топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Муаммоларга аниқ ечим топилди

2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»
Жамият
Жорий йил 28-29 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев, ички ишлар вазири П.Бобожонов, Давлат божхона қўмитаси раиси М.Тоҳирий, Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев, адлия вазири ўринбосари А.Тошқулов ҳамда мазкур идоралар масъуллари, шунингдек, тижорат банклари раҳбарлари Самарқанд вилоятида сайёр қабуллар ўтказди. 

Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойил асосида мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг халқ билан мулоқот қилиши ва уларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг янги тизими жорий этилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари аҳолининг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва уларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топишда юксак самаралар бермоқда. 

Бугунги кунда давлат ҳокимияти органлари, Халқ қабулхоналари раҳбарларининг жойларда сайёр қабуллари ўтказилиб, халқ билан бевосита мулоқоти йўлга қўйилмоқда. Бунинг натижасида аксарият муаммолар жойида ҳал этилиб, одамларнинг адолатга, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланаётир. Раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг давлатимиз, халқимиз олдидаги масъулияти ошмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раиси К.Комиловнинг Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан келган фуқаролар иштирокида ўтказилган сайёр қабулларида уй-жой билан боғлиқ ва мулкий низолар, фирибгарлик, ер ажратишдаги қонунбузилиш ҳолатлари, оила-никоҳ масалалари юзасидан мурожаатлар кўриб чиқилди. Ҳар бир мурожаатга адолатли, қонуний ечим топиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди. 


Жумладан, Самарқанд туманидан Н.Маҳмудовнинг ер-мулк эгалиги, ургутлик Н.Ҳайдарованинг шахсий автомашинасига қўйилган таъқиқни олиб ташлаш бўйича мурожаатларига шу ернинг ўзида ечим топилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев томонидан ўтказилган сайёр қабулларда фуқаролар прокуратура соҳасига оид масалалар ва ҳуқуқ бузилишларига оид муаммолар юзасидан мурожаат қилди. 

– Турмуш ўртоғим билан ажрашганман, лекин болам учун 5 йилдан буён алимент пули ололмайман, – дейди Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчасида яшовчи М.Аҳмедова. – Ушбу масала бўйича бугун Бош прокурорга мурожаат қилган эдим, муаммо ижобий ҳал этилди. Алимент пулини ундириб бериш бўйича мутасаддиларга аниқ муддат белгиланди ва бу қатъий назоратга олингани маълум қилинди. 

– 2014 йилда Тошкент давлат юридик университетини тугатганман, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Д.Облоқулов. – Мутахассислигим юзасидан Ички ишлар академиясига ишга кириш истагимни билдирганимда, Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда эмаслигим учун ҳужжатларимни қабул қилишмаган. Мазкур масалада ички ишлар вазирига мурожаат қилдим. Менга тегишли тавсия ва тушунтиришлар берилиб, ишга кириш масаласини кўриб чиқиш масъул ходимларга топширилди. 

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси М.Тоҳирийнинг сайёр қабулларида тадбиркорлар, корхона ва ташкилотлар вакиллари ҳамда жисмоний шахслар соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди ва уларга фаолиятида юзага келган муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилди. 

Учрашувда тадбиркорлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида юртимизга олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуна ва жиҳозларга нисбатан божхона тўловларида имтиёзларни қўллаш тартиби, соҳада қабул қилинган сўнгги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти билан танишди.

– Фаолиятим давомида бошқа давлатлар божхона органлари билан тушунмовчилик ҳолатлари юз берган, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи тадбиркор К.Жўрамуродов. – Бундай вазият бошқа мамлакатда бўлгани учун кўп муаммоларга дуч келганмиз. Бугун божхона қўмитаси раисига бу ҳақда айтган эдим ана шундай ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига мурожаат қилишим мумкинлиги ва масала қисқа фурсатда ҳал этилиши тушунтирилди. 

Сайёр қабулларда тадбиркорлар учун солиқ соҳасидаги енгиллик ва имтиёзлар, тижорат банкларидан кредит ажратишдаги қулайликлар тушунтирилиб, бу борада юзага келаётган муаммолар ижобий ҳал этилди. Тадбиркорлар ўз фаолиятидан келиб чиқиб, айрим тартиб-қоидалар ва ҳужжатларни соддалаштириш юзасидан ўз таклифларини билдирди. 

Икки кунлик сайёр қабуллар юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларга ўз вақтида ечим топишда шу каби бевосита мулоқотлар муҳим аҳамият касб этишини кўрсатди. Эътиборлиси, бу тадбирларда аҳолининг фаоллиги ортиб, давлат органларига ишончи ошиб бормоқда.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.