топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўзбек қизининг ғурури - унинг ибо-ҳаёсида

Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл
Жамият
Аёл! Унда бугун олам қувончи, дўстга хос фидойилик, она жасорати мужассам. Аёл севгисидан мусаффо бўлмаган, унинг мардлигидан мадад олмаган ҳамда камтарона йўриғига юрмаган инсон ҳақиқий ҳаёт кечирмаган ҳисоб. Қуёшсиз гуллар очилмайди, севгисиз бахт, аёлсиз муҳаббат, онасиз шоир ҳам қаҳрамон ҳам йўқ. Шоирларнинг бу мавзуда тинимсиз ижод қилишларига, балки шу сабаб. Муқаддас аёл бир қўли билан бешик, бир қўли билан дунёни тебратади. Булоқ сарчашмасидек тиниқ ва беғубор бўлган аёл муҳаббатини ҳеч нарса билан қиёс этиб бўлмайди.

Айниқса, ўзбек аёли деганда, кўз олдимизда тунлари бедор бешик тебратиб, алла айтаётган, ширин табассум ҳадя этиб, қалбимизга муҳаббат чўғини ташлаган, кўзларида ибо нурлари порлаб турган кумуш сиймо қизлар, ишдан ёки ўқишдан атиги бир дақиқагагина кеч қолсак, «Болажоним нега кеч қолдинг, хавотир олдим-ку», — дея меҳрли нигоҳлари билан термулиб турган мунис онажонларимиз намоён бўлади. Биз ўзбекларда «Аёлнинг жони 40 та» деган гап бор. Лекин шундай бўлса ҳам атоқли адибларимиздан бири айтганларидек, «Узбек аёли 39 жонини боласи учун қурбон қилиб, ўзи 1 та жони билан яшар экан», ўзбек аёллари қадимдан дунёга улуғ алломаларни ҳадя этганлар. Ҳаё, одоб, ғурур, андиша деб номланган фазилатларнинг илдизи ўзбек аёлларининг қалбидадир. Оилавий муносабатлар, фарзанд тарбияси, меҳмондўстлик, қўни- қўшни, қариндошлар орасидаги меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат буларнинг барчасини аёлларимиз доимо юқори ўринга қўйиб келган.

Дарҳақиқат, бизнинг аёлларимизга хос ўзбекона фазилатлар ҳеч бир мамлакатда йўқ. Ўзбек аёлининг одоби, ҳаёси ва ғурури таҳсинга сазовор. Ундаги ғурур ҳеч қачон ўз жигарбандининг эрки душман зулми остида қолишига, унинг ор-номуси, халқининг истиқболи-ю, ҳуқуқлари топталишига йўл қўймайди.
Тарихдан маълумки, қадим-қадимдан аёллар мардлик ва садоқатда ўрнак бўлиб келишган. Халқ қаҳрамони Тўмариснинг миллат фахрига айланишига унинг, энг аввало, юртига, халқига садоқати ва эркаклардек мардлиги сабаб бўлди. Массагетлар юртини ҳийла-найранг билан ўз ҳукмронлиги таъсирига ўтказмоқчи бўлган Эрон шоҳи Кир II урушда Тўмарис қўшинларига дош беролмайди. Тўмарис халқини қонхўр подшо зулмидан асраб қолади.

Илм-фан, маданиятда ҳдм аёллар муносиб ўрин топганлар. Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонида Меҳинбону устозлигида ўндан ортиқ аёлларнинг турли фанлар бўйича изланишлар олиб боришаётгани қдйд этилган. Бу шунчаки тилга олиб ўтилган сўзлар эмас. Чунки илм-фан, маданият гуллаб-яшнаган даврларда Мовароуннаҳрда қизлар учун ҳам мадрасалар фаолият юритганини тарихчилар бот-бот эслатиб туришади.

 
Амир Темур саройидаги малика Сароймулкхоним замонасининг юксак идрокли, фаросатли, тадбиркор ва ақл- заковат соҳибаси, ҳусн латофатда ҳам беназир эди. У мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидан яхши хабардор бўлгани учун салтанат ишларида Соҳибқиронга маслаҳатчи бўлган.

Темурийзодалар даврида давлатни бошқаришда маслаҳатчи сифатида иштирок этган маликалар кўп бўлган. Отаси вафот этгандан кейин ўн икки ёшли Бобур тахгга ўтиради. Давлатни бошқаришда онаси унга ёрдамлашади. Бобурнинг қизи Гулбаданбегим «Бобурнома»нинг давоми ҳисобланган "Ҳумоюннома" тарихий асарини ёзади. Мумтоз адабиётнинг атоқли намояндаларидан бири Зебунисобегим Бобур авлодидан бўлиб, замонасининг фозила аёлларидан эди.

