топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Аёллик бахти нима?

Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл
Жамият
«Аёллик бахти нимада» Ҳақиқатдан ҳам «Аёллик бахти нима ўзи?». Саволдан савол келиб чиқади. Бахт тушунчасининг ўзи нима? Аёллик бахти нимада эканини англаш учун менимча, аввало бахтнинг ўзи нима, деган саволга жавоб топиш керакка ўхшайди… саволга жавоб топиш учун эса у аёл ўз ҳаёти давомида ё бахтли бўлиб «БАХТ» нашидасини тўлиқ татиб кўрган бўлиши ёки бахтсизлик алами, изтиробларини тотиб кўрган бўлиши керак… шундагина фарқини ажратиб ололади, деб ўйлайман… Аёллик бахти… бу ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган ноёб туҳфа! Ҳаёт тажрибамдан ва кўп ўқиб, кўп эшитганларимдан келиб чиқиб аниқ далиллар билан айта оламан-ки, БАХТ-ИНСОННИНГ ЎЗ ҚЎЛИДА! Чунки “ғойибдан келажак бахт-бир афсона”. Унга эришиш ниҳоятда машаққатли, аммо уни йўқотиш учун эса бир лаҳза кифоя. Шоирнинг: “Мен сени соғиндим, соғинаяпман, Вужудим номидан айтмоқда юрак. Қалбимда мужассам фақат бир тилак- СЕН МЕНГА КЕРАКСАН, ЖУДА ҲАМ КЕРАК”, деб айтган ушбу шеърининг маънисини ўзида топа олган, “Соғиниш”, соғинч сўзининг маъносини туя олган аёл- бахтлидир!.. Мен бир она ва аёл ҳамда турмушнинг гоҳо қанд ва пандларини тотиб кўрган инсон сифатида айтишим мумкин-ки, «Аёллик бахти» -унинг ОНА ЭКАНЛИГИда. Эсли, ҳушли, меҳр-муҳаббатли солиҳ фарзандлари борлигида. «Аёллик бахти»-унинг “Кимгадир” севимли, суюкли ЁР бўла олганлигида. «Аёллик бахти»-унинг «КИМГАДИР» КЕРАКЛИГИда, керак бўлаолганлигида… Хоҳ у узоқда бўлсин, хоҳ ёрининг ёнида унга КЕРАКЛИГИни ҳис қилиб яшай олишида. Кимдир, қайдадир унга интиқлик туйғуси билан, соғинч туйғуси билан яшаётганлигини билишида, «мен шу инсон билан бахтлиман», УСИЗ ЯШАЙ ОЛМАЙМАН, дея ички бир ишонч билан унга суяниб яшай олишида,… «АЁЛЛИК БАХТИ»-Аёл ўз севган кишисининг мудом унга талпиниб яшашини англай олишида, АЁЛ доимо ўзи севган инсонини ёнида ўзини бахтиёрлигини сеза олишида. Ҳар қандай вазиятда «Аёллик бахти» фақатгина жисман эмас, маънан, қалбан бирга бўла олишда.Ва ушбу тушунчаларнинг муштараклигида. Айтиш жоиз-ки, Бахтли бўлиш учун биргина «Тан маҳрами» бўлиш камлик қилади! Ҳаётда тан маҳрамини топиш у қадар машаққат эмас, аммо ноёб бир тушунчага эга бўлган, ҳамма ҳам бирданига англаб ета олмайдиган «ДИЛ МАҲРАМИ»ни, кўнгил маҳрами, унинг бир умрлик тушунувчи ҳамрозини топиш, аммо… унга эришиш ҳамиша ҳам осон иш эмас… Бекорга қадимгилар «Бўйимдек бўй топдим-у, кўнглимдек, кўнгил топмадим», деган эмаслар. Аёл ҳамма нарсага чидаши мумкиндир, аммо у ўз яқини, севган инсонининг ўзига бўлган меҳрсизлиги ва бефарқлигини кўтаролмайди. Зеро, шоира айтганидек: Майли, уни бошланг тақдир чўлига, Майли, дучор этинг турмуш дўлига, Майли, зарлар сочманг юрган йўлига Майли, гул туткизманг ҳар кун қўлига- ЛЕК, БЕФАРҚ ҚАРАМАНГ АЁЛ КЎНГЛИГА. Бахт тушунчаси бу--эр-хотинни, хотин-эрни бир-бирларининг кўз қарашидан сўзсиз тушуна олишида… Бир-бирига бўлган ишонч ва ҳурматида. Яхши ва ёмон кунларда барча довонлдардан бирга ўтишида. БАХТ-севган кишисисиз, турмуш ўртоғисиз бир лаҳза, бир сония ҳам ЯШАЙ ОЛМАСЛИКда! Эркакнинг уйим-жойим деб уйига шошиб келиши, эшикдан кирган ондаёқ кўзлари билан аёлини излашида-аёллик бахти. Шоир Шукур Қурбон шундай дейди: “Севмаган ёр билан ҳаёт кечирмоқ- Минг дўзах азобин кўргандан ёмон Ҳаммани ухлатиб, чекажаксан ОҲ, Оҳ чекиб қарайсан дераза томон ”… Корейсларда “Ҳамфикр бўлиш эр-хотинларни янада яқинлаштиради”, деган мақол бор. Шундай бир оилани биламан: Эр-хотин бир уйда бирга туришади аммо… бирга “яшашмайди”. Фарзандлари бор. Иккаласи ҳам ўқимишли, лекин улар бир-бирлари билан уйда бир оғиз ҳам гаплашишмайди, бирга ўтиришмайди, турмуш ўртоғининг айтишича, (узр?!) ҳатто ўринлари ҳам бўлак… Сиртдан қараганда-ОИЛА! ТАШҚАРИДАН ҚАРАГАН ОДАМ- ИЧКАРИДА ҲАЁТ ДАВОМ ЭТЯПТИ, деб ўйлайди… Сабаби кўнгилсизлик… совуқчилик.