топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Молиячи эксперт 50 минг сўмлик янги купюра муомалага киритилиши ҳақида: "Асосий вазифамиз – сўмга жамғариш функциясини қайтариш"

2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»
Жамият
Ўзбекистон Марказий банки 22 августдан бошлаб 50 минг сўмлик банкноталар муомалага киритилиши ҳақида маълум қилди. Uz24.uz нашри молияшунос Александр Давлетов билан бундай қарордан кўзланган мақсад ва у мамлакат иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатиши бўйича қисқа интервью ўтказди.
 
— Нега 20 минглик ёки 100 минглик эмас, айнан 50 минг сўмлик пул бирлиги чиқарилди?
 
— Аҳолининг ҳисоб-китобларини жадаллаштириш ва оптималлаштириш учун. 50 минг сўмлик купюра математик параметрга кўра 20 мингликдан нисбатан қулайдир. Бу ерда асосий вазифа шуки, сўмга жамғариш функциясини қайтаришдир. Яъни одамлар ниҳоят сўмда маблағ жамғаришлари мумкин.
 
— Янги купюрани жорий этишнинг қандай афзалликлари бор?
 
— Бевосита ҳеч қандай афзаллиги йўқ, фақат билвосита. Масалан, савдо субъектларининг транзакциявий  харажатлари, пуллик хизматлари ва банклар камаяди.
 
— Озиқ-овқат ва истеъмол бозори маҳсулотлари ҳамда хизматлар қимматлашиши мумкинми?
 
— Йўқ, қимматлашмайди. Янги йирик номиналдаги купюра пул эмиссиясини билдирмайди, 10 минг ва 5 минг сўмлик купюра ўрнини 50 минг сўмлик эгаллайди, холос. Пул миқдори ўзгармайди.
 
— Бу банкларда нақд пул муомаласига қандай таъсир ўтказади? Ойлик маошларнинг пластик картага ўтказилишида олинадиган фоизларни камайишига ёрдам берадими?
 
— Бевосита таъсир этмайди. Карточкага ўтказишдаги фоизлар босқичма-босқич ихтиёрий бўлади. 5 минглик ва 50 минглик купюра бу жараён учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.
 
— Янги купюра чиқиши “қора” бозордаги доллар курсига ҳам таъсир ўтказмайдими?
 
— Йўқ, таъсир ўтказмайди. Доллар курси “қора” бозорда купюра масштабини эмас, балки бутунлай бошқа факторларни аниқлайди.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.