Юксак бадиий истеъдод соҳибаси, дилкаш, маърифатпарвар шоира Нодира умр йўддоши Амир Умархон вафотидан кейин давлат ишларига бош-қош бўлиб, ўғли Муҳаммадалихонга кўмаклашади.

Тарихда яна кўплаб аёлларимиз ўзларидан ўчмас из қолдириб, миллатимизнинг фахрига айланганлар.
Аёлнинг турли фазилатлари ичра ҳаё марваридга ўхшашдир. Бу марвариднинг кддр-қимматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмас. "Ҳаё дилни равшан қиладурғон бир нурдирки, дейилади Абдулла Авлоний битикларида, — инсон ҳар вақг шул маънавий нурларнинг зиёсига муҳтож!" Ҳа, аёл ҳаёси билан янада зебо.

Кўҳна Шарқ аёли ҳаёси, иффати, бемисил латофати билан неча асрларки, дунёни лол қолдириб келаётир. Ўтмишимизда зукко, жасур ва йўлбошчи аёллар кўп бўлган. Ўз ғайрати ва салоҳияти билан не-не эркакларни доғда қолдирган аёллар ҳақида кўп эшитганмиз. Бундай аёллар ҳар қандай шароитда ҳам одоб чегарасини бузишмаган, ҳаёсини сақлаганлар. Бундай аёллар тарбиясини олган қизлар ҳаёли, назокатли ва садоқатли бўлиб вояга етишган.
Номус ўлимдан кучли, деган нақлга амал қилинган. Аёл эри ва унинг кдриндош-уруғларига ўта хушмуомала бўлган, уларнинг юзига тик боқмаган. Шунингдек, қиз бола ҳам отаси, ҳам акалари билан мулойим, секин сўзлашган. Нафақат муомалада, балки юриш-туришда, кийинишда ҳам қизлар одоб, ҳаё чегарасидан чиқмаганлар.

Афсуски, Ғарбга эргашиш, тақлид қилиш туфайли чиройли урф-одатларимизнинг айримлари унутилди. Қиз боланинг кўча- кўйда очиқ-сочиқ кийиниши, уйда эса отаси, акалари билан гап талашиши, улар олдида ўзини номақбул тутиши каби ҳолатлар табиий бўлиб кўринади энди. Бундай қизлар оила бекаси бўлишгач, эрларига ҳам қатгиқ гапираверадиган бўлиб қолишмоқда.
Шу тариқа оилада униб-ўсаётган қизлар тарбияси издан чиқади. Бу эса кўпгина хунук ҳолатларни келтириб чиқаради.

Масалан, қадимдан ҳаё ва ибода донг таратган момоларимиз издошлари бўлган бугунги ёш қизлар кўча-кўйда қўлида сигарет, ярим яланғоч кўринишда кўриб, беихтиёр алланечук бўлиб кетамиз. Ахир, келажагимиз пойдевори, бизга иқгидорли ёшларимизни тарбиялайдиган ҳам шу аёлларимиз-ку!

Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (БССТ) маълумотларига кўра, чекиш вақтида организмга катта миқдорда газ иси тушади. Бу гемоглобин билан бирикиб, турғун-карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Бу модда аъзо ва тўқималарга кислородни ташиб бера олмайди. Бўлғуси она ҳомиласида сурункали кислород етишмовчилигини ҳосил қилади, бу эса янги туғилган чақалоқлар ўлимини 50 фоизга оширади. Ҳомиладор аёлларнинг чекиши она бачадонида ҳомила ривожини кечиктиради. Муддатдан олдин туғиш, ўлик туғилиш патологияси вужудга келади.

Бугун қадриятларимиз ўзимизга қайтаётган қутлуғ бир даврда яшаяпмиз. Қизлар тарбиясига одобу иффатини сингдириш саъй-ҳаракати бугунги кунда боғчалардан бошланмоқда, мактабларда маънавият дарслари, ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Оилада эса ота-бувалар ўгитлари ҳдм шунга қаратилган. Ахир, қиз бола қанчалик замонавий бўлмасин, ҳаёсини сақлай олмаса, бу унинг феълидаги битта нуқсони саналади. Ҳаёли қиз ҳаммага манзур. Бундай қизлар оилада андишали, оғир-босиқ, итоатли ва қаноатли бўладилар ва шу жиҳатлари билан эркакларнинг юксак эҳтиромини қозона оладилар.«Иффат — хотинларнинг энг зийнатли либоси», — деб айтади донишмандлар.

