топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Огоҳлик ва ҳушёрлик замон талаби

Favqulodda vaziyatlar vazirligi
Жамият
Мамлакатимизда 2015 йилнинг 20 ноябридан 20 декабрига қадар ёнғин хавфсизлиги ойлиги ўтказилди 
Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини, энг асосийси, одамларимизнинг ҳаётдан розилигини, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлаш ўта муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. 
Дарҳақиқат, тинчлик бор жойда хотиржамлик бўлади. Инсон олдига қўйган мақсадларини амалга ошириши, бахтли ҳаёт кечириши учун шароит яратилади. Шу маънода мамлакатимизда ҳукм сураётган осойишталикни асраш, огоҳ бўлиш ҳар биримизнинг зиммамизга алоҳида масъулият юклайди. 
Ёнғинларнинг олдини олиш ҳам осойишталикнинг муҳим шартларидан биридир. Зеро, бу ҳаётимиз хавфсизлигига, катта меҳнат билан бунёд этилган неъматларни асрашга хизмат қилади. 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ҳар йили ёнғин хавфсизлиги ойлигини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ноябрь ойининг учинчи ўн кунлигидан бошлаб мамлакатимизда ёнғин хавфсизлиги ойлиги ўтказилди. 
– Ёнғин хавфсизлигини таъминлашга доимо эътибор қаратиб келинаётгани халқимизнинг тинч ва фаровон турмуш кечиришини таъминлашга замин яратмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Исмоил Шарипов. –Соҳадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш учун кенг жамоатчилик билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Чунки ёнғин хавфсизлиги масаласи барча идора ва ташкилот, маҳалла, қишлоқ, оила, ҳар бир фуқаро фаолиятига бевосита дахлдордир. 
Соҳага оид қонунчиликнинг такомиллаштирилгани ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, “тилсиз ёв”нинг олдини олишни янада кучайтириш имконини бераётир. Ўзбекистон Республикасининг 2009 йилда қабул қилинган “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунида ёнғинларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотлари, корхоналар ва хўжаликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига алоҳида масъулият юкланган. 
Куз-қиш мавсуми олдидан ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, кенг кўламли тарғибот-тушунтириш тадбирларини кучайтириш мақсадида ўтказилган ойлик доирасида белгиланган барча чора-тадбирлар амалга оширилди. Аҳоли пунктлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари янада кучайтирилди. Аҳоли, корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчилари ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, ёнғинларнинг олдини олиш борасидаги зарур чора-тадбирлар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. 235 бино ва иншоот ёнғин ҳақида автоматик равишда хабар берувчи мослама билан жиҳозланди. 
Аҳоли гавжум жойлар, серқатнов кўчаларда реклама воситалари орқали ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш кенг тарғиб этилди. Ташкилот ва муассасаларда 41 мингдан зиёд ёнғин хавфсизлиги бурчаги ташкил этилди. Ёнғинни ўчириш билан боғлиқ 4 мингга яқин кўргазмали машғулот ўтказилди. 
Болалар ва ёшлар иштирокида ёнғин хавфсизлигини таъминлашга оид машғулотлар ўтказилди. Уларда фавқулодда ҳолатларда, хусусан, ёнғин рўй берганда қандай йўл тутиш, захира чиқиш йўлларидан фойдаланиш машқлар орқали ўргатилди. Фарзандларимизнинг бу борадаги билим ва кўникмасини мустаҳкамлаш мақсадида 3,5 мингга яқин викторина ва танлов ташкил этилди. 
Аҳоли хонадонларининг ёнғинга қарши ҳолати, чордоқ ва ертўлалар синчиклаб кўздан кечирилди. Боиси, содир бўлаётган ёнғинларнинг асосий қисми аҳоли турар жойларига тўғри келаётир. Айрим фуқаролар носоз электр ва газ мосламаларидан фойдаланиши, кўп ҳолларда ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этиши оқибатида турли даражадаги ёнғинлар рўй бермоқда. 
Ана шундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш ва фуқаролар яшаш жойларида қонунчиликни мустаҳкамлаш мақсадида давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ойлик давомида 1,4 миллионга яқин аҳоли турар жойларининг ёнғинга қарши ҳолати текширилди. Аниқланган камчиликларнинг аксарияти зудлик билан бартараф этилди ва бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. 
Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган ва давлат ёнғин назорати органларининг ёзма кўрсатмаларини бажармаётган ўн мингга яқин масъул шахс тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди. 10 мингга яқин раҳбар ва жавобгар шахс маъмурий жазо олган бўлса, 30 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 
Кўрилаётган чоралар ва амалга оширилган тадбирлар натижасида содир бўлаётган ёнғинлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 49 фоизга, фуқароларнинг тан жароҳати олиши 74 фоизга камайишига эришилди. 
Аммо бу хотиржамликка берилиш учун асос бўла олмайди. Чунки доимо ҳушёр бўлиш, хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш билан ёнғинларнинг олдини олиш мумкин. Яқинлашиб келаётган Янги йил байрамининг кўнгилдагидек ўтиши ана шу омилларга ҳам боғлиқ. 
Соҳа ходимлари ушбу йўналишда ҳам аҳоли ўртасида зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Янги йил тантаналари ўтказиладиган майдонлар, маданий муассасалар, кўнгилочар масканларнинг ёнғинга қарши ҳолати, ўрнатилаётган арчаларнинг безатилиши алоҳида эътиборга олинмоқда. 
Пиротехника воситаларини сотиш, омма орасида ишлатишга чек қўйиш ҳамда тўй ва бошқа маросимларда юз бериши мумкин бўлган ёнғин ва бошқа бахтсиз ҳодисаларга йўл қўймаслик мақсадида давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан тегишли хизматлар билан ҳамкорликда изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 
Ёнғин хавфсизлигига оид бундай меъёрларга амал қилиш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш осойишталигимиз бардавомлигининг муҳим омилидир. 
Норгул Абдураимов, УзА

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.