топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Тўйдан кейинги “томоша”лар сабаби нимада?

2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»
Жамият
Орзуманд халқмиз. Тўй-томоша қилиш, эл-юртга ош бериб, кўпнинг дуосини олишни яхши кўрамиз. Бу ҳам юртимиздаги тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва ҳамжиҳатликнинг белгиси. 
Тўй икки ёшнинг эзгу ниятлар билан турмуш қуриши, бу ҳақда маҳалла-кўйга маълум қилиб, яхши кунни қариндош-уруғ, дўсту ёрлар билан баҳам кўришидир. Бироқ кейинги пайтларда бу гўзал расм-русумни ортиқча дабдабаю тантана билан ўтказиш, уни эл-юрт оғзига тушиш, шунинг ортидан гўё обрў топиш воситасига айлантиришга ружу қўяётгандекмиз. Мисқоллаб йиққанимизни бир кунлик ҳою-ҳавас деб ҳавога совуриб юбориш одат тусига кирмоқда. Қарз-ҳавола қилиб бўлса-да, ким ўзарга дастурхон тузатамиз, исрофгарчиликка йўл қўямиз. Миллий қадриятларимизда бу каби бемаъни расм-русумлар бўлмаса-да, сохта обрў-эътиборни билиб-билмай фарзандимиз бахтидан афзал биламиз. 

Термиз шаҳрида топиш-тутиши ўртача танишимиз ўғил уйлантирди. Тўй арафасида харажатлар кўпайиб кетаётганию, қариндошлари ёрдам бераётган бўлса-да, ками тўлмаётганидан нолиди, тижорат банкидан кредит олишга ҳужжат тайёрлаётганини айтди. 

– Тўй учун қарз кўтарманг. Қуда билан келишинг-да, ихчам, камхарж ўтказиш чорасини кўринг, – дедик. 

– Ота-боболаримиз удумини қилмасак, тўйдан кейин эл-юрт орасида қандай юрамиз, – чўрт кесди акахон. – Биз ҳам тўй қилиб маҳаллага, таниш-билишга ош беришни ният қилганмиз. Кечга ёшлар учун ресторанда базм уюштирмасак, уят бўлади. Ҳали ҳам ўғлимнинг ўртоқларига раҳмат. Келин-куёвнинг ЗАГСга бориши, сайр қилиши учун машиналар харажатини ўз зиммаларига олишибди. Тунов куни янгангиз билан шаҳар айланиб, “Турон” тўйхонасини танладик. Нархи бироз қиммат бўлса-да, кенг, меҳмонлар яйраб ўтиради. Ахир кечки базмга ҳам мингга яқин кишини таклиф этмоқчимиз. 

Унинг бир кунлик томоша учун банкдан қанча кредит олганини билмаймиз. Дарди ичида. Лекин тўйдан кейин тез-тез тоби қочадиган бўлиб қолди... 

– Оила – жамият таянчи, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сурхондарё вилояти кенгаши раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари О.Соатов. – Бир кунлик ҳашамат ёш оилага бахт келтирса, кошки. Тўйдан кейинги иқтисодий қийинчиликлар, қудалар ўртасидаги келишмовчиликлар сабабли ёш оилага дарз кетса-чи? Тўғри ресторанда тўй ўтказиш ҳам тўкинлик, маданият белгиси. Аммо тўй қилаяпман, деб топган-тутганини сарф қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш – бу миллийлигимизга ёт. Президентимиз тўй ва бошқа маросимларни ихчам, сариштали ўтказиш, унинг ўрнига ёш оилалар рўзғорига ярайдиган, келажагига хизмат қиладиган бирор нарса совға қилиш лозимлиги ҳақида жон куйдириб гапираётган бир пайтда, биз бу каби хунук ишлар қилиб ўтирсак, уят эмасми? Қани эди, тўй қилишга чоғланган бадавлат юртдошларимиз бир кунлик томошани ихчамроқ ўтказиб, тежалган пулни эҳтиёжманд оилалар ёки Меҳрибонлик, Мурувват уйларига сарфласа, йўл таъмири, таълим муассасаси ободлигига йўналтирса, нур устига нур бўлар эди. Ёши улуғ қарияларимизни масаланинг ана шу томонини аҳолига кенгроқ тушунтиришга жалб қилмоқдамиз. 

Дам олиш куни. Қўшнимнинг уйида унаштирув бўлаяпти. Тушдан кейин шундоқ йўл четида уч эркак ва бир аёл паст овозда нималарнидир жиддий муҳокама қилмоқда. Ранг-рўйидан меҳмонларга ўхшайди. “Қуда, булар кам, қўрадаги ўша қўйни ҳам олиб келасиз, яна пул ҳам берасиз, дейишганидан жаҳлим чиқди-да. Йиққан-терганимни бир ўғлим учун сарфласам, бошқа фарзандларимни қандай уйли-жойли қиламан”, деган аччиқ гаплари қулоғимга чалинди. Бояқиш аёлнинг норизо сўзларидан қудалар фарзандига бахт-саодат тилаб, бошини қовуштириш ўрнига янги оилани қурмай туриб бузишга чоғланмаяптимикан, деган ўй хаёлимдан ўтди. 

Ёши олтмишни қоралаб қолган бир танишимнинг ўғли уч-тўрт йил хорижда ишлаб қайтди. Ота ўғли топиб келган пулга ўзининг йиққанини ҳам қўшиб ҳаммасини бир кунлик тўйга сарфлаб юборди. Лекин кўп ўтмай «характеримиз тўғри келмади», деган баҳонада ёш оила ажралиб кетди... 

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Сурхондарё вилоятида 970 дан ортиқ оилавий ажралиш қайд этилган. Тўйдан кейин юз бераётган қўштирноқ ичидаги бундай томошаларга шуҳратпарастлигу ношукурчилигимиз сабаб бўлмаяптимикан? 

Вилоятда тўй-ҳашам ва бошқа маросимларни ихчам, камхарж ўтказиш бўйича янги тартиб ишлаб чиқишда жамиятимизда муаммога айланиб бораётган бу масалага эътибор қаратилмоқда. Чунончи, тўйхона, ресторан ва хонадонларда бундай тадбирларни ўтказиш вақти аниқ белгилаб қўйилган. Таклиф этиладиган меҳмонлар 200 кишигача, келин-куёвларга хизмат кўрсатадиган автомобиллар сони тўрттагача этиб белгиланган. Никоҳ тўйлари ўтказилаётган тўйхона, ресторан, кафелар мутасаддилари ҳамда никоҳланувчилар яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғини масъулларига тўйга буюртма қабул қилиш, уни миллий қадриятларимизга мос ихчам ўтказиш юзасидан тавсиялар берилган. 

– Президентимиз ташаббуси билан тўйлар тартибга олинаётгани айни кўнглимиздаги гап бўлди, – дейди филология фанлари номзоди Р.Мустафоқулов. – Айниқса, никоҳ тўйларида ўзимиз ўйлаб топган турли расм-русумлардан қўли калта юртдошларимиз оғринаётган эди. Давлатимиз раҳбарининг бу масалага эътиборидан кейин ҳозир тўй эгаси бўлмағур дабдаба деб топганини кўкка совурмаяпти, етмай қолди, деб қарз кўтармаяпти. Моддий имкониятига қараб меҳмон чақирмоқда. Энг муҳими, тўйлар ихчам, ортиқча исрофгарчиликсиз ўтмоқда. Барчамизни ана шундай файзли тўйу шодиёналарга етказсин! 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.