топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Уч йиллик муаммо ўн кунда ҳал бўлди

2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»
Жамият
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг Нукус шаҳар бўлими аралашуви билан уч йилдан буён ечилмай келаётган муаммо ўн кунда ҳал этилиб, фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган эгалик ҳуқуқлари тикланди. Бу уларнинг адолатга, давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади. 

Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг Нукус шаҳар бўлими томонидан жами 3,5 миллиард сўм қарздорликка эга бўлган “Нукус темир-бетон қурилиш” масъулияти чекланган жамиятининг кўчмас мулклари бўйича назорат-текширув ўтказилганда, шаҳарнинг Қорақалпоғистон кўчасида 40 хонадонга мўлжаллаб бунёд этилган 32-кўп қаватли турар-жой ҳамда унинг биринчи қаватида жойлашган 10 савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаcи хатловга олинди. 

Бундан норози бўлган хонадон ва дўконлар соҳиблари юқори ташкилотларга мурожаат қилишди. Аниқланишича, мазкур кўп қаватли турар-жойда яшовчи фуқаролар ва дўкон эгалари хонадон ва дўконларни қонуний равишда сотиб олган, аммо 2014 йилдан буён уларга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи олди-сотди шартномалари расмийлаштирилмаган. Кадастр ҳужжатлари ишланмаган, ҳатто қурилиш ишларини амалга оширган “Нукус темир-бетон қурилиш” масъулияти чекланган жамияти тасарруфига ҳам ўтказилмаган. Бу низоли муаммони ҳал этиш учун Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 228-моддасига (мол-мулкни бошқа шахснинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш) мувофиқ, турар-жой ва дўконлар “Нукус темир-бетон қурилиш” масъулияти чекланган жамияти балансига ўтказилиб, шу орқали кўчмас мулк эгаларига нотариал тартибда олди-сотди шартномаси расмийлаштирилди ва хатловдан чиқарилди. 

– 2014 йилда Миллий банк кредити ҳисобидан Қорақалпоғистон кўчаси 32-кўп қаватли турар жой биносининг биринчи қаватидан дўкон сотиб олган эдим, – дейди Олмагул Реймова. – Олган кредитимни тўлиқ қайтардим, аммо ҳозиргача унинг ҳужжатларини расмийлаштира олмай юрган эдим. 3 йилдан бери ҳал бўлмаётган муаммо Мажбурий ижро бюроси томонидан ўн кунда ўз ечимини топиб, мулк эгаларининг ҳуқуқий манфаатлари таъминланганидан ҳаммамиз хурсандмиз. 

Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими ходимлари барча мулк эгаларига кадастр ҳужжатларини топширди. 


Аминбой Ортиқбоев, ЎзА 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.