топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Табиий ва ис газининг зарари

Favqulodda vaziyatlar vazirligi
Жамият
Қалин қор ёғиши муносабати билан ҳаво ҳарорати кескин пасайди. Бу эса аҳоли тураржой мавзеларида, кўп қаватли уйларда, маҳалла ва қишлоқларда кўпчиликнинг иссиқлик энергиясига бўлган эҳтиёжини оширади. Айниқса, табиий газ билан иситиладиган иншоот ва хонадонларда айрим фуқаролар бу иссиқлик манбасидан ҳуда-беҳуда фойдаланиб, ўз соғликларини хавф остига қўяётганини билмайдилар. Хўш, табиий ва ис газининг таркиби ҳақида биласизми, бу саломатлик учун қанчалик даражада зарар етказишини-чи? Шу ҳақда фикр¬лашсак, фойдадан ҳоли бўлмас эди.

Ёқилғи маҳсулотлари ичида бошқаларига нисбатан хавф¬лироқ бўлгани бу табиий газ ҳисобланади. Табиий газдан фойдаланганимизда, гўёки у тўлиқ ёнаётгандек тасаввур уйғотади. Аслида у тўлиқ ёнмаслиги натижасида хона ичида газ тўпланиб, газ оқими бехосдан узилиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Айримлар газ плитасини ёқиб, қаровсиз қолдиради, иситиш тизимларига газни улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида портлаш ва ёнғин содир бўлиши ҳамда табиий ва ис газларидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ фав¬қулодда вазиятлар содир бў¬лиши мумкин. Натижада кишилар турли хил тан жароҳатлари олиб ёки ҳаётдан кўз юмишгача борадилар.
Ис гази истеъмолчилар фойдаланаётган табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, кўмир ва органик моддаларнинг чала ёнишидан ҳосил бўладиган бирикмадир. У юқори нафас йўллари ва аъзоларига кучли таъсир қилиб, нафас йўллари орқали бутун орга¬низм¬ни, хусусан, марказий асаб тизимини зарарлайди. Бу кимёвий бирикмадан қатор органик моддалар синтез қилинувчи корхоналарда, гаражларда вентиляция ёмон бўлганда, эшик, ром, поли янги бўялган, шамоллатилмаган хоналарда, шунингдек, уй шароитида табиий газ ёниб турганда, печка билан иситиладиган уйда ва печка қопқоғи ўз вақтида ёпилмаганда заҳарланиб қолиш мумкин. Заҳарланиш ис газининг ҳаводаги концентрацияси ва таъсир муддатига боғлиқ бўлиб, енгил, ўрта ва оғир даражада кечади. Қайси даражада бўлишидан қатъи назар, заҳарланган одамнинг боши қаттиқ оғ¬рийди, айланади, кўнг¬ли айнаб, қайт қилади, баъзан ҳушдан кетиб, нафас олиши секинлашади. Касалманд кишилар, қариялар ва болаларга ис гази тезлик билан таъсир қилиб, кўнгилсиз ҳолатларга олиб келади.
Заҳарланиш жараёни содир бўлса, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатишда нималарга эътибор қаратиш керак? Беморни зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш зарур. Агар у юзаки нафас олаётган ёки нафас олиши тўхтаб қолган бўлса, сунъий нафас олиши учун шарт-шароит яратилади. Агар бемор ҳушида бўлса, танасининг юқо¬ри қисмидаги кийимларидан бўшатилади, ис¬сиқ чой ва қаҳва ичирилади.
Табиий ва ис гази билан заҳарланишга қуйидагилар сабаб бў¬лиши мумкин:
— табиий газ тўлиқ ёнмаслиги оқибатида ҳосил бўладиган ис газининг салбий таъсири;
— хонадонлар иситиш тизимига табиий газ билан уланишда меъёрий талабларга риоя этилмаслиги;
— табиий газдан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаслиги;
— иситиш учун мўлжалланган печка ҳамда мўриларнинг соз ҳолатда эмаслиги, яхши тозаланмагани ва бошқалар.
Хонада табиий газ йиғилиб қолса, зудлик билан қу¬йидагиларни амалга ошириш зарур:
— хона деразаларини очиб, шамоллатиш;
— хонадаги электр жиҳозларни ёқмаслик, ёниқ бўлса ўчирмаслик;
— газ жўмракларини беркитиш;
— газни беркитишнинг иложи бўлмаса, ёрилган, синган ва тешилган жойлар аниқланса, газ таъминоти авария хизматига хабар бериш.
Табиий ва ис газларидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ нохуш вазиятлар юз берса:
— заҳарланган кишига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш;
— «103» телефон рақами ор¬қали «Тез тиббий ёрдам»га хабар бериш;
— «104» телефон рақами ор¬қали ҳудудий газ таъминоти идораси навбатчи ходимига қўнғироқ қилиш;
— фавқулодда вазиятлар бош¬қармасининг авария-қут¬қарув хизматига мурожаат қилишни ёдда тутиш муҳим.
Шундай экан, ҳудудий оила¬вий поликлиникалар, қиш¬лоқ врачлик пункт¬ларида ишлаётган умумий амалиёт шифокорлари, педиатр, тор доирадаги мутахассис, ўрта маълумотли тиб¬биёт ходимлари, қолаверса, кенг жамоатчилик аҳоли ўртасида табиий газдан тўғри фойдаланиш қоидалари, шунингдек, унинг саломатлик учун хавф¬ли эканлигини ўз вақтида тушунтириб, тарғибот ишларини олиб борсалар бундай кўнгилсизликларнинг олдини олишга эришган бўламиз.
Азизбек НИЗОМОВ, Республика саломатлик ва тиббий статистика институти Тошкент шаҳар бўлими шифокори.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.