топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

ВИРТУАЛ «ҚАБУЛ – 2017» ёхуд олий ўқув юртларининг «жонсиз» сайтлари ҳақида

2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»
Жамият
Бугун кўплаб иқтидорли ўзбек ёшлари ватанимиздан туриб онлайн тарзда дунёнинг нуфузли университетларининг кириш имтиҳонларида хорижлик тенгдошлари билан басма-бас куч синашмоқда.
 
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида жорий йилда бўлиб ўтган кириш имтиҳонлари жараёнини ота-оналар унинг интернет сайти орқали бевосита онлайн видео режимида кузатиб боришди. Пойтахтимиздаги яна бир хорижий олийгоҳ — Сингапур менежментни ривожлантириш институти абитуриентлар билан индивидуал ишлашни йўлга қўйиб, ҳар бир номзоднинг қайси куни, қайси соатда, қайси йўналишда имтиҳон топширишигача бўлган маълумотлардан виртуал хабардор қилиб турди.
Ҳа, бугун — интернет асри, ахборот эраси. Айниқса, ёшлар барча ишда виртуал олам имкониятларидан фойдаланишга ҳаракат қилади ва бу жуда тўғри. Шу маънода, ҳозирги куннинг энг муҳим воқеликларидан бири — олий таълим муассасаларида бўлиб ўтган қабул жараёни ва кутилаётган давлат тест синовлари олдидан нафақат абитуриентлар, балки уларнинг ота-оналари ҳам бу борада «виртуал ёрдам» истайди: кимдир ҳужжатларини тўплаш ё топширишда ёки олийгоҳлардаги қабул жараёнига оид маълумотлар олишда бунга эҳтиёж сезади.
Хўш, бугун мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг веб-сайтлари замонавий мезонларга қай даражада мос? Улар ёшларимизнинг талаб-истакларига жавоб бера оладими? Бу веб-манзиллар қабул жараёни ва тест синовларига оид зарур ахборотлар, жумладан, таълим йўналишлари, қабул режаси, давлат гранти-ю тўлов-шартнома квоталари, кунлик қабул сони,  тест синовлари ўтказиладиган фанлар ва ҳоказолар билан етарлича тўлдириляптими?
Мазкур саволларга жавоб излаб, қабул жараёнида қатор олий таълим муассасаларининг сайтларини кўздан кечирдик.
Ўрганишни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети сайтидан бошладик. Университетнинг uzswlu.uz сайти бош саҳифасида қабул жараёни ёки ижодий имтиҳонлар билан боғлиқ борорта хабар ёки ­эълонга кўзимиз тушмади. Асосий менюнинг «Interaktiv xizmatlar» бўлимида  жойлашган «Qabul» ички менюсида аксарият сайтлардаги каби умумий маълумотлар жой олган. Ёшларни қизиқтирган қабул режасидан тортиб, кунлик қабул сонигача бўлган асосий маълумотларни топа олмадик.
Пастроқда олий таълим муассасаларига қабул қилишга доир ҳукумат қарорларига, lex.uz сайтига ҳаволалар берилган. Наҳотки, ҳукумат қарорларини абитуриентлар учун қулай ва тушунарли кўринишда ахборот тарзида беришнинг имкони бўлмаса?
Саволларга жавоб излаб, университетнинг сайтдаги ишонч телефони (231-21-07) ва умумий масалалар бўйича (230-58-98) телефон рақамига қўнғироқ қилар эканмиз, гўшакнинг нариги томонидан «Линия носозлиги учун абонент блокировка килинган», деган овоз сўнгги умидимизни ҳам пучга чиқарди (14,15,25 июль кунги  маълумот). Ниҳоят университет қабул комиссиясининг ОАВ билан ишлашга масъул ходими Гулмира ­Шукуровага ушбу саволлар билан мурожаат қилдик. У бугунги ёшларнинг кўпроқ ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини эътиборга олиб, қабул жараёни бўйича барча маълумотларни олийгоҳнинг Facebook ижтимоий тармоғида доимий жойлаштириб борилаётгани ҳамда Telegram канали имкониятларидан ҳам самарали фойдаланилаётганини айтди. Муассаса сайти бўйича масъул шахс эса хизмат сафаридалиги сабабли, сайт фаолиятига изоҳ беролмаслигини билдирди. Аммо университетнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳам абитуриентларни қизиқтирадиган саволларга жавоб топа олмадик.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети сайтига (uzmu.uz, ­nuu.uz) ўтамиз.  Бош саҳифанинг пастроғида «Qabul 2017» ёзувини кўриб хурсанд бўлдик. Тугмачани босамиз. Бўм-бўш ойнада «O‘zMUga qabul» «Просмотры: 18802», деган ёзув чиқди. Бу рақам аслида қабул жараёни бўйича ахборот қидириб, топа олмаган 18 минг 802 инсонни англатмайдими? «Qabul 2016» менюси эса умуман ишламаслиги янада ажабланарли.
Бош менюнинг ҳар бир бўлимига кириб чиқамиз. Ниҳоят, «Interaktiv xizmatlar» менюсининг «Vakant lavozimlar», «Dars jadvallari», «Ishchi o‘quv rejalar» каби 13 та ички менюлари орасида «камтарона» ва «писибгина» турган «O‘zMUga qabul» менюсини топишга муваффақ бўлдик. Шу ерда ўринли савол туғилади. Нафақат жамиятимиз, балки университет ҳаёти учун ҳам муҳим бўлган ижтимоий-сиёсий тадбирни наҳотки бош саҳифада йирик ҳарфлар билан бериб бўлмаса? Афсуски, «O‘zMUga qabul» бўлимида абитуриентларни қизиқтирган саволларнинг ҳаммасига ҳам жавоб йўқ. Таълим йўналиши бўйича тест синовлари ўтказиладиган фанлар рўйхати ҳам нима учундир киритилмаган.