Юртбошимиз И. А. Каримов томонидан жамиятимизда аёлларнинг ролини ошириш, унинг фаолиятига кенг йўл очиб бериш борасида ишлаб чиқилган фармон ва қарорларида аёлга бўлган чексиз эътибор ётади десак, асло янглишмаган бўламиз.

Республикамизда аёлларимиз соғлиғига катта эътибор қаратилмоқда. Спорт соҳасида жаҳон миқёсида катта ютуқларга эришаяпмиз. Енгил атлетика, теннис, гимнастика ва бошқа спорт турлари бўйича ўзбек қизлари жаҳон чемпионларига айланмоқца. Жамият тараққиётини аёлларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки улар ҳамма жабҳаларда аллақачон етакчи кучга айланиб бўлган. Оилани саришталаб, болаларни тарбиялаб, яна эркаклар билан бир сафда ишлаб, жамият ривожланишига муносиб ҳисса қўшаётган аёлларимизни ҳар канча эъзозласак арзийди. Юртбошимиз Ислом Каримов айтганларидек, «Аёлларни ҳар қанча улуғласак, ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули деб эъзозласак, демакки, оиламизни, ватанимизни эъзозлаган бўламиз».

Истиқлол мамлакатимиз хотин-қизларининг жамият тараққиётида янада фаол иштирок этишларига катта имкон яратади. Халқхўжалигининг барча тармоқлари, шунингдек фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш муассасаларида кўплаб опа-сингилларимиз меҳнат қилишяпти. Ўз фидойиликлари эвазига ҳар йили кўплаб аёллар Ватанимизнинг юксак мукофотларига, олий орден ва унвонларга сазоюр бўлишмоқца.

Бу куннинг аёли илми, иқтидори, истеъдоди ва ўзгача шиддати билан дунёни яна бир карра қойил қолдирмоқда. Эндиликда, аёлнинг шижоати янада баландлаган, куч-ғайрати янада жўш ураётгандек. Негаки, истиқлол ўзбек аёлининг оналигини қадрлади, унга чексиз рағбат, катта ишонч, улкан имкониятлар берди.
Дунё мамлакатлари минбарларидан туриб, озод Ўзбекистон номидан сўз айтаётган бугунги аёлларимиз аслида Бибихоним, Нодирабегим, Қурбонжон Додҳоҳ, Тўмарис, Зебинисо сингари билимдон момоларимиз издошларидир. Айни вақтда турли соҳа етакчилари орасида аёлларимиз кўп. Қоиунчилик палатасига сайланган депутатларнинг 18 фоизи ҳам аёллардан иборат. Зулфия номидаги Давлат мукофотини олаётган қизларимизнинг ҳар бири ўз илмини, истеъдодини мустақил давлат келажаги йўлида сарфламоқца.

Бу кун қишлоқ ва маҳдлларимиз ҳаёти мисли кўрилмаган даражада ўзгарди, ҳар бир оиладаги муҳит, ҳар бир ўғил- қизнинг хатти-ҳаракати, тақдири ва келажаги маҳалла фаолларининг назоратида. Диний-маърифий ва маънавий- ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар маҳаллалардаги ҳар бир оила ҳаётига чуқурроқ кириб боришяпти, хонадонларидаги руҳий психологик иқлимни ўрганишаяпти, оналар билан алоҳида сўзлашиб, фарзандларнинг эртанги кунига оид масалаларни ҳал этиштаяпти.
Бизда давлат тизимининг асосий бўғини мамлакатда аёллар аҳволини янада яхшилашга йўналтирилган. Негаки, аёл — она, у халқни дунёга келтиради, унинг қаддини тиклайди, қадрини кўтаради, улуғ миллат сифатида оёққа турғизади.

Демакки, миллатимизнинг шону шавкати, бахт ва саодати, биринчи галда, оналарнинг маънавияти, маданияти ҳамда саломатлиги билан боғлиқ.

Ўзбек аёлларининг юрагида оламни яшнатувчи ранглар, оҳанглар бор. Бутун борлиқ ана шу ранглардан зеболанади. Жумлаи жаҳон аёлнинг меҳридан қувват олади, шиддати, шижоатидан илҳомланади. Бугунги аёл илму салоҳияти, ўткир сўзи, қайноқ меҳри ва муҳаббати билан дунёга ҳаёт бахш этмоқда. Биз кечалари бедор, бешик қучоқлаб алла айтган аёлларга таъзим қиламиз. Аёл борки, олам мунаввар!!!

«Миллий ғурур-маънавий комиллик мезони»
китобидан олинди

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.