топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик камаймоқда

2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»
Жамият
Мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанбасида ўтказилаётган жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни тадбирлари юксак самаралар бермоқда. 

Наманган вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, подполковник Рустамжон Дўстматов ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди: 

– Аввало, жорий йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани жамиятимизнинг барча жабҳалари қатори ички ишлар тизими олдига ҳам ўз фаолиятини давр талаби асосида тубдан ўзгартириш вазифасини қўйди. Энди бизнинг ишимизга баҳо беришда очилган жиноятлар, қўзғатилган жиноий ишлар сонига қараб эмас, балки шундай ҳолатларнинг олдини олиш, сабаб ва омилларини олдиндан аниқлаб, уни бартараф этиш борасида амалга оширилган ишлар бош мезон сифатида устувор аҳамият касб этади.

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни камайтиришда халқ билан юзма-юз мулоқот тарзидаги ҳуқуқий тарғибот тадбирлари муҳим ўрин тутмоқда. Бинобарин, аҳоли орасида, таълим муассасаларида жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни тадбирлари ўтказиб келинаётгани бу борадаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Жорий йил бошидан бошқармамиз томонидан давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда ташкил этиб келинаётган бундай кенг кўламли тадбирларда 9 мингдан зиёд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, маҳаллий ҳокимлик ва жамоат ташкилотлари вакиллари фаол иштирок этди. 

Ҳар пайшанба эрталаб соат 8.00 да вилоят ҳудудидаги 48 секторда масъул раҳбарлар иштирокида ўтказилаётган хизматолди йўриқномаси тадбирнинг юқори савияда ўтишини таъминламоқда. Йилнинг ўтган даврида умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 2 минг 300 дан зиёд “Давомат” тадбирлари ўтказилди. Ушбу тадбирлар натижасида дарс машғулотларига сабабсиз қатнашмаётган 976 нафар ўқувчининг барчаси таълим муассасаларига қайтарилди. Бу борада ўта масъулиятсиз бўлган 1176 нафар ота-онага маъмурий ва 16 таълим муассасаси раҳбарига нисбатан интизомий жазо қўлланилгани кўпчиликка сабоқ бўлмоқда. 

Тадбирлар давомида 455 мингга яқин хонадон ўрганилди. Ўрганиш натижасида паспорт тизими тартиб-қоидаларини бузган 6 минг 298 нафар фуқарога нисбатан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди. Шунингдек, ёлғиз яшаётган қариялар, муқаддам судланган, узоқ муддат юртимиздан ташқарида бўлиб қайтган фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилди. 

Профилактика куни тадбирларида оилалардаги салбий ижтимоий-маънавий муҳит сабабларини ўрганиш ва тегишли чоралар белгилаш, жамоат жойларида тартиб-қоидаларга риоя этилиши, фуқаролар ўртасидаги ер ва мол-мулкка доир можаролар, автотранспорт воситасидан фойдаланиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш каби маъмурий ҳуқуқбузарлик ва қоидабузарликлар профилактикасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Жойларда сайёр суд мажлисларини ўтказиш йўлга қўйилгани ҳам қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, одамларда адолатга, давлатга ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. Ўтган даврда 250 дан зиёд сайёр суд мажлиси ўтказилиб, 5 минг 245 ҳужжат кўриб чиқилди ва улар асосида қонуний чоралар кўрилди. 

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда корхона-ташкилотлар, таълим муассасалари ва маҳалла фуқаролар йиғинларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган 30 мингга яқин тарғибот-ташвиқот тадбири ўтказилди. Уларда содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, паспорт-виза тизими, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш, ёнғинлар ва мулкий турдаги жиноятларнинг олдини олиш мавзуларида тушунтириш ишлари олиб борилди. 

Тарғибот ишларида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Жумладан, телевидение, радио ва даврий нашрларда 400 дан зиёд чиқиш қилинди. Умуман, ўказилаётган бундай тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Вилоятда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан умумий жиноятлар 451 тага ёки 12 фоиздан кўпроқ камайгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. 

Мухтасар айтганда, профилактика куни тадбирларини ўтказиш механизми тобора такомиллаштириб борилаётгани юртдошларимиз онгу тафаккурида, ҳаётга муносабатида жиддий ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. 
Акрамжон Сатторов, ЎзА

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.