки бошқа ташкилотга ишга ўтса, унда муддат янгидан бошланадими?
Йўқ, таълим муассасаси, корхона ёки ташкилотда турли лавозимларда ишлаган муддатҳамда таълим муассасаси, корхонаси ёки ташкилот мансуб бўлган тизимдаги (вазирлик, идора ёки бошқа хўжалик бошқаруви органи) бошқа таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда иш берувчининг розилигига кўра ишлаган муддат битирувчи томонидан мажбурий ишлаб берилиши лозим бўлган уч йиллик муддатга ҳам киради.
6. Бакалавр ёки магистратура босқичида давлат гранти асосида таълим олган қизлар, турмуш қуриб фарзнадли бўлгандан кейинги бола парвариши давридаги муддат мажбурий ишлаб бериш даврига қўшиладими ёки йўқми?
Низомнинг 22-бандига кўра, меҳнат таътилида, шу жумладан ижтимоий таътилларда бўлган муддатлар ҳам битирувчи томонидан мажбурий ишлаб берилиши лозим бўлган уч йиллик муддатга киради. Меҳнат кодекси 149-моддасига биноан, болаларни парваришлаш таътили ҳам ижтимоий таътил ҳисобланади. Демак, оналарнинг бола парваришидаги муддати ҳам мажбурий ишлаб бериш муддатига киради.
7. Албатта давлат ташкилотида мажбурий ишлаб бериши шартми?
Низомнинг биронта бандида мажбурий ишлаб бериш айнан давлат ташкилотида амалга оширилиши керак деган қоида мавжуд эмас. Масалан, Низомнинг кириши қисмида қуйидагича қоида белгиланган:
“Мазкур Низом олий таълим муассасаларида давлат грантлари асосида мақсадли тайёрланган кадрларни камида уч йил ишлаб бериш шарти билан, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларга ишга тақсимлаш қоидалари ва тартибини белгилайди”.
Низомнинг 1-бандида эса қуйидагича қоида белгиланган:
“Барча таълим йўналишлари бўйича давлат грантлари асосида таҳсил олган олий таълим муассасалари бакалавр ва магистрлари 2005/2006 ўқув йилидан бошлаб мажбурий тартибда камида уч йил ишлаб бериш шарти билан таълим муассасаларига, корхона ва ташкилотларга (кейинги ўринларда матнда иш берувчи деб юритилади) ишга тақсимланади”.
Кўриб турганингиздек, иккала бандда ҳам “таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларга ишга тақсимлаш” жумласи ишлатилган. “Давлат” сўзи мавжуд эмас. Корхоналар хусусий ҳам бўлиши мумкин. Ташкилотлар нодавлат ва нотижорат ҳам бўлиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, 3 йил мажбурий ишлаб бериш давлат ташкилотларида бўлиши шарт эмас.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.