топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Устоз ва мураббийларга эҳтиром!

Urganch davlat universiteti
Илм-фан
Ш.Нуруллаева, УрДУ Хотин-қизлар қўмитаси раиси
 
Барча соҳаларнинг усталари, мутахассислари бир касб эгалари меҳнати билан шаклланади. Ҳар биримизга кимдир ҳарф ўргатиб, саводимизни чиқарган. Бугун ким, қаерда, қандай вазифада ишламасин, қачондир мактабда ўқиган, устозлар тарбиясини олган. Илк бор мактабга борган кунни, қўлига қалам бериб, ёзишни, ўқишни ўргатган ўқитувчисини эсламайдиган одам топилмаса керак.
Бир синфда йигирма ё ўттиз нафар ўқувчи бўлса, ҳар бирининг табиати ҳар хил. Устоз уларнинг қалбига йўл топади, фарзандидек юрагига яқин олади. Устоз ўз касбига қалб қўри билан киришмаса, мураббийлик йўлида ҳеч қандай  ютуқларга эриша олмайди. Ахир  ўқишни, ёзишни билмайдиган мурғаккина болага бир ҳарфни ўргатиш осон бўлмаса керак. Умрини шу соҳага бағишлаган ўқитувчилар ҳамма жойда бир хил — оддий ва камтар.
Tўғри, ўқувчилик йиллари сен учун жон куйдирган, ўқиб олим, яхши одам бўлсин дегувчи устозларининг қадрига етмаймиз. Аммо ҳаётнинг катта йўлида уларни кўпроқ соғинади киши. 
Мактабга йўқлаб борсангиз, устоз яна кўзлари жавдираб турган, эндигина мактабга қадам қўйган болакайлар билан машғул эканини кўрасиз. У касбидан зерикмайди. Аксинча, йиллар ўтгани сайин кўнгли ҳам боладек 6eғyбор бўлиб бораверади.
Бугунги кунда ёш авлодни эски замоннинг ақида ва қолипларидан озод, ҳозирги ўзгарувчан замон билан бирга қадам ташлай оладиган, мустақил фикр юритадиган, ривожланган давлатлардаги  ҳамёшлари билан баробар беллаша оладиган, доимий изланишда бўлган, ўз юрти ва ўз халқи билан мағрурланиб яшайдиган қилиб тарбиялаш устозлар зиммасига масъулият юклайди.
Ушбу масъулиятли касб 1997 йилдан буён мамлакатимизда ҳар йили 1 октябрь – ана шундай мўътабар касб эгалари бўлган Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Бундай юксак эътибор замирида ўқитувчиларнинг шарафли ва масъулиятли меҳнатини эъзозлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий рағбатлантиришдек эзгу мақсад мужассам.
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида ўқитувчи ва мураббийлик касби том маънода қадр ва эъзоз топди. Бу ҳақда гап борар экан, ўтган йиллар давомида шаҳар ва қишлоқларимизда замонавий талаблар асосида бунёд этилган мактаб, лицей ва касб-ҳунар коллежларини, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, илғор педагогик ва ахборот технологиялари, ўқув-машғулот ва лаборатория хоналарини ташкил этиш, дарслик ва қўлланмаларнинг янги авлодини яратиш, малакали кадрларни тайёрлаш йўлида амалга оширилган кенг кўламли ишларбарчамизга маълумдир.
Энг муҳими бундай замонавий билим масканларида жонкуярлик ва фидойилик кўрсатаётган ўқитувчи ва мураббийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Шунингдек, ёшларимизни ўқиб, ўрганиши, таълим олишлари учун ҳамда ўқитувчи ва мураббийларимизга қилинаётган барча шарт-шароитлар яратилганлиги,  бунинг баробарида ўқитувчи кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, меҳнатларини эъзозлаб, қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган қарор ва фармойишларда ўз аксини топган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 25 ноябрдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва уни моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган энг илғор ва фаол педагоглар ойлик маошининг 40 фоизигача устама ҳақ олмоқда. Сўнгги 12 йил мобайнида ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи миқдори 17 бараварга ошгани моддий фаровонлиги юксалишида муҳим аҳамият касб этди. 
Айни пайтда Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 13 августдаги қарорига кўра ўқитувчи ва мураббийларнинг иш ҳақи оширилиши тўғрисидаги қарорига кўра, умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараварга, юқори синф ўқувчиларига учун ўртача 1,24 бараваргача, директор, унинг ўринбосарлари ва кутубхона мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди. 2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, кутубхона мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.
Давлатимиз томонидан ўқитувчи ва мураббийларимизга қилинаётган доимий ғамхўрлик, улкан рағбат, чексиз меҳр ва эътибор ўқитувчиларни ўз устида ишлаши ва изланишида, таълим жараёнига илғор педагогик ва инновацион технологияларни жорий этишида муҳим омил бўлмоқда. Ёшларга пухта билим бериш, уларни миллий анъана ва қадриятларимизга содиқлик руҳида камолга етказиш, қизиқиши ва лаёқати бўйича касб-ҳунарга йўналтиришга оид эзгу саъй-ҳаракатлари хорижий мамлакатларда ҳам ибрат олишга арзигулик даражада юксак баҳоланмоқда.
Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам сизларнинг олижаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди. 
Халқимиз зиёлиларининг илғор вакиллари бўлган сиз, ҳурматли устоз ва мураббийлар мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жамиятимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича олиб бораётган ишларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ҳаётда ўзини оқлаган мактаб, оила ва маҳалла ҳамкорлигига асосланган ижтимоий тизим самарасини оширишда фаол иштирок этиб, барчага ўрнак ва намуна бўлишга арзийсизлар.
Сиз, азизларнинг ана шу эзгу мақсадларга эришиш, инсон ҳар томонлама эркин ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон давлатини барпо этиш, жонажон Ватанимизни янада тараққий эттиришга қаратилган оғир ва машаққатли, шу билан бирга, ғоят шарафли меҳнатингизни муносиб қадрлаш давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятлари сиз учун аталган. 
         Сизларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилаймиз. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар! 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.