топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Эътиборли бўлсак, қиш ташвишли бўлмайди

Favqulodda vaziyatlar vazirligi
Жамият

Қиш бошланди. Бу фаслнинг ўзига хос зийнати, завқи бор. Шунинг баробарида ташвишлари ҳам. Шу боис, қишга алоҳида тадорик кўрамиз. Бу фаслда эътиборимизни ошириш лозим бўлган жиҳатлар ҳам борки, улар турмушимиз обод ва соғлиғимиз мустаҳкам бўлишининг омилидир. Бошланаётган қиш фасли ҳар биримиздан уйимизни иситиш, овқатланиш ва кўча-кўйда юришимизда огоҳликни янада оширишни тақозо этади. Келинг, эътиборсизлик оқибатида келиб чиқадиган нохуш ҳолатларнинг баъзи бирлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Ис газидан эҳтиёт бЎлинг!
Кунларнинг совиши натижасида хонадонларни иситишига тўғри келади. Шу мақсадда газ ва кўмирдан фойдаланилади. Унинг эса қатор қоидалари ҳам борки, эсдан чиқармаслик керак. Уларга амал қилмаслик натижасида ис газидан заҳарланиш ва маиший газнинг чақнаши оқибатида жабрланиш ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Таҳлилларга кўра, токсик заҳарланиш ҳолатларининг 60-70 фоизи табиий газ билан боғлиқ бўлиб, 15-20 фоиз қисми табиий газ босимининг ўзгарувчанлиги таъсирида юзага келиши мумкин. Куз-қиш мавсумида табиий газга нисбатан аҳоли эҳтиёжи ортиши ва истеъмолчилар томонидан қўшимча газ сўриш насосларининг ўрнатилиши, айрим ҳолларда газ тақсимлаш ускуналарининг қуввати аҳоли эҳтиёжига мос келмаслиги ёки носозлиги газ босимининг ўзгаришига олиб келади. Баъзан электр энергия таъминотидаги техник жараёнлар натижасида газ сўриш насосларининг ёниқ қолиши табиий газдан заҳарланиш ҳолатларини келтириб чиқаради.
 
Соғлиққа зиёни катта
Ис гази нафас йўлларидан организмга кириб, қизил қон доначаларидаги гемоглобин билан биришидан карбокгемоглобин ҳосил бўлади. Ушбу модда кислородни бириктира олмайди, натижада тўқима ва хўжайраларда кислород етишмайди.
Ис теккан кишининг боши қаттиқ оғрийди, кўзи тинади, кўнгли айнийди, дармони қурийди. Агар ис тегиши узоқ вақт давом этадиган бўлса, киши батамом ҳолсизланиб, ўрнидан туролмай қолади. Натижада бутунлай ҳушидан кетади.
Бундай ҳолатда биринчи тез ёрдам кўрсатиш керак бўлади. У эса қуйидагича амалга оширилади: Ис теккан киши тезлик билан тоза ҳавога олиб чиқилади. Нафас олиши тўхтаган бўлса, сунъий нафас берилади. Шундан сўнг “Тез тиббий ёрдам” чақирилади.
 
Офатнинг олдини огоҳлик олади
Айни пайтда ушбу офатларнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида тегишли ташкилотлар томонидан газ ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда йўл қўйилган камчиликлар учун уч минг уч юздан ортиқ объектнинг фаолия­ти вақтинча тўхтатилган. Икки мингга яқин ностандарт ва қўлбола иситиш воситалари сотувдан чиқарилган. Жойларда кенг кўламли тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилган. Уларда таъкидланганидек, офатнинг олдини олишнинг энг муҳим омили – огоҳликдир. Ҳар биримиз уйимизда, ишхонамизда, кўча-кўйда эътиборли бўлсаккина, бу каби нохуш ҳолатлар келиб чиқмайди.
– Мамлакатимизда 20 ноябрдан 20 декабргача ўтказилаётган Ёнғин хавфсизлиги ойлигида ҳам мана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Тошкент шаҳридаги Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходими Ғуломжон Пирмаматов. – Шу муносабат билан ўтказилаётган тарғибот ишларида ис гази ва унинг натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган ҳолатлар аҳолига кенг тушунтирилмоқда.
МАНБА

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.