топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Давлат идоралари халққа хизмат қилади

2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»
Жамият
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ғоя ҳаётда ўз ифодасини топаётгани халқ манфаатлари таъминланишига хизмат қилмоқда. Ана шу мақсад йўлида жамиятнинг барча соҳалари чуқур ислоҳ қилинаётир. 

Шу билан бирга, давлатимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш, умумжаҳон тенденцияларига жавоб берадиган давлат бошқаруви тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қўйилган мақсадларга эришиш давлат бошқарувининг янги, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратишни, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этишни тақозо этади. 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим қадам бўлди. 

Мазкур ҳужжат иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани модернизациялаш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини юксалтириш бўйича давлат сиёсатини муваффақиятли амалга оширишга тўсқинлик қилувчи муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган. Унда инновацион ривожланишнинг замонавий умумжаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича муҳим йўналишлар белгилаб берилди. 

Фармон билан Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. 

Давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича маъмурий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ва вазифалари доирасида ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилади. Бунда ижро этувчи ҳокимият органлари, жумладан, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ мезонлари ҳамда тартиб-таомиллари жорий қилинади. 

Ижро этувчи ҳокимият органлари, уларнинг тузилмалари ва бўлинмалари оптималлаштирилади. “Электрон ҳукумат” тизими янада кенг жорий этилади. Бу ахборот алмашиш ва давлат хизмат кўрсатиш тизимлари кенгайишига, аҳолига кенг қулайлик яратилишига замин яратади. 

Ижро этувчи ҳокимият органларининг вазифалари, уларни амалга ошириш механизмларини аниқлаштириб, мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик жараёнлари такомиллаштирилади. 

Иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатиш янада қисқартирилади ва бошқарувнинг бозор механизмлари кенгайтирилади. Вертикал бошқарув тизими ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигининг механизмлари такомиллаштирилади. Давлат бошқаруви тизимига стратегик режалаштиришнинг замонавий шакллари, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар жорий этилади. 

Профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантириш, ижро этувчи ҳокимият органлари тизимида коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш устувор вазифа сифатида белгилангани ана шу мақсадда амалга ошириб келинаётган ишларни янги босқичга кўтаради. Коррупцияга барҳам беришга қаратилган амалий механизм яратилиши барча соҳада ҳаққоний фаолиятга, яъни иш самарадорлиги ошишига шароит яратади. 

Давлат хизматлари кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиб, маъмурий адлия тизими ривожлантирилади. Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг самарали амалга оширилиши бўйича “Йўл харитаси”да алоҳида ўрин тутган бу йўналиш бўйича Адлия вазирлиги зарур чора-тадбирларни амалга оширишга киришди. Шу мақсадда 2018 йил 1 мартга қадар маъмурий адлия тизимини ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органларга шикоят қилиш тартибини такомиллаштириш ҳамда низони судгача ҳал қилиш усули сифатида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини коллегиал эшитиш механизмларини жорий этиш орқали ривожлантириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланади. 

Алоҳида қайд этиш керакки, маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш натижасида ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва самарали ҳал этишга қодир бўлган, инновацион ривожланишнинг умумжаҳон тенденцияларига жавоб берадиган давлат бошқаруви тизими яратилади. Шу жумладан, давлат бошқаруви тизими бюрократиядан холи бўлади ва унинг сарф-харажатларини пасайтириш, бошқарув қарорлари қабул қилиш тизими фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлиги таъминланади. Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашнинг таъсирчан механизмлари яратилади. Аҳоли ҳаёти фаровонлашади ва уларнинг ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидан қаноатланиш даражаси ошади. 


Шерзод Рабиев,
 
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.