топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Қишга тайёргарлик: газ таъминоти

Favqulodda vaziyatlar vazirligi
Жамият


 Қишга тайёргарлик ишлари, хусусан, газ таъминоти билан боғлиқ масалалар кўпчиликни қизиқтириши табиий.

«Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси бош директори ўринбосари Фатхулла АХМЕДЖОНОВ билан суҳбатимиз бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида бўлди.
— Президентимизнинг жорий йил 5 июлдаги «Республика иқтисодиёти тармоқларини 2013-2014 йиллар куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида «Ўзтрансгаз» ак­ция­дорлик компаниясининг 2013 йил 14 июлдаги буйруғи ҳамда комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган, — дейди у.

— Аввало, қилинган баъзи ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтсам. 100,6 км газ қувурлари мукаммал таъмирланди, 89,2 км газ қу­вурларида реконструкция ишлари амалга оширилди. 92882 та газ тақсимлаш шахобчалари тафтишдан ўтказилди, 154 таси мукаммал таъмирланди.
Шунингдек, 13 210 км газ қувурларида босим остида зичликка синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш ишлари амалга оширилди. 
6 449,8 км ер ости газ қувурларининг ҳолати текширилди ва 1 309,7 км газ қувурларида бўёқлаш ишлари бажарилди. Айни пайтда бу борадаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
— Қиш мавсумида айрим жойларда газ босими тушиб кетиши ҳоллари учраб туради. Бунинг асосий сабаблари нимада? Мазкур муаммонинг олдини олиш учун қандай амалий тадбирлар белгиланган?
— Кейинги йилларда республикамиз ҳудудларидаги табиий газ истеъмолчилари сонининг кўпайганлиги ҳам­да аксарият табиий газ истеъмолчилари ностандарт газ ускуналаридан фойдаланишлари оқибатида газ қувурларининг охирги нуқталарида жойлашган истеъмолчиларга етказиб берилаётган табиий газ босими тушиб кетиш ҳолатлари учраб туради.
Бундан ташқари, вилоятлардаги марказлашган иссиқлик таъминоти билан таъминланиши белгиланган бир қанча кўп қаватли уйдаги хонадоннинг иссиқлик тизими яроқсизлиги сабабли хонадонларни иситиш, ювиниш, кир ювиш учун қўшимча равишда, яъни режалаштирилмаган ҳажмлардаги табиий газнинг сарфланиши ҳам қиш мавсумида табиий газ таъминотида босимларнинг камайишига сабаб бўлмоқда.
Ушбу ҳолатларни бартараф этиш мақсадида компаниямиз томонидан 2013-2014 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида тасдиқланган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Унда табиий газ етиб бормайдиган ҳудудлардаги аҳоли хонадонларида кафолатланган иссиқлик таъминотини ташкил этиш учун кўмир ёқилғиси ҳамда ов­қат тайёрлаш учун узлуксиз суюлтирилган газ билан таъминлаш белгиланган. Бугунги кунда бу борадаги ишлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.
— Газ ҳақини ўз вақтида тўламаётган истеъмолчилар, яъни муайян шахс ёки ташкилотдан қарз ундириш, шу билан бирга ноқонуний тарз­да газдан фойдаланиш ҳолларига чек қўйиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
— Сарф этилган табиий газ ҳақини ўз вақтида тўламаётган истеъмолчилардан (аҳо­ли ва улгуржи) мавжуд қарздорликни ундириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 26 майдаги қарори ҳамда истеъмолчилар билан ўзаро тузилган шартноманинг тегишли банд­лари асосида амалга оширилади. Фойдаланилган табиий газ учун тўловларини ўз вақтида амалга оширмаган истеъмолчилардан қарздорлик бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ўрнатилган тартиб асосида хўжалик ва фуқаролик судларига тақдим этилмоқда.
Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, жами 219,8 миллиард сўмлик қарздорликни ундириш мақсадида 300 318 та аҳоли истеъмолчилари бўйича ҳужжатлар фуқаролик судларига тақдим этилди. Шундан 170,3 миллиард сўмлик 250548 та аҳоли истеъмолчилари бўйича суд қарорлари чиқарилди ва улардан 60,6 миллиард сўм қарздорлик ундирилди.
Улгуржи истеъмолчилар бўйича 986 та ҳолатда жами 77,4 миллиард сўм­лик қарз­дорликни ундириш мақсадида ҳужжатлар хўжалик судларига тақдим этилган эди. 695 та улгуржи истеъмолчилар бўйича 52,0 миллиард сўмлик суд қа­рорлари чиқарилди. Улардан 3,0 миллиард сўм қарз­дорлик ундириб олинди. Шу ўринда истеъмол қилинган газ учун ҳақини ўз вақтида тўлаш, аввало, истеъмолчилик маданияти, қолаверса, фуқаролик бурч эканлигини таъкидламоқчиман. Уни тўламаслик эса бировнинг ҳақидан қўрқ­мас­лик билан баробар. Қолаверса, бу газнинг жойларга етарли босимда етиб бормаслигига ҳам таъсир ўтказади.
Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида газ тармоқларига ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда уланган 2358 та ҳолат аниқланиб, 3,7 миллиард сўмлик келтирилган зарарни ундириш мақ­садида ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.
— Газ ўтмаган ёки бориши қийин ҳудудлардаги аҳолини баллонли газ билан таъминлаш, уларга узлуксиз газ баллонлари етказиб бериш масаласи бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталсангиз.
— Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарорида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан табиий газ ўтказилмаган ҳамда табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудлар рўйхати тасдиқланган.
Ушбу рўйхатга асосан ҳудудлардаги аҳоли хонадонларини қиш мавсумидан талофатсиз олиб чиқиш мақсадида ёз фаслининг июль ойидан бошлаб қишлоқ ва маҳалла фуқаролари йиғинлари билан биргаликда аҳоли ўртасида қўшимча ёқилғи турларидан (кўмир, ўтин, суюлтирилган газ ва ҳ.к.) фойдаланишлари тўғрисида огоҳлантириш ишлари олиб борилди.
Табиий газ таъминотидаги муаммоли ҳудудлардаги аҳоли хонадонларига овқат тайёрлашга 140 118 тонна суюлтирилган газ ҳажмларини етказиб бериш учун компания тасарруфидаги газ таъминоти корхоналари томонидан жорий йил охирига қадар 510 000 дона айланма маиший газ баллонларини етказиб бериш ҳамда 130 дона Isuzu русумли махсус транспортлар билан таъминлаш кўзда тутилган. Бугунги кунга қадар ушбу ҳудудлардаги аҳоли хонадонларига вақтинчалик фойдаланишга шартнома асосида 170 813 та суюлтирилган газ баллонлари ҳамда газ таъминоти корхоналарига эса 63 дона Isuzu русумли махсус автомашиналар етказилди.
Аҳолини узлуксиз суюлтирилган газ билан таъминлаш учун 26 дона сервис марказларини қуриш режалаштирилган. Шундан бугунги кунда 14 таси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қолган сервис марказларида ҳам қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда.
Амалга оширилаётган бу ишлар қиш фаслида аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш, қишнинг совуқ кунларини муаммоларсиз ўтказишга қаратилгандир.
Тоштемир Худойқулов

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.