(Кўнгилсиздан кўзсиз ўғил туғибман, деган мақол ҳам бор). Эр келган жойга хотин келмайди ва хотин бўлса, эр...(Хулоса ўзингиздан) бу аёл ёки эркак БАХТ сўзини қандай шарҳларкин? КУЗАТИБ ҚОЛМАСА УЙДА БИР КИМИНГ, Кутиб олгувчинг ҳам бўлмайди аён. Судралиб қайтасан уйингга томон Вужудинг ғижимлаб борар кийиминг. (Ш.Қ). Дарҳақиқат, уйда сенга бепарво бўлсалар, бор йўқлигинигни сезмасалар… Келганингда келдингми, Кетсанг-кетяпсанми, демасалар… Кутиб олиб, кузатиб қўядиганинг, бир оғиз илиқ сўз айтувчингни бўлмаслиги… бу энди- ҳақиқий даҳшат! Бахт-бу ўз уйингда, оилангнинг тинчлиги, хотиржам ўтган ҳар бир кунингдир асли! Бахт ва бахтсизликка ҳаётда жуда мисоллар кўп. Турли ва турфа тақдирлар бор. Яқинда бир даврада бир оила ҳақида гапиришди. Эр шаҳарда яхши жойда ишларкан, топармон-тутармон. Хотини болалари билан қишлоқда яшайди, ишламайди, уй ишларидан ортган пайт фақат қўшниларига эрининг юборган пуллари-ю, унга олиб келган кийимларини мақтанаркан. Эри унга хоҳлаганча маблағ етказиб тураркан. Айтишларича… эри… нинг кўнгли бошқа… билан экан… Аёлга бунинг аҳамияти йўқ.У эридан нолимайди. Тўғрироғи нолий олмайди. Чунки турмуши мукаммал. Аёлининг еб-ичардан, киярдан ками йўқ. Тиллоларга бурканган. Унга эрингиз бошқа билан топишиб олибди. Сиз ҳам ўша ёққа бориб яшамайсизми, дейишса: У аёл қўшниларига бепарвогина: Нима бўпти, бошқани севганда нима бўларди. “От айланиб қозиғини топади”. 3 та фарзанди бўлса, Ҳамма нарсам етарли бўлса. Эрим болаларини яхши кўрса..қаёққа боради, ҳафтада кеб турибди-ку, уйга… дебди. Эшитиб ўйланиб қоламан… Бу аёл биз баҳслашаётган “Аёллик бахти нимада” деган саволимизга нима деб жавоб берган бўларди? Хулоса ўзингиздан… ёки улар мана бу шеърни маънисини тушуна олармиканлар деб ўйлайман: Соғиниб-соғиниб, соғинмай қўйдим, Энди менга барибир келсанг-келмасанг. Қўлингда бўлса гар осмонни ташла- Энди менга барибир севсанг-севмасанг! (Ф.А) Юқорида айтганимиздек, бахтни ҳамма ўзича ва ўзидан келиб чиқиб тушунади. Ҳамма бахтни ҳар хил тушунади. Ким бахтни-пул, мол-мулк билан, ким муҳаббат билан, ким ОИЛАДАГИ ТИНЧЛИК-ХОТИРЖАМЛИК билан ўлчайди. Шу ерда шоир айтган (И.Северянин)нинг “Дунёда биргина бахт бор мустаҳкам, Бахт шудир-тополсанг муҳаббатингни” деган сўзларини келтиришни ва ушбу мавзуни бироз шоирона туйғулар, аммо дилимдаги (С.Бухорийнинг) “Бахт нима у? Давлатми? Ё шуҳратми, савлатми? Бахт нима у, недир бахт? Бахтсизликни енгиш-бахт”! деган сўзлари билан ифодалашни лозим деб топдим… Яна шоир шундай дейди: Ҳар нарса топилар, топилмайди жон, Бошинг омон бўлса, бошқаси осон, Бахт ҳисин туяркан севилган инсон- Мен шундан бахтлиман, Онажон, ОНА!.. Бахтимдан айланай, ўргулай яна, Вафо-садоқатдан дилда танатана Тақдирим осойиш ўтмоқда мана- Мен жуда бахтлиман, онажон, ОНА!.. Хавотирлар олманг. жоним, жон онам, Бугун шодликдандир кўзимдаги нам Оҳ, бугун бунчалар гўзал бу олам, Мен бахтдан масрурман, ОНАЖОН, ОНАМ! Ҳа, «чиққан қиз чиғриқдан ташқари». дейишади. Ана шу «чиққан», ўзга уйга келин бўлиб тушган, узатилган қиз-келинчакнинг ўз онасига юқоридаги шеърни битишидадир АЁЛЛИК БАХТИ. Узатилган қизининг тушган еридан кўнгли тўлганлиги, бахтдан масрурлигидан кўнгли хоттиржам бўлган онададир АЁЛЛИК БАХТИ! Тақдир чархпалаги айланавераркан..