«Qabul ko‘rsatkichlari» менюсида «2015-2016 ўқув йилида бакалаврлар тайёрлаш бўйича қабул кўрсаткичларининг таълим йўналишлари ва ўқиш тиллари бўйича тақсимланиши ва бир кунда тушган аризалар тўғрисида маълумотлар» жойлаштирилган. Ажабланарлиси, икки йиллик эски маълумот қабул жараёни тугагандан сўнг, яъни 15 июлдан кейин янгиланди.
Таълим йўналишлари бўйича ўтиш балларини билиш мақсадида «O‘tish ballari» менюсига кирдик. Афсус, меню ишламади. Худди шундай ҳолатни «Qabul yo‘nalishlari» менюсида ҳам кузатиш мумкин.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети (tdiu.uz) сайтида абитуриентлар учун зарур ахборотларни қидириш анча осон кечди. Сайтда маълумотлар ихчам кўринишда жойлаштирилган, ахборотни тез топиш имкони бор. Аммо «Me’yoriy hujjatlar» бўлимида олий таълим муассасаларига қабул тўғрисидаги норматив ҳужжатлар номи ва рақамлари чалкаштириб юборилган. Бакалавриатга абитуриентлардан тушган аризалар ҳақида маълумот-жадвал — университет бўйича тушган жами аризалар сонини қайд этиш билан чегараланган. Аниқ таълим йўналиши бўйича маълумотни излаган киши овора бўлиши аниқ.
Тошкент архитектура қурилиш институти (http://taqi.uz)­ сайтида 2017/2018 ўқув йилида институт бакалавриати бўйича абитуриентлардан тушган аризалар ҳақидаги жадвали (3-шакл) негадир бўм-бўш (7-15 июль ҳолати). Гўёки ҳеч ким ҳужжат топширмагандек (?). Аммо бошқа маълумотларнинг тўлиқлиги, абитуриентлар учун яратилган шароитлар бу техник камчиликни ёпиб кетади. Сайтда ҳатто, 1 август куни тест олинадиган бинолар сурати, уларнинг манзиллари, у ерга борувчи жамоат транспорти рақамларигача бўлган маълумотлар батафсил берилгани абитуриентларга қулайлик  яратиши аниқ.
Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти (qmii.uz) сайтида жорий йил учун «Қабул режаси ва ўтиш баллари» менюсини очсангиз, 2014/2015 йилги эски маълумотга кўзингиз тушади.
Қабул жараёнига жиддийроқ муносабатда бўлган Жиззах давлат педагогика институти  (Jspi.uz) сайти бош саҳифасида қабул жараёни катта диаграмма кўринишда берилган. Ҳатто, кунлик «сводка»дан абитуриентлар институт Telegram канали орқали ҳам кунлик хабардор бўлиб туриши мумкин. «Мана, бўлар экан-ку!» дедик беихтиёр.
Бу таҳлилни яна узоқ давом эттириш мумкин. Кўриб турганингиздек, аксарият маҳаллий олий ўқув юртларида бугун виртуал хизмат кўрсатиш талаб даражасида эмас. Янаям ушбу кузатувимиз биргина қабул жараёни янгиликларига доир  бўлди. Агар кенг миқёсда ўрганилса, ҳолат янада ачинарли бўлишини тушуниш қийин эмас.
Шу ўринда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети (Navoiy-uni.uz) сайти бош саҳифасида «Университет ўзбек тили ва адабиёти фанларига қизиқиши баланд, ижод сирларини ўрганишни, тилимиз, адабиётимиз намуналарини ­дунёга танитишни мақсад қилган ёшларни интизорлик билан кутиб турибди», деган шиорни ўқиган борки, олийгоҳ ва унинг жонкуярларига нисбатан кўнгилда алоҳида бир илиқлик пайдо бўлиши аниқ. Ҳа, аслида бугун олийгоҳларнинг ҳаммаси ҳам сайтидаги бош саҳифаси, зарур бўлса, университет дарвозасига мана шундай сўзларни йирик ҳарфлар билан ёзиб қўядиган пайт келди.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижнинг нуфузли университетлари сайтларида нафақат ахборот хизмати аъло даражада йўлга қўйилган, балки қабул жараёнидан тортиб, тест синовларигача тўлиқ автоматлаштирилиб, виртуал тизимга ўтилган. Бу имтиҳонларнинг адолатли ўтишини, шаффофлигини ҳам таъминлашга хизмат қилади.  
Хўш, нега мамлакатимиз олий таълим муассасалари бу борада оқсамоқда? Аслида биз санаб ўтган камчиликлар оддийгина эътиборсизлик оқибати эмасми? Шу аҳволда халқаро миқёсга чиқа оламизми? Ёки хорижлик ёшларни олийгоҳимизга жалб қила оламизми?
Ваҳоланки, 2017 — 2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, олий маълумотли кадрларимизнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш мақсадида бугун дунёнинг ривожланган давлатлари кадрларни танлашда таянаётган халқаро ҳужжат — Болонья декларациясига мамлакатимизнинг қўшилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Мана шундай катта мақсадлар фонида олий таълим муассасалари сайтларининг бундай ачинарли аҳволда эканини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди.
 
Бахтиёр ҲАМИДОВ,
«Оила даврасида» мухбири

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.