топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Табиий ва ис газидан эҳтиёт бўлинг!

Favqulodda vaziyatlar vazirligi
Жамият

Табиий ва ис газидан эҳтиёт бўлинг!
Ёқилғи маҳсулотлари ичида бошқаларига нисбатан хавфлироғи табиий газ ҳисобланади. Табиий газдан фойдаланганимизда, гўёки у тўлиқ ёнаётгандек тасаввур уйғотади. Аслида у тўлиқ ёнмаслиги натижасида хона ичида газ тўпланиб, газ оқими бехосдан узилиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Айримлар газ плитасини ёқиб, қаровсиз қолдиради, иситиш тизимларига газни улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида портлаш, ёнғин содир бўлиши ҳамда табиий ва ис газларидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар содир бўлиши мумкин. Натижада кишилар турли хил тан жароҳатлари олади ёки ҳаётдан бевақт кўз юмиши ҳолати кузатилади. Ис гази — истеъмолчилар фойдаланаётган табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, кўмир ва органик моддаларнинг чала ёнишидан ҳосил бўладиган бирикмадир. У юқори нафас йўллари ва аъзоларига кучли таъсир қилиб, нафас йўллари орқали бутун организмни, хусусан, марказий асаб тизимини зарарлайди.
Заҳарланиш ис газининг ҳаводаги концентрацияси ва таъсир муддатига боғлиқ бўлиб, енгил, ўрта ҳамда оғир даражада кечади. Қайси даражада бўлишидан қатъи назар, заҳарланган одамнинг боши қаттиқ оғрийди, айланади, кўнгли айнаб, қайт қилади, баъзан ҳушдан кетиб, нафас олиши секинлашади. Касалманд кишилар, қариялар ва болаларга ис гази тезлик билан таъсир қилиб, кўнгилсиз ҳолатларга олиб келади.
Заҳарланиш жараёни содир бўлса, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Беморни зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш зарур. Агар у юзаки нафас олаётган ёки нафас олиши тўхтаб қолган бўлса, сунъий нафас олиши учун шарт-шароит яратилади. Агар бемор ҳушида бўлса, танасининг юқори қисмидаги кийимларидан бўшатилади, иссиқ чой ёки қаҳва ичирилади.

Табиий ва ис гази билан заҳарланишга қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин:
— табиий газ тўлиқ ёнмаслиги оқибатида ҳосил бўладиган ис газининг салбий таъсири;
— хонадонлар иситиш тизимига табиий газ билан уланишда меъёрий талабларга риоя этилмаслиги;
— табиий газдан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаслиги;
— иситиш учун мўлжалланган печка ҳамда мўриларнинг соз ҳолатда эмаслиги, яхши тозаланмагани ва бошқалар.
Хонада табиий газ йиғилиб қолса, зудлик билан қуйидаги амалларни бажариш лозим:
— хона деразаларини очиб, шамоллатиш;
— хонадаги электр жиҳозларни ёқмаслик, ёниқ бўлса ўчирмаслик;
— газ жўмракларини беркитиш;
— газни беркитишнинг иложи бўлмаса, ёрилган, синган ва тешилган жойлар аниқланса, газ таъминоти авария хизматига хабар бериш.
Табиий ва ис газлари билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисалар ҳамда нохуш вазиятлар юз берса:
— «104» телефон рақами орқали ҳудудий газ таъминоти идораси навбатчи ходимига қўнғироқ қилинг;
— «1050» Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг авария-қутқарув хизматига қўнғироқ қилинг;
— заҳарланган кишига биринчи тиббий ёрдам кўрсатинг;
—«103» телефон рақами орқали «Тез тиббий ёрдам»га хабар беринг ва мурожаат қилинг.

Баҳром
БОЙБЎРИЕВ,
туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи.

(«Нуробод» газетаси 31.10.2015 йил №30-сон)

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.