топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Урганч Давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Urganch davlat universiteti
Илм-фан

Бу йил Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигига 27 йил тўлди. Мустақиллик юртимизга, халқимизга, ҳар биримизга ўзлигимизни англаш имкониятини, иймон ва эътиқодимизни қайтариб берди. Буюк тарихимизни холисона, янгидан ўрганиб, келгуси авлодларга бой маданий меросимизни етказиб бериш имкони туғилди. Шу жумладан, истиқлол ва тараққиёт йўлида ўз ҳаётини аямаган улуғ сиймоларнинг номларини тиклаш ва абадийлаштириш масаласи кун тартибига қўйилди.
Ўзбекистон мустақиллигининг қўлга киритилиши билан тариxий адолатни тиклаш, шу жумладан, Ватан озодлиги ва xалқ баxт-саодати йўлида шаҳид кетган аждодлар xотирасини ёд этиш ишига катта эътибор берилди. Республикада Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Файзулла Xўжаев сингари давлат ва маданият арбобларининг юбилейлари ўтказилиб, олий ўқув юрти, мактаб ва кўчаларга уларнинг номлари берилди. Ўзбекистоннинг мустақил бўлишини орзу қилган Абдулла Қодирий ва Чўлпонлар вафотларидан кейин “Мустақиллик” ордени билан тақдирландилар. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 12 майдаги фармойиши асосида Мустамлакачилик даври қурбонлари xотирасини абадийлаштириш комиссияси ва “Шаҳидлар xотираси” хайрия жамғармаси тузилди. 2000 йил 12 майда ўтган асрнинг 20-йилларидан бошлаб эрксевар аждодларимиз қатл қилинган Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Бўзсув бўйларида “Шаҳидлар xотираси” ёдгорлик мажмуаси қад кўтарди. 2002 йилдан буён xалқимиз Мустақиллик байрами арафасида аждодларимиз xотирасига ўз ҳурматини изҳор этиб, мустабид тузум қурбони бўлган шонли фарзандлари xотирасини муносиб равишда ёд этмоқда. 
Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 ноябрдаги 936-сонли қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар Олий таълим муассасаларида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейлари ташкил этилди. Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ташкил қилинган Урганч Давлат университети тузилмасидаги хотира музейи ҳам вилоятимиз аҳли, хорижий ва мамлакатимиз сайёҳлари учун  “муқаддас зиёратгоҳ, маънавият ва маърифат ўчоғи” бўлиб хизмат қилади. 
2018 йил 31 август куни Урганч Давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Хоразм вилояти ҳокими в.б. Ф.Эрманов, вилоят ҳокими ўринбосарлари, ташкилот раҳбарлари, меҳнат фахрийлари ва ёшлар иштирок этишди.
Университетнинг етук мутахассислари, ёш олим ва иқтидорли талаба ёшлари, кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки ёрдамида архив ҳужжатлари йиғилди, Ўзбекистон Марказий Давлат архиви, Ичан-Қалъа музей фондидан материаллар олинди.  Қатағон қурбонлари хусусида ёзилган асарлар, буюмлар, тарихий ашёлар келтирилди, замонавий ва техник воситалар билан жиҳозланди. Қатағон қилинган шахслар отилган қатлгоҳлар жойларга бориб ўрганилди, суратларга туширилди, хотиралар йиғилди. 1937 йилги депортацияда Хоразм вилоятига кўчириб келтирилган корейс диаспораси вакиллари, корейс миллий маданий маркази билан ҳам ҳамкорликда материаллар йиғилди. 
Музейда илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш йўлга қўйилди, қатағон қилинган юртдошларимизнинг ҳаёти, тарихини тадқиқ қилиш мақсадида талабалар битирув малакавий ишлари, магистрлик диссертациялари мунтазам бажарилиши режалаштирилди.












 
 
 
 
 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.