Қаранг бир пайтлар бизни ҳам ота-онамиз не-не умидлар билан ўзга уйига узатганлар. У пайти сезмас эканмиз, ўз чиққан уйим-Ота уйимга келиб қолсам Бувижоним билан Онажоним кўзларимга тикилиб: «сан нимагадир бугун бошқачасан.., уйинг тинчми ишқилиб, болам, урушиб келмадингми? Қайнонанг билан муносабатинг яхшими, ҳурматини жойига қўяпсанми? Эрингни юзига тик қарамаяпсанми? Энди ота уйингдаги эркаликларингни ташлагин..»Эр ўқимаган бўлса-ярим пир, ўқиган бўлса бутун пир, уни юзига тик қараб, гап қайтариб бўлмайди, болажоним, сал пастроқ туш, сан аёл кишисан, тилингни ширин қил, хизматингдан ёқасан энди у ердагиларга, бахт ўзингни қўлингда ва ҳоказолар.." каби сўзлар билан ҳар доим хавотир билан аҳволимни сўраб, тинмай насиҳат қилар эдилар… Дадажоним ҳам «Ота-она қиз болани тахтини ясаб бериш мумкин экану, бахтини ясолмаскан».«Бахт- бир қуш мисол, қизим учурворишдан эҳтиёт бўлгин», дегувчи эдилар… Мана йиллар ўтиб энди битта-ю, битта қизим вояга етган сари хавотири мани кўнглимда… Она бўлган тушунар экан бунинг нақадар заҳматларини… бу ғамнинг улканлигини… Демак, онанинг битта-ю битта тилаги-фарзанди тушган ерида тиниб-тинчиб кетишини тилар экан… Доимо Она кўнглида "қизим тинчмикан", деган хавотир, хадик яшаркан… ________________________________________ Виктор Алимасов ўзининг «Фалсафа ёҳуд фикрлаш лаззати» китобида «Бахт нима?» саволга айрим ҳикматлардан намуналар келтириб ўтган. Юқоридаги бизнинг «Аёллик бахти нима?» мавзусига монанд бўлганлиги учун айрим иқтибосларидан келтиришни лозим деб топдим: *** «Икки нарсанинг умри узун: бири — тошдаги битикларнинг, бири — дилдаги. Бахтли бўлай десанг, ё тошга битишни ўрган, ё дилга». * * * Инсонда умр бўйи уни тарк этмайдиган битта истак бор, бу — бахтли бўлиш истагидир. * * * Бахт нима? Битиклардан ҳикмат қидирдим, тириклардан — ҳиммат. Кимдир шукур билан кўкка ишора қилди, кимдир сукут билан ерга, кимдир, йиққаним бахтим, деди, кимдир — сочганим; кимдир, суйдирганни бахтим, деди, кимдир — куйдирганни; кимдир, бахтим белимда, деди, кимдир — элимда. Бир-бирига ўхшаш жавоб учратмадим. Ҳақ гап экан: ҳамма бир хил бахтли бўлишни истайди, бироқ ҳар ким ўзича бахтли. * * * Гёте, бахт — мўъжизадир, деган. Лекин, деб огоҳлантиради у, бу мўъжизага тегмаган маъқул. Нега? Чунки бахтнинг интихоси йўқ, бироқ азияти кўп. Шунинг учун ҳам муқаддас битикларда, «Чеккан азиятларингга яраша улуш олурсан», дейилган. * * * Қизимга Атиргулнинг ифоридай хушбўй қизим, Шабнамдан пок, гулдан гўзал хушрўй қизим. Ўзга уйи ўз уйингдек бўлармикан, Кеча –кундуз хаёлимда шу ўй қизим. Ўзга уйнинг баланди-паст, пасти баланд, Рўзғорларнинг ғорларига жонинг пайванд Аччиқ-тизиқ гаплар гоҳо берса-да панд, Чида қизим, сабрлининг турмуши қанд. Ёр уйининг ҳар ишида меъёри бор, Ўйлаб сўйла айтар сўзинг озори бор. Тўкиб қўйма, бахт қадрини охори бор Ўзга уйин қиш демагин, баҳори бор. Гулдек очил, садоқату меҳрингни бер, Муҳаббатинг, махоратинг, сеҳрингни бер, Ёр уйига қутлуғ қадам бўлиб киргин, Бир умрга қўшганинг-ла бахтли юргин.… Шабнамдан пок, гулдан гўзал хушрўй қизим

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.