топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Жамият маънавий ҳаётининг асосий мезони

2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»
Жамият
 
Бугун халқимиз тинч-осойишта ва фаровон ҳаётимиз, фарзандларимизнинг бахтиёр -камолга етаётгани нечоғли бебаҳо неъмат эканини чуқур ҳис қилиб, юртимизнинг жаҳон майдонидаги ўрни ҳамда нуфузини янада ошириш йўлида дахлдорлик туйғуси билан яшамоқда.

Узоқни кўзлаб олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар наинки ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги беназир ютуқларнинг, балки фуқароларнинг онгу тафаккури, жамиятнинг маънавий-маърифий юксалишида муҳим омил бўлаётир. Бинобарин, ўзликни англаш, комиллик сари интилиб яшаш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бўлиб, бу эзгу саъй-ҳаракатларда, азалий қадриятларда ўз ифодасини топмоқда. Комилликнинг негизи эса китобни севиш, мутолаани кундалик турмуш тарзининг муҳим қисмига айлантириш, қисқача айтганда, китобхонлик маданияти билан чамбарчас боғлиқдир.
Президентимизнинг жорий йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши маънавий тарбия соҳасида давр талабларига мос ўзгаришларни рўёбга чиқаришда яна бир залворли қадам бўлди.
Албатта, мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш чора-тадбирларига доимий эътибор қаратилиб, ноширлик фаолиятини изчил такомиллаштириш мақсадида тегишли ҳуқуқий база яратилган. Ҳозирги кунда 1 минг 
677 та матбаа корхонаси, 118 та нашриёт давлат рўйхатига олинган бўлиб, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 14 та вилоят ахборот-кутубхона ҳамда  туман ва шаҳарлардаги таълим муассасаларида 200 га яқин ахборот-ресурс марказлари иш олиб бораётгани, китоб савдоси хизматини кўрсатишда замонавий ёндашувларнинг амалиётга татбиқ қилинаётгани соҳа ривожидан далолат беради. Бироқ кузатишлар ва ўрганишлар бу борада ўз ечимини кутаётган долзарб масалалар ҳам борлигини кўрсатмоқда. Китоб ўқишга бўлган қизиқиш ҳамда интилиш аҳоли кенг қатламида, шу жумладан, ёшларимизда бир оз сусайгандек, назаримизда. Фармойишда соҳадаги мавжуд муаммолар санаб ўтилар экан, аввало, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишлари пухта ташкил этилмагани, китобларни нашриётлардан ҳудудларга арзон нархларда етказиш, онлайн буюртма бериш ҳамда манзилга етказиш тизими сустлиги, аҳолига хизмат кўрсатишда электрон китоб шаклларидан кенг фойдаланиш яхши йўлга қўйилмагани алоҳида қайд этилди. Қолаверса, таълим ва маданият муассасалари учун китоб харид қилиш, китоб сотишга ихтисослаштирилган корхоналар томонидан таълим муассасалари, кутубхоналар ҳамда маҳаллаларда янги китоблар тақдимотини ўтказиш, мутолаа маданиятини юксалтириш, оммавий-ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот қилишга йўналтирилган тадбирлар етарли даражада эмаслиги ҳам бор гап.
Фармойишга кўра, тузилган ишчи гуруҳ томонидан китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси, китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда, комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши айни муддаодир.
Ўрни келганда таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти фаоллари билан бўлган сайловолди учрашувида китоб ўқишга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш, ёшлар орасида китобхонлик маданиятини юксалтириш масалаларига урғу берган эди. Президентимизнинг ғоялари асосида қисқа фурсатда Термиз давлат университетида “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан нашр этилаётган китоблар савдоси учун махсус дўкон қурилиб, фойдаланишга топширилди. Эндиликда фармойишда белгиланган вазифаларнинг рўёбга чиқиши бу каби ташаббусларга рағбат бағишлаб, ноширлик, китоб савдоси хизмати, уни тарқатиш, шунингдек, -китобхонликка доир тарғибот-ташвиқот ишларининг жадал суръат касб этишига замин яратади.
Мазкур жараёнда парламент вакиллари, хусусан, сенаторлар ҳам четда турмай, маънавий-маърифий соҳаларнинг қонуний механизмларини янада мустаҳкамлашга эътибор қаратиб, ушбу йўналишда парламент назоратини самарали олиб бориши, умуман, маънавий тарбия масаласида янада огоҳ ва ҳушёр бўлмоғи зарур. Зеро, бугунги глобаллашув замонида маънавиятга қаратилган таҳдидлар тобора кучайиб бораётгани сир эмас. Бу таҳдидлар мамлакат хавфсизлиги, миллий манфаатларимиз, навқирон авлод камолоти учун жиддий хатар бўлиб, унга қарши курашишда илму маърифат, маънавият ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Маънавий юксаклик жамиятнинг китобхонлик маданиятини акс эттирувчи ўзига хос кўзгудир.    
 
М. ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
 Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси аъзоси

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.