топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қайта ташкил этилади

2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»
Жамият
Шавкат Мирзиёев 21 апрелда имзоланган “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилади. 
Мазкур фармонни амалга оширилишидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида фаолият кўрсатаётган давлат назорати ва бошқаруви органларининг тизимли иш олиб бориш самарадорлигини ошириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлаш, атроф-муҳитнинг экологик ҳолати, экологик тизим, табиий комплекслар ва алоҳида объектларни қўриқлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган.
Давлат экология қўмитасига қуйидаги вазифалар юкланди:
экология, атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат бошқарувини амалга ошириш;
маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, қайта ишлаш, утилизация қилиш ва кўмиш ишларининг самарали тизимини ташкил этиш;
атроф-муҳитнинг экологик ҳолати мақбул тарзда сақланишини, экология тизимлари, табиий комплекслар ва алоҳида объектларни қўриқлашни, экологик вазият соғломлаштирилишини таъминлаш;
ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, қўриқланадиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликка риоя қилиш борасида давлат экологик назоратини амалга ошириш;
экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат кадастрини юритиш, шунингдек, ёввойи ҳайвонлар, ёввойи ўсимликлар кўпайтириладиган ва сақланадиган питомниклар, зоология ва ботаника коллекцияларининг давлат ҳисобини юритиш;
экологик тарбия, тарғибот ва маърифий ишларни, шунингдек, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.
Фармонга мувофиқ қуйидаги тузилмалар ташкил этилади:
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг марказий аппаратларида Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни тўплаш, сақлаш, ташиб кетиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш бўйича назорат инспекциялари;
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузурида «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналари ва мамлакатимиз шаҳарларида, шунингдек, туман ҳокимликлари ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаларининг чиқиндиларни олиб кетиш бўйича хизмат кўрсатадиган участкалари негизида уларнинг филиаллари;
табиатни муҳофаза қилиш республика ва маҳаллий жамғармалари негизида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича жамғарма ташкил этилади, жамғарма маблағлари биринчи навбатда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларига, жумладан, чиқиндилар билан боғлиқ ишларга ва биоресурсларни сақлаш ва қайта тиклашга, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза ва мониторинг қилиш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ўтказишга, тарғибот ва маърифий ишларни ташкил этишга, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашга йўналтирилади;
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш республика инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси этиб қайта тузилади ва унинг ҳудудий инспекциялари ташкил қилинади.
Хорижий мамлакатларнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини ташкил қилишга оид тажрибасидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиз қонунчилигига Давлат экология қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳисобот бериб бориши юзасидан ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига жисмоний ва юридик шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, бу борада чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима санкциялари миқдорини ошириш, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонунларига кўп жойда учрайдиган фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг белгиланган тартибини бузганлик учун жисмоний ва юридик шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш юзасидан ўзгартиш киритилади